Андрей Шипилов: "Бировга ёрдам сўраб қўнғироқ қилмаганман" (1-қисм)

Бугунги кунда Бекободнинг “Металлург” клуби янгича қиёфага кириб бормоқда. Ўтган йилдан жамоада катта ўзгариш ва ислоҳотлар юз беришни бошлади. Бош мураббийликка бунгача «Пахтакор»да жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлаб келган Андрей Шипиловнинг таклиф этилиши натижасида уни бу лавозимда кузатиш янада қизиқ туюлмоқда. Ҳозирча унинг бош мураббийликдаги иши чакки эмас. Ҳар ҳолда Андрей Сергеевичнинг замонавий мутахассислиги кўриниб турибди.

Шипилов жуда талабчан ва “Металлург”да катта лойиҳаларни амалга татбиқ этиш бўйича ҳам режалар тузиб қўйган. Яқинда бекободликлар устози билан учрашдик ва бир қатор масалалар бўйича мураббий ўз фикрларини билдириб ўтди. Лекин Андрей Сергеевич билан мулоқотимиз узоқ давом этгани учун у билан суҳбатни икки қисмга ажратишга қарор қилдик. Дастлабки қисмида унинг “Пахтакор”даги фаолияти, “Металлург”га кўчиб ўтиб, бу ерда амалга ошираётган ишлари, шунингдек, жамоага ғолиблик руҳини қай тариқа сингдириш мумкинлиги борасидаги ўзининг батафсил фикрлари билан ўртоқлашди.

- Андрей Сергеевич, Бунга қадар «Пахтакор»да жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлагансиз. У ердаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?

- Ҳа, гапингиз рост. Мен 10 йилдан зиёдроқ вақт давомида «Пахтакор»да жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаганман. Омадим бор экан, маълум вақт миллий терма жамоада ҳам ишлаш имкониятига эга бўлдим. Албатта, ўтган вақт давомида ўзим билан бирга ишлаган мураббийлар ва раҳбарларнинг ҳаммасига раҳмат айтмоқчиман. Жумладан, Самвел Бабаянни алоҳида айтиб ўтишим керак. Шунингдек, жамоада Сербия ва Черногориядан ҳам мутахассислар келиб ишлашган. Деян Жоржевич ва Миодраг Радуловични эътироф этмоқчиман. Кейинчалик бир ярим йил давомида Самвел Вячеславович билан миллий терма жамоада ишладим. Албатта, бу жуда яхши вақтлар эди. Эслашга арзигулик жиҳатлар жуда кўп. Ўйинчилар жуда самимий бўлиб, улар билан машғулотларда ва йиғинларда ишлаш менга ёққан. Шу давр мобайнида етарлича тажриба тўпладим, дея олишим мумкин. Хусусан, клуб билан Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокни алоҳида айтиб ўтишим керак. Миллий терма жамоадаги ишлар ҳам эслашга арзийди. Биз Эрон, Жанубий Корея каби кучли рақиблар билан кураш олиб борган ҳолда жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишга жуда яқин қолганмиз. Афсуски, сўнгги паллада бунинг иложи бўлмаган. Шунинг учун бўлса керак, Бабаяннинг терма жамоа билан хайрлашуви кўнгилдагидек чиқмади.

