ФБР ЖЧ-2026 пайтида Аргентина футбол федерациясига нисбатан тергов бошлади
АҚШ Федерал тергов бюроси (ФБР) Аргентина футбол федерацияси (AFA) фаолияти бўйича пул ювиш ва молиявий қонунбузарликлар шубҳаси асосида текширув бошлагани маълум қилинди.
EasySport маълумотларига кўра, тергов АҚШ федерал прокуратураси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Мутахассислар AFAнинг Америка Қўшма Штатлари ҳудудидаги тижорат фаолиятини ўрганмоқда. Жумладан, молиявий операциялар амалга оширилиши жараёнида АҚШ қонунчилиги бузилган-бузилмагани текшириляпти.
Хабарга кўра, диққат марказида 300 миллион доллардан ортиқ маблағқа тенг транзакциялар турибди. Бу маблағлар спонсорлик шартномалари, медиаҳуқуқларни сотиш ва бошқа тижорат келишувлари билан боғлиқ. Аргентина нашри La Nación ёзишича, тергов доирасида ушбу даромадларни бошқаришда иштирок этган компаниялар фаолияти ҳам алоҳида ўрганилмоқда.
Айни пайтга қадар ҳеч бир шахсга расмий айблов қўйилмагани, текширув ишлари эса давом этаётгани таъкидланмоқда.
Майдондон ташқаридаги бу вазиятга қарамасдан, тергов жараёни Аргентина терма жамоасининг жаҳон чемпионати–2026 даги иштирокига таъсир кўрсатмаган. Амалдаги жаҳон чемпионлари ўз унвонини ҳимоя қилиш учун курашни давом эттирмоқда.

Фикрлар