Андрей Фёдоров: Янги мавсумда янада кучли “Нефтчи”ни кўрамиз
Олий лиганинг барча клублари қатори “Нефтчи” футбол жамоаси ҳам қизғин тарзда янги мавсумга тайёрланмоқда. Табиийки, ўтган йилги натижалар клуб раҳбарияти ва жамоа мухлисларини қониқтирмади. Шу мақсадда мураббийлар штаби янги мавсум бўйича бир қатор истиқболли режалар тузиб чиқишмоқда. Мақсад яқинлашиб келаётган мавсумда яхши натижалар қайд этиш ҳамда ўтган йилги ҳолатдан тўғри хулоса чиқарган холда янги мавсумга хозирланишдир. Айни пайтда “Нефтчи” футболчилари Қиргулидаги қароргоҳда машғулотларда иштирок этишмоқда. Таркибда жамоа билан хайрлашганлар ва “Нефтчи” сафига келиб қўшилган янги номлар ҳам бор. Албатта жамоадаги ўзгаришлар, сўнгги янгиликлар жараёни клубнинг содиқ мухлисларини бефарқ қолдирмайди. Шу мақсадда куни кеча жамоа бош мураббий Андрей Фёдоров “Нефтчи” матбуот хизматига махсус интервью бериб ўтди. Клуб расмий сайти учун уюштирилган суҳбатда мураббий кенг жамоатчиликни қизиқтираётган бир қатор масалаларга тўхталди.
– Андрей Витальевич, мана секин аста янги мавсум ҳам яқинлашиб келмоқда. Дастлаб, ортда қолган Олий лига-2016даги умумий таассуротларнигиз билан ўртоқлашсангиз ?
– Ниҳояланган мавсумда жамоамизда бир қатор камчиликлар юзага келди. Мавсум тугаганидан сўнг клуб раҳбарияти билан 2016-йилги чемпионатни муҳокама қилдик. Нега бундан натижа қайд этилди? Қайерда, қандай камчиликлар бўлди ? Қандай ҳолатларга эътибор керагидан паст даражада кузатилди ва бундан кейин ишни қай йўсинда давом эттириш лозим замиридаги саволларни ўртага ташладик. Айтиш керакки, Олий лига-2016га тайёргарлик жараёнида биз мураббийлар штаби футболчиларга ўз фалсафа ва тактикаларимизни сингдиришга уриндик. Бироқ бу жараён биз кутгандек самара бермади. Йигитларга 2015-йилдаги кучли бешликка киришимиз уларни ҳаволантириб юбормаслигини тушунтирдик ва бошланаётган мавсум оғир ўтиши борасида суҳбатлашдик. Бироқ биринчи турда “Бунёдкор” билан ўйиндаги илк мағлубият хавотирларимиз ўринли эканлигини исботлаб берди. Очиғини айтаман, тактик ва жисмоний тайёргарлик борасида жиддий камчиликларга дуч келмадик ҳамда бу жиҳатдан бирон клубдан кам жойимизни кўрмадим. Фақат футболчилардаги рақибнинг кучига тўғри баҳо бермаслик ва суст руҳий тайёргарлик мавсум давомида бизга кўп панд берди. Олий лига-2015 стартини кетма-кет дуранг билан бошлагандик бироқ кейинчалик ғалабали серия билан мавсумни давом эттирдик. Лекин жорий мавсумда бундай ҳолат кузатилмади. Тўғри Олий лига гранд клубларига қарши яхши ўйин намойиш этдик ва шунга монанд натижа қайд этилди. Бироқ бундай ўйинни хар бир баҳс, хар бир рақибга қарши намойиш этилиши керак ва шарт эди.
– Барча клублар қишки йиғин чоғида ўз таркибини кучайтиришга эътибор қаратади. Айни пайтда мухлисларни жамоадан кетганлар ва таркибга янги келиб қўшилган футболчиларнинг номи қизиқтирмоқда. Табиийки, Мансур Саидов ва Шукурали Пўлатов сингари етакчи футболчиларни кетиши ишқибозларни бироз хавотирга солган. Мазкур вазият борасида изоҳ берсангиз ?
– Мавсум якунланганидан сўнг жамоамиздаги футболчилар билан музокаралар олиб борилди ва бу ҳолат ҳали ҳамон давом этяпти. Келаси мавсум ҳам сафимизда қолишни истаган футболчиларнинг олдига ўз талабларимизни қўйдик. Биз футболчидан фақат бир нарсани талаб қиламиз: Бу сифатли футбол! Майдонда жамоа учун борини бериб ўйнаши керак. Янги таклиф қилинадиган ўйинчиларимиз амалдаги таркиб ижрочиларидан бир бош устун бўлиши шарт. Бизга бир хил савиядаги ўйинчилар керак эмас. Чунки рақобат бор жойда ўсиш кузатилади. Жамоамизда ёш, шу билан бирга катта футболда тажриба йиғаётган йигитлар кўплаб топилади. Янги келаётганлар амалдаги таркиб футболчиларга хар тарафлама ўрнак бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ха, сафимизга аллақачон янги номлар қўшилишга улгурган. Бироқ улар ҳақида хозирча гапира олмайман. Чунки янгилар жамоа кўригида бўлиб туришибди. Агар ушбу ўйинчилар билан шартнома қилсак, уларни матбуотда расман эълон қиламиз. Жамоамиз билан хайрлашганларни эса маълум қилсам бўлади. Шукур Пўлатов, Алишер Саматов, Мансур Саидов ҳамда Акмал Холматовлар ўз фаолиятларини бошқа жамоада давом эттиришга қарор қилишди. Бу дегани улар абадий “Нефтчи”ни тарк этди дегани эмас. Кейинчалик балки бир-икки мавсум ўтиб яна жамоамиз сафига қайтишлари ҳам мумкин. Бу хаёт, бу футбол. Унда хар доим ўзгаришлар бўлади. Бу реал ҳолат. Ҳақиқатдан ҳам Мансур ва Шукурали жорий мавсумда ишончимизни оқлаб яхши ўйин намойиш этишди. Бироқ кимлар биландир ўзаро келишган ҳолда хайрлашдик бошқаларига эса ҳам молиявий хам кўплаб жиҳатлардан қулайроқ таклифлар бўлгани сабабли ўз жамоаларини ўзгартишди. Биз “Нефтчи”ни тарк этганлар билан ҳали ҳам дўстона муносабатамиз. Улар профессионал футболчилар ва вазиятга ҳам шу йўсинда қарашди. Ушбу вазиятда хеч ким бир-биридан ҳафа бўлгани йўқ. Шукур Пўлатов ва Мансур Саидов савиясидаги футболчиларга Олий лига клублари ичида талаб катта ҳисобланади. Айтиш керакки, бизни тарк этган собиқ футболчиларимиз бошқа жамоа сафида ўзларини синаб кўришни исташди. Мен эса уларга омад тилаб қоламан. Барчаси менинг қўлимда бўлганида албатта уларни жамоада олиб қолган бўлардим. Энди бор эътиборни янги мавсумга қаратишимиз керак.
Режа ва мақсадларим кўп. Биринчи галда жамоанинг ўйин услубига янги ўзгартиришлар киритмоқмиз. Чунки ўтган йилги ўйин фалсафалар билан қолсак, бир жойда қотиб қоламиз. Футболга янгиликлар керак. “Нефтчи” янги мавсумда янада сифатли, кучли, чиройли ва самарали футбол намойиш этади. Бу бизнинг асосий ва устувор мақсадимиз ҳисобланади. Албатта таркибга янги келиб қўшилган футболчиларга ҳам кўп нарса боғлиқдир. Ҳозирча Қиргулида енгил машғулотлар билан чекланиб турибмиз. Асосий тайёргарлик босқичига Тошкент йиғинидан бошлаб киришамиз. Тезроқ селекция жараёнини якунлаб оптимал таркибни шакллатириб олишимиз зарур. Чунки келди-кетдилар якунланмай туриб жамоа ўйини устида ишлаш самара бермайди.
– Демак бу йил ҳам жамоа ўзагини сақлаб қолишга асосий эътиборни қаратасиз. Шундайми ?