Тақдир тақозоси билан 10 йил давомида ўзимни жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида синадим, етарлича тажриба тўпладим. Албатта, шу вақт давомида малакамни ошириш учун ўқишдан тўхтамадим. Институтда таълим олдим, мураббийлик тоифалари бўйича курсларни ўтадим. Бунинг самарали ўлароқ «В» ва «А» тоифадаги лицензияларга эга чиқдим. Шундан ўнг «Про» лицензиясини ҳам олдим. Ҳаммаси аста-секинлик билан, босқичма-босқич юз берди. Шуни алоҳида айтишим керакки, мен ўзим эгаллайдиган жойни қидирганим йўқ. Чунки жамоалар унчалик кўп эмас. Кимларнингдир остонасида туришни ўзимга эп кўрмайман. Бировга ёрдам сўраб қўнғироқ қилмаганман. Чунки бундай йўл тутган тақдиримда кимнингдир ўрнига кўз тиккан бўлардим. Дарҳақиқат, «Пахтакор»да ўзгаришлар юз берди. Жамоага бошқа одамлар келишди, улар билан ишладим. Шундан кейин «Пахтакор»да қолишим тўғри бўлмаслигини ич-ичимдан ҳис эта бошладим. Бу менинг ички кечинмаларим. Аввало бирортасига ҳеч қандай гина-қудратим йўқлигини таъкидлаб ўтишни истаган бўлардим. Ахир «Пахтакор» мен учун қадрдон клуб бўлиб қолган. Иш жараёнида мураббийлик тажрибамни айнан шу клубда оширганман, десам асло муболаға бўлмайди. Албатта, «Пахтакор»дан кетиш ўзимнинг шахсий қарорим бўлган. Иш жараёнида раҳбарият билан истасангиз-истамасангиз баҳс-тортишувлар ҳам бўлиб туради. Аммо жамоадан кетишим қисқа фурсатлар оралиғида ҳал бўлди. «Пахтакор»дан кетаман деб қаттиқ оёқ тираб олмадим. Лекин клубда қолишим оғир бўлишини ич-ичимдан ҳис қилиб турардим. Энг асосийси, «Пахтакор»га ҳам, ўзимга ҳам зарар келтирмаслик пайида бўлдим.

шипилов

- «Металлург»да иккинчи  мавсум бош мураббий сифатида ишлаяпсиз. Табиийки, «Пахтакор»даги ишингиз билан таққослаганда бу бир-биридан фарқланадиган вазифалардир. Шахсан ўзингиз фаолиятингиздаги бундай ўзгаришларни қандай сезяпсиз?

- Албатта, менга ишонч билдирган «Металлург» раҳбариятидан миннатдор эканлигимни айтишим керак. Биргаликда жамоани бошқариб келяпмиз. Табиийки, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис билан бош мураббийнинг вазифалари ўртасида катта фарқ бор. Айтишим керакки, худди президент ва шифокорлар каби бош мураббий вазифасини бажариш жуда машаққатли ишдир. Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша осонлик ва бунинг акси ўлароқ қийин томонлари бўлади. Жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис катта босимни ҳис этмасдан бемалол ишлаши мумкин. Аммо худди шунга ўхшаш фикрни бош мураббий вазифасини бажараётган кишига нисбатан билдириш қийин. Эҳтимол бу масалада кимдир менинг фикримга қўшилмас. Лекин бош мураббийнинг гарданига катта масъулият юки тушади. Шунинг баробарида у ҳамма нарсага жавоб бера олмаслиги мумкин. Бу масалада клуб устозининг атрофида яхши шаклланган таркиб бўлиши керак. Мен бу билан мураббийлар штабини назарда тутяпман. Замонавий футбол тобора ривожланиб бораётган бир маҳалда жамоада ишлаш ҳам шунга монанд равишда мураккаблашиб бораверади. Ҳа, бош мураббий футболчилар билан кўпроқ мулоқотда бўлади. Ўз навбатида устоз қўли остидаги шогирдларининг оила-аъзолари борлигини, улар учун жавобгарлигини ҳис қилган ҳолда ишламоғи даркор. Чунки ўйинчилар ҳар қанча профессионал бўлмасинлар, улар ҳам аввало оиласи, фарзандлари тақдири учун қайғуришади.

Хуллас, футбол хўжалигида ишлаётган киши борки, менинг бу масаладаги фикримга тўла қўшилиши тайин. Бу ерда бош мураббий гоҳида ваколат доирасига кирмайдиган масалалар билан ҳам шуғулланишига тўғри келади. Мисол учун транспорт воситаси, майдонни қандай суғориш ваҳоказо. Аммо буларнинг бари менга жуда яхши таниш бўлган ишлардир. Қолаверса,  азалдан қийинчиликлардан қўрқмаганман. Шу боис жамоани мураббий сифатида бошқариш, бир қатор масалаларни ҳал қилиш учун қўлимдан келган ҳамма ишни бажаришга тайёрман. Тўғри, ўзим аралашишни мутлақо истамаган иш ҳам йўқ эмас. Мен биргина бухгалтерия масаласига аралаша олмайман. Чунки ҳисоб-китоб бўйича курсни тамомламаганман (кулади). Ҳа, олий маълумотга эгаман, лекин ҳар ким ўз иши билан шуғуллангани маъқул. «Пахтакор»дан сўнг «Металлург»га кўчиб ўтгач, ўзим тўқнаш келган ягона жиҳат кўп ишларни бажаришимга тўғри келиши бўлди. Негаки, клублар инфратузилмаси борасида катта фарқ бор. «Пахтакор» узоқ йиллардан бери ўз анъаналарига эга бўлган клуб ҳисобланади. Унда ғолибларга хос менталитет шаклланган. Ўз вақтида «Пахтакор»да махсус мактабини ўтаганим боис нима деяётганимни биламан. «Пахтакор» ҳар доим ўз олдига максимал вазифаларни қўяди ва чемпионлик учун курашади. Табиийки, бундай жамоада меҳнат қилиш анча осон. Ўз навбатида таркибдаги футболчилар олдиларига қандай вазифалар қўйилганини билган ҳолда ишлашади. Раҳбариятдан тортиб то оддий ходимларга қадар ғолибларга хос бўлган руҳни сезиш мумкин. «Пахтакор»га бундай менталтитет 10-15 йил ичида эмас, балки анча узоқ йиллар олдин сингиб кетган. Ан, Абдураимов, Красницкий давридан бери десам муболаға бўлмайди. Бу билан чиройли оҳангда сўзламоқчи эмасман. Бугунги кунда ҳам «Пахтакор» мамлакатнинг «юзи» вазифасини бажариб келмоқда. Бекободга келсак, «Металлург» ҳам жуда абгор ҳолдаги жамоа ҳисобланмайди. Унда замон талабларига жавоб берадиган шинам стадион, ўзига яраша қадриятлар, маҳоратли ижрочилар бор. Клубда иш бошлаганимдан бери кетган футболчилар ҳам етарлича учради. Аммо шуни ишонч билан айтишим керакки, мен бирортасини «Металлург»дан ҳайдамадим. Биргаликда аста-секинлик билан, ҳамжиҳат ҳолда ишлаб келяпмиз. Биз умумий ҳолатга обьектив ва субьектив нуқтаи-назаридан қараймиз. Албатта, бир жойда қотиб қолишни истамаймиз. «Металлург»даги дебют мавсумим ҳозиргисига нисбатан анча мураккаб кечган. Бизга нисбатан назар-писанд билан қарамаслик ҳолатлари ҳам кузатилган. Аммо жорий биринчиликда жамоамиз ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Бундан ташқари, «Металлург» ҳам янги регламентга мослашган ҳолда ишламоқда. Шукрки, жамоадаги йигитлар ҳаммасини қўлларидан келган даражада бажаришга интилишяпти. Албатта, «Металлург»да иш бошлаганимдан кейин янги мураббий сифатида қандайдир ўзгаришларни амалга оширишга интиляпман. Бекобод – саноат шаҳри, металлургия комбинати ишчиларидан иборат маскандир. Улар ҳақиқий ишчи, ораларида йирик тижоратчилар ҳам йўқ. Қолаверса, Бекобод аҳолиси у қадар кўп эмас, худди Андижон ва Наманган вилоятиники каби зич жойлашмаган. Ўша шаҳарларга таққосланса, Бекобод кичик бир шаҳарчага ўхшаб қолади. Олмалиқ ва Чирчиқ ҳам саноат шаҳарлари сирасига киргани боис бундай жойларнинг аҳолиси кўп бўлмайди. Шу боис ёшларни футбол билан шуғуллантиришга жалб этиш масаласида қийинчиликларга дуч келяпмиз. Тўғри, футболдан ташқари спортнинг бошқа кўплаб турлари ҳам бор. Масалан, Бекободда боксни жуда ёқтиришади. Шундан келиб чиққан ҳолда ёшларнинг эътиборини тортиш мақсадида тадбирлар ўтказамиз. Бундай тадбирларга ҳатто четдан Қозоғистон ва Тожикистондан меҳмонлар таклиф қиляпмиз. Имкониятдан келиб чиққан ҳолда «Металлург»нинг таркибини шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Энди 1997-1999 йилларда туғилган ёшларни жамоага таклиф қилиш жараёни бошланмоқда. Бундай ёшлар Шавкат Муллажонов, Сервер Жепаров, Камолиддин Тожиев, Баҳром Абдураҳимов, Станислав Андреев, Александр Лобанов каби кўпни кўрган, тажрибали ижрочилар билан бирга ишлаган ҳолда футбол борасидаги билимларини ошириш имкониятига эга бўладилар. Чунки йил ўтгани сайин фахрий футболчилар бирин-кетин фаолиятларини якунлашади. Масалан, Сервер Жепаров, Анзур Исмоилов, Азиз Ҳайдаров кабилар шунинг эвазига қисқариб бораверади. Ўз навбатида ёш авлод бундай ижрочилардан имкон қадар кўп нарсани ўзлаштиришга ҳаракат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Бу биз учун айни пайтдаги энг долзарб масала бўлиб турибди. Ҳа, замондан ортда қолмай, балки унга ҳамнафас тарзда одимлашга ҳаракат қиляпмиз. Бундай пайтда ортга эмас, балки фақат олдинга боқиш керак.

шипилов2

- Юқорида ўзингиз бир неча бор таъкидлаб ўтганингиздек, «Пахтакор»да азал-азалдан ғолибларга хос менталитет шаклланган. Ўз ўрнида жамоада салмоқли муддат ишлаган мутахассис сифатида сизда ҳам бундай хусусият йўқ эмас. Албатта, «Металлург» - «Пахтакор» эмас. Ахир «Пахтакор»дан фарқли равишда «Металлург»нинг олдига максимал вазифалар қўйилмайди... Шунингдек, бундай муҳитда ишлаган мураббийга ўзидаги хусусиятни қўл остида бўлган ўйинчиларга кўчиришда муаммолар туғилмайдими?

- Гапингизда жон бор. «Пахтакор» билан «Металлург»ни бир-бирига таққослаш амримаҳол. Шундай бўлса-да, машғулотлар чоғида шогирдларим билан назарий ва амалий иш жараёнида ўзимдаги руҳиятни кўчиришга ҳаракат қиламан. Тўғри, буни бирданига амалга ошириш мушкул. Биз фақат машқлар жараёнида ниманидир ўзгартиришимиз мумкин. Боя айтганимдек, «Металлург» таркибида беш-олти нафар жуда малакали, ўз вақтида «Пахтакор» мактабини ўтаган ижрочилар бор. Лекин оз сонли бундай ижрочилар билан бутун мавсумни босиб ўтишнинг иложи йўқ. Мавсумни тўлақонли ўтказиш учун жамоа таркибида энг камида 22 нафар футболчи бўлмоғи даркор. Агар ўша оз сонли тажрибали ижрочилар бутун масъулиятни зиммаларига олсалар-у, аммо уларни бошқалар қўлламаса, ҳаммаси зое кетади. Шунинг учун ёшларни тарбиялаш чоғида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратамиз. Керак бўлса футболга мутлақо алоқаси бўлмаган видеоматериал қўйиб берамиз. Машғулотлар чоғида ўйинларда қулайлик яратиш учун қандайдир янги нарса қўшишга интиляпмиз. Аммо бундай жараённи қисқа фурсат оралиғида йўлга қўйишнинг имкони йўқ. Ўтган мавсум ва жорий биринчиликка таққосланса, «Металлург»нинг ўйинида катта ўзгариш кўзга ташланди, дея дабдурустдан фикр билдириш ҳам ярамаса керак. Ҳа, баъзида ҳаммаси ўхшаб, натижа кутганингиздек бўлади.  Аммо ҳар доим бир текис ўйнашнинг иложи йўқ. Ҳар қандай масаланинг обьектив ва субьектив томонлари бор. Мени шуниси қувонтирадики, ўтган йили ва ҳозирда қўл остимда шуғулланаётган футболчилардан бирортаси машғулотлар чоғида шунