Андрей Канчельскис билан мавсум якунларига бағишланган матбуот анжумани

2 декабрь куни Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳнинг анжуманлар залида “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Андрей Канчельскис ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани уюштирди. Унда “лочинлар” устози жамоанинг бу йилги иштироки, келаси мавсумдаги режалари, таркибдаги ўзгаришлар борасида тўхталиб ўтди. Қуйида Андрей Канчельскиснинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Жамоа муваффақияти, интизом, таркибдаги ўзгаришлар

Аввало табрик учун барчангизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. “Навбаҳор”нинг 3-ўринни қўлга киритишида жамоамизга яхши шароитларни яратиб берган Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбаевич Бозаров, клуб раҳбарияти, мендан олдин фаолият юритган ва ҳозирги мураббийлар штаби вакиллари ҳамда бу йил “Навбаҳор”да тўп сурган барча футболчилар ва клуб ишчи-ходимлари, шунингдек, “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларнинг муносиб ҳиссалари бор. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам жамоамизнинг ғалабаларида муҳим омил бўлди.

Энди янги мавсумда олдимизга янада жиддий вазифа қўйилади. Аммо нафақат Ўзбекистон,  балки, Россияда ҳам олдин дуч келинганидек, стадион инфратузилмаси, ишга бўлган муносабат, аэропорт ва меҳмонхоналар хизматлари янада ривожланишини хоҳлардим. Шунингдек, майдонлар ҳам сифатли бўлса, анча яхши бўларди.

Бундан ташқари, футболда интизом юқори ўринда туради ва ҳамма унга риоя этиши лозим.

Умуман олганда, барча Европа мамлакатларида интизомга қатъий тарзда риоя этишади ҳамда шунинг учун ҳам “кўҳна қитъа” клублари ва терма жамоалари кўпроқ муваффақиятга эришади. Бунга мисол тариқасида немислар ва итальянларни келтириш мумкин. Германия ҳамда Италия терма жамоалари бежизга жаҳон ва Европа чемпионатларида муносиб иштирок этишмаган. 

Клубда барча – раҳбариятдан тортиб, фаррошгача барча интизомга рияо қилса, ҳаммаси ижобий бўлади.

“Навбаҳор”ни нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда билишлари учун ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилиши лозим. Бунинг учун эса жамоа чемпионлик унвонини қўлга киритиши, Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасида ўйнаши лозим. Нима учун “Реал” Европа Чемпионлар Лигасида кўп маротаба ғалаба қозонган? Чунки мазкур клубда ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган.

Таркибни шакллантиришни кечадан, яъни бу йилги мавсум ўз якунига етиши билан бошлаб юбордик. Биз бу борада пухта ўйлаган ҳолда, юракдан иш олиб боряпмиз.

Учинчи ўрин ҳам ёмон натижа эмас. Лекин ўйин сифати борасида муаммо бор. Масалан, шогирдларим кам гол уришди. Бунга эса кўплаб омиллар сабаб бўлди.

Сафимиздаги 12 нафар футболчи билан мавсумнинг сўнгги қисмини якунлаб олдик. Шундай бўлса-да, сафардаги баҳсларда “Локомотив” ва “Пахтакор” клубларига муносиб қаршилик кўрсата олдик. “Шерлар”дан очко олишга муваффақ бўлдик. Бунинг учун йигитларга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва Худога шукр қиламан.

Аммо айрим шогирдларим майдонга иштиёқсиз равишда тушишди ва улар футбол ўйнашмади. Бунга бу йил гувоҳ бўлганлигимиз ҳам яхши бўлди ҳамда ўша ўйинчилар билан шартномани якунладик. Футболга муносабат ва ўйин сифатида ҳам ўзгариш бўлишини истайман.

Футбол мухлислар учун ўйналади. Масалан, кеча Россия Премьер-лигаси доирасида “Енисей” – “Ахмат” билан ўйнади. Мазкур ўйинда стадион деярли бўм-бўш эди.  Бундай шароитда футбол ўйнашнинг унчалик ҳам қизиғи қолмайди.  

Бизга иштиёқ билан ўйнайдиган футболчилар керак. Бу йилги жамоадан таркибда кимлар қолиши борасидаги масалани ҳал этдик.

Албатта, биз жамоанинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишни истаган маҳоратли легионерларни таркибга жалб этамиз. Бу борада музокаралар олиб бориляпти. Россиядан ҳам футболчи олиб келиш осон эмас. Бу ернинг менталитети бошқача.