– Албатта! Бир қатор чизиқларда ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Лекин жамоа ўзаги сақлаб қолинади. Мени бир ҳолат қувонтиради. Яъни “Нефтчи” жамоаси 2015-йилги таркибини бугунга қадар сақлаб қолмоқда. Бу эса яхши ҳолатдир. Хар мавсум янгидан жамоа тузиб ундан натижа кутиш яхшими ёки мавсумлар оралиғида бир қатор чизиқларни кучайтириб, асосан жамоа ўйини устида ишлаш маъқулми ? Хар йили 9-10 нафар футболчи билан хайрлашиб яна ўрнига кўплаб ижрочиларни олиб келинаверса натижа бўлмайди. Жамоа сифатида ривожланиш учун вақт керак. Мен шундай фикрдаман.
– Жорий мавсумнинг сўнггида клуб раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув натижасидан келиб чиқиб айта оласизми, “Нефтчи” футбол клуби янги мавсумда ўз олдига қандай мақсад ва вазифалар қўядиган бўлди?
– Ха, ҳақиқат ҳам клуб раҳбарлари билан учрашдик. Бироқ жамоа олдига қўйиладиган вазифа ҳақида хозир сўз оча олмайман. Бу масала очиқ турибди. Жамоа раҳбарлари “Нефтчи”ни турнир жадвалининг юқори ўринларида бўлишини исташяпти. Очиғини айтаман, жамоа олдига қўйиладиган аниқ вазифа март ойида старт оладиган чемпионат арафасида аниқ бўлади. Чунки янги мавсум учун оптимал таркибимиз қандай кўринишда бўлиши ҳозирча маълум эмас. Бу жараён ортда қолганидан сўнг жамоа имкониятларга қараб, мавсумий вазифа борасида якуний қарорга келинади.
– Селекция жараёни қизғин. Айтингчи, янги мавсум учун легионер футболчилар ҳам таклиф этиладими?
– Ўзим Россия футболида селекционер мураббий бўлиб ишлаганим учун бу масалада жуда талабчанман. Ха, ҳақиқатдан ҳам “Нефтчи” клуби хорижлик бир қатор футболчилар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу масала тез орада ҳал бўлиши керак. Шахсан мен жамоамиз сафида хорижлик кучли ижрочилар бўлиш тарафдориман. Лекин бу жуда нозик масала. Россияда ишлаб юрган кезларим спорт агентлари менга қўнғироқ қилиб кўплаб ўйинчиларни тавсия қилишарди. Лекин мен ушбу ўйинчиларни бош мураббийга маълум қилишга шошилмасдим. Аввал уни профессионал маҳоратини кейин оддий инсон сифатида қандай эканлигини ўрганардим. Бу жараёнда шошмаслик керак. Фарғонага келадиган легионер футболчиларга аввал бу ердаги муҳим, шарт-шароитлар ҳақида тушунча бериш керак. Чунки узоқ юртдан бу ерга келганидан сўнг биздаги шароитлар унга манзур бўлмаса бу унга руҳий тарафдан таъсир ўтказиши мумкин. Оқибатда футболчи машғулотларда ва расмий ўйинларда ўз имкониятини тўлиқ намойиш эта олмайди. Биласизми, мен қандай легионер ўйинчи истардим? Хорижлик футболчи бу ерга фақат шартномасини ўташи, ойлик маошини олиб яна юртига қайтиб кетиши учун эмас балки Фарғонадаги махаллий ёшларга кўп тарафлама сабоқ бўлиши керак. Бизда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Фақат уларга тўғри йўналиш ва сабоқ бериш лозим. Айниқса мана шундай легионер футболчилардан кўп нарсалар ўрганишса бўлади. Мураббий сабоқ бергани бошқа яшил майдонда елкама-елка туриб тўп суриш орқали ўргангани бошқа бўлади.
– “Нефтчи”да 3 та ҳужумчи бор. Шерзод Ҳакимов, Отабек Исроилов ҳамда Мурод Бобожоновлар бир-неча мавсумдан бери жамоа шарафини ҳимоя қилиб келишмоқда. Айтингчи, ҳужумдаги рақобатни янада ошириш мақсадида янги ҳужумчи номларни кўришимиз мумкинми?
– Бу йил Шерзод Ҳакимов ўз ўйинларини орқали алоҳида кўзга ташланганини айтиб ўтиш мумкиндир. Умид қиламанки, Шерзод бу йил ҳам биз билан бирга қолади ва жамоа шарафини ҳимоя қилишда давом этади. Мурод Бобожоновни жароҳат кўп безовта қилди. Шунинг учун у ўз имкониятларини тўлиқ очиб бера олмади. Лекин мен Муроднинг иқтидорига шубҳа қилмайман. Ҳали у ўзини кўрсатади. Отабек эса гарчи самарали мавсум ўтказмаган бўлсада ўзи майдонга тушган баҳсларда ишига сидқидилдан ёндошди, жамоа учун борини бериб ўйнади. Қўл остимдаги хар бир ҳужумчини устун тарафлари бор. Қайтараман, мен уларга ишонаман ва янги мавсумда ҳам бирга ишлаймиз деган ниятим бор. Шунингдек, ўтган мавсум иккинчи даврада сафимизга келган Никита Павленкода ҳам ҳужумда ўйнаш учун яхшигина маҳорати мавжуддир. Ҳужумчилар борасида гапирадиган бўлсам, юртимизда юқори савияли ҳужумчилар саноқли ҳисобланади. Уларнинг аксарияти пойтахт клублари ёки гранд жамоалар сафида ўйнашади. Ҳужумчи борасида бизнинг режалар кўпроқ ёшлар сиёсатига бориб тақалади. Юқорида айтиб ўтганимдек, Фарғонада иқтидорли ёшлар кўп. Жамоамиз учун маҳоратли ҳужумчиларни ўзимизда етиштириб чиқармоқчимиз. Қувонарли томони, ўтган йилги мавсум давомида бир қатор “Нефтчи” ёшлар жамоаси аъзоларини Олий лигада майдонга туширдик, имконият бердик. Нафақат ҳужум чизиғида балки барча чизиқларга ёшлар жамоамиздан иқтидорли ўйинчиларни тайёрлаб боряпмиз. Янги мавсумда ёш тарбияланувчиларимизни порлаб чиқиши кутилмоқда.
– Сизга сўнгги савол билан мурожаат қилмоқчиман. Матбуотда “Нефтчи” футболчиларига бошқа клублардан бўлаётган қизиқишлар ҳақида хабарингиз борми? Масалан дарвозабон Ўткир Юсуповга бир қатор клублар таклиф билан чиққани матбуот саҳифаларида кенг ёритилмоқда. Шунингдек, Шерзод Ҳакимовга ҳам “Бухоро” клубини чорлови борасида фикрларингиз ?
– Ха албатта бош мураббий сифатида бу таклифлардан хабарим бор. Бироқ бу футболчиларни клубимиз билан шартномаси мавжуд. Ҳакимов ва Юсуповдек юқори савияли футболчиларга қизиқиш ва таклифлар бўлиши аниқ. Бизнинг вазифамиз эса ўйинчиларни жамоада сақлаб қолишдир. Айтиш керакки, мени футболимиздаги бир ҳолат кўп ташвишга солади. Кўплаб футболчилар клублар билан бир йиллик шартнома имзолашади ва мавсум тугаганидан сўнг яна жамоани алмаштиришади. Хар йили у жамоадан бу жамоага кўчиб юриш одатий ҳолга айланган. Бунда эса ўсиш бўлмайди. Мазкур вазиятда эса фақат футболимиз ютқазади. 2015-йили 5-ўринни қайд этганимиздан сўнг бизнинг кўплаб футболчиларимизга таклифлар пайдо бўла бошлади. Бироқ жамоа ўзагини сақлаб қолиш учун амалдаги таркибдаги йигитлар билан камида 2 йиллик шартномаларни амалга оширдик. Шу йўсинда асосий таркибни сақлаб қолишга муваффақ бўляпмиз.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Ўйлаймизки, мазкур интервью орқали мухлислар кўплаб саволларига жавоб олишди. Янги бошланаётган мавсумда Сиз ва “Нефтчи” жамоасига омад тилаб қоламиз!
– Раҳмат!
Фикрлар