Андрей Канчельскис: "Навбаҳор" ўйинида муаммолар бор

Аввал хабар берганимиздек, кеча “Навбаҳор” Про-Лига вакили ҳисобланган “Турон” клубига қарши назорат учрашуви ўтказди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ушбу баҳсдан сўнг “лочинлар” устози Андрей Канчельскис клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Ўзинглар кўрдинглар, ушбу ўйинда ҳар икки жамоада иштиёқ кучли бўлди. Мазкур баҳсда асосий таркибнинг 3-4 нафар футболчиси майдонга тушди, холос. Боиси, биз ёшларга имконият беришга ҳаракат қилдик. Улар мана шундай учрашувларда шиддатли ўйин кўрсатишлари, ўзлари эмас, жамоа учун ўйнашлари лозим. Тўғри, 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Аммо жамоа ўйинида муаммолар борлиги билинди.

Ёш футболчиларнинг кўпчилигида иштиёқ кучли. Лекин улардан айримлари  буни майдонда тўлиқ намойиш эта олишди, баъзилари эса йўқ. Айрим йигитлар асосий таркибдан ўрин олиш учун ўзларининг нималарга қодирликларини намойиш эта олишлари шарт. Балки, улардан айримлари футболчиликни бошқа касбга алмаштиришлари керакдир?

Майли, бу борада чуқур кетмай, ўша футболчиларнинг исм-шарифларини келтирмайман. Бироқ ушбу ўйин улар ва биз учун сабоқ бўлганлигини таъкидлашим лозим.

Албатта, футболчилар кўп вақт давомида майдонга тушишмаган, ўйин амалиёти ва ўзаро ўйин уйғунлиги йўқлиги ҳам мазкур баҳсга ўз таъсирини ўтказди.

Аммо айниқса, ёшлар машғулотларда астойдил тер тўкиб, ўзларининг нималарга қодирликларини шундай назорат-синов ўйинларида намойиш этишлари шарт.

Ушбу баҳсда эса тажрибали футболчиларни захира ўриндиғига олганимиздан сўнг, тўп назоратида муаммолар пайдо бўлишни бошлади.

Аксинча, меҳмонлар тўпни кўпроқ назорат қила бошлашди. Ваҳоланки, биз рақибга бундай имконият бермаслигимиз лозим эди.

Таъкидлайман, мазкур учрашувда майдонда асосан иккинчи таркиб футболчилари ҳаракат қилишди, чунки асосий таркиб аъзолари 3 кун олдин Қўқонда майдонга тушишганди. Нима бўлгандаям, ушбу ўйинда зафар қучдик ҳамда бу ижобий ҳолат.

Ҳар қандай ғалаба кишига ижобий кайфият бағишлайди. Боиси, ўйин унутилади, натижа эса тарихда қолади. Шунинг учун ушбу ютуқ йигитларнинг кайфиятини кўтарганлиги аниқ ва Қаршига кўтаринки кайфиятда йўл оламиз. Ҳар бир жамоа, жумладан, “Навбаҳор”да ҳам ғалаба руҳи доимо бўлиши шарт.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!