Бу йил жамоада Сербия ва черногориялик футболчилар тўп суришди. Мазкур ўйинчилар 27 ноябрь куни ўз буюмларини йиғиштириб, жамоани тарк этишди. Таркибда кам ўйинчиси бўлган клуб сафини 2-3 нафар ўйинчи тарк этса, бу жуда билинади. Бунга сўнгги турдаги “Локомотив”га қарши кечган баҳсда ўзинглар ҳам гувоҳ бўлдинглар. “Пахтакор” ва “Локомотив” клублари аъзолари билан бизнинг айрим футболчиларнинг савияси қандайлигини ўзинглар кўрдинглар.

Жамоага фақат пул учун келадиган хорижликлар бизга керак эмас.

Барчамиз ҳам пул топишни истаймиз. Лекин бунинг учун шунга яраша меҳнат қилиш лозим.

Айрим футболчилар кичик жароҳат билан ҳам майдонга тушиб, клуб шаъни учун тўп суришди. Дарко Станоевич эса жароҳатим бор, дея кўплаб ўйинларни ўтказиб юборди.

Уч нафар легионер, яъни ҳимоячилар – Томислав Пайович ва Дарко Станоевич ҳамда ҳужумчи Дарко Никач жамоани расман тарк этишди.

Янги йилдан кейин бошланадиган ўқув-машғулот йиғинига 2 нафар ёшлар ва 1 нафар U-18 жамоасидаги футболчиларни жалб этганмиз ва уларни кўрикдан ўтказамиз. Афсуски, қолган футболчиларнинг савиялари  таркибда тўп суриш учун унчалик жавоб бермайди. 

Шунингдек, Суперлиганинг бошқа клубларида ўйнаётган асли наманганлик бўлган футболчиларни ҳам жамоага жалб этиш ниятидамиз.

Олдига жиддий мақсадларни қўйган жамоада талаблар ҳам жиддий бўлади. Клубда қулай шароитлар яратилса, футболчиларнинг ўзлари ўйнаш учун “Навбаҳор”га келади.

Тўғри, Азизбек Турғунбоев ва Остон  Ўруновга бошқа клублардан таклифлар бор ҳамда бу нормал ҳолат, деб ҳисоблайман. Албатта улар билан бу борада музокара олиб бориляпти ва клуб раҳбарияти билан биргаликда уларни “Навбаҳор”да олиб қолишга интиляпмиз ҳамда умид қиламанки, улар жамоада қолишади.

Шунингдек, дарвозабон Акбар Тўраевда ҳам бошқа клублардан таклифлар бор. Унинг ўйини менга ёқади ва уни ҳам клуб раҳбарияти жамоада олиб қолса, хурсанд бўлардим.

Умуман олганда, жамоанинг ўзаги сақлаб қолинади.

Мавсум арафасида жамоамиз таркибидаги ўзгаришлар борасида тўлиқроқ билиб оласизлар.

Мураббийлар штаби, янги мавсумга тайёргарлик

Алексей Ильич Беленков келаси мавсумда ҳам мен билан бирга мураббийлар штабида ишлайди. Мураббийлар штабида янги мавсумда кичик ўзгариш бўлиши мумкин, холос.

Янги мавсумга тайёргарликни қаерда, қайси майдонда олиб бориш, спарринг – рақиблар излаш борасида ҳам бош қотиряпмиз. Тўғрисини айтсам, таътил яхшими ёки ёмонми, билмадим.

Мавсумга тайёргарликни январь ойидан бошлаймиз.

Дастлабки ўқув - машғулот йиғинини Наманганда олиб боришни режалаштиряпмиз. Умид қиламанки, машғулотлар ўтказишимиз учун бизга сифатли майдон тайёрлаб беришади. Чунки бу ерда тренажёр зали, бассейн бор. Шунингдек, яшаш ва овқатланиш шароитлари ҳам яхши.

Яхши шароитлар яратиб берилса, бўлажак мавсумга тайёргарликнинг илк ўқув-машғулот йиғинини шу ерда олиб боришни режалаштиряпмиз.

Чунки бунда маблағдан ҳам иқтисод қиламиз. Бундан ташқари, энди ўйинчилар билан жиддий тарзда иш олиб борамиз ва талаблар ҳам ўзгача бўлади. Клуб раҳбарияти ҳамда мухлислар биздан ижобий натижани талаб қилишяптими, биз ҳам футболчиларга жиддий талаблар қўямиз.

Миллий терма жамоамиз, кучли олтиликдаги жамоалар 

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг фақатгина Ўзбекистондаги 2та ўртоқлик учрашувини кузатдим ҳамда ушбу 2 та ўйиндан хулоса чиқариш қийин. Ўзбекистонда маҳоратли ва яхши футболчилар кўп. 

Ўзбекистон футболи савияси собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида Россия ҳамда Украинадан кейин 3-ўринда туради.

Миллий терма жамоангизда янги мураббий иш бошлади, янгича қараш, янгича тактика. Ўзбекистон термасининг олдин Осиё кубогида қандай натижага эришишини кутайлик. Кейин терма жамоанинг ўйинидан қандайдир хулоса чиқарса бўлади.

Биз кучли олтиликдан ўрин олган клубларга қарши тўп сурдик. Мазкур жамоалардан албатта “Локомотив” ва “Пахтакор” клубларининг савияси юқори. Шунингдек, менга “Бунёдкор” ҳамда “Бухоро” жамоаларининг ҳам ўйини ёқди. “Бунёдкор” ва “Насаф” клубларида молиявий муаммолар юзага келмаганида, мазкур жамоалар чемпионатда бундан ҳам яхшироқ иштирок этиши мумкин эди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги клублар таркибида бундан ҳам кучли жамоаларда ўйнашга қодир бўлган кўплаб футболчилар бор.

Қийин ўйинлар, Суперлига формати

Менинг қўл остимда ўтказилган 7 та ўйиндан мен учун энг қийини “Навбаҳор” мураббийи сифатидаги дебют учрашувим бўлган Намангандаги “Бухоро” (26-тур, 1:0) ҳамда “Бунёдкор” (30-тур, 1:0) жамоаларига қарши кечган баҳслар бўлди.

Бухороликларга қарши кечган учрашувдан олдин қўл остимдаги футболчиларининг қандай имкониятларга эга эканликларини билмасдим. Худога шукр, йигитлар ишончни оқлашди ҳамда дебют ўйиним муваффақиятли кечиб, зафар қучдик.

“Бунёдкор” билан бўлган баҳсдан олдин “Навбаҳор” 3, пойтахтликлар эса 4-ўринни эгаллаб туришганди. Айтиш лозимки, мазкур ўйин 3-ўрин тақдирини деярли ҳал қиларди. Ўша учрашувда ҳам ғалаба қозона олдик ва бронза медали учун катта қадам ташладик.

Чемпионат форматининг мен учун аҳамияти йўқ. Боиси, жамоанинг олдига жиддий мақсад қўйилса ва ҳар бир ўйинда ғалаба қозонса, ўз олдига қўйган мақсадга етади.

Вилоят ҳокимининг футболга қизиқиши, жамоа мухлислари

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров билан кўп маротаба суҳбатлашдим. Хайрулло Ҳайитбаевич футболга қизиқади, “Навбаҳор” учун мухлислик қилади ва қайғуради. Шундай инсонларнинг борлиги яхши.

Фурсатдан фойдаланиб, Хайрулла Ҳайитбаевичга соғлик тилаб қоламан ва ҳамкорлигимиз келаси йили ҳам давом этишини тилаб қоламан.  

Жамоамиз мухлислари тўғрисида тўхталадиган бўлсам, Шотландиянинг “Глазго Рейнжерс” клубида ўйнаганимда, жамоа 4-дивизионда иштирок этарди. Бу эса ҳаваскорлар лигасига тенг. Шунда ҳам жамоанинг уй стадионига 40 минг мухлис ташриф буюрарди. Премьер- лигада 1,5 минг, 4-лигада 40 минг. Тасаввур қиляпсизми?

Наманганда ҳам футболни севишлари ва  ишқибозларнинг талабчан эканликларига га гувоҳ бўлдим. Албатта талабчан бўлиш керак. Шундай мухлисларга эга  жамоанинг аъзоси эса шунга яраша ўйин кўрсатиши шарт.

Халқаро ўртоқлик ўйинлари, болалар футболи

“Навбаҳор” клубининг халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказиши яхши фикр. Англиянинг “Эвертон” клуби билан яхши муносабатдаман.

Шунингдек, Россия клублари, мабодо Қримда ўқув-машғулот йиғини ўтказадиган бўлсак,  Симферополнинг “Таврия” жамоаси билан назорат-синов баҳси ўтказишимиз ҳам мумкин.

Фақатгина бу ерда муаммо Англия,  Россия ва Ўзбекистон чемпионатларининг ўйинлар тақвимига боғлиқ. 

Болалар футболини ривожлантириш учун уларга ҳам яхши шароитлар яратиш шарт. Сифатли майдон ва қулай шароитлар яратиш керак. Шунда Ўзбекистонда болалар футболи янада ривожланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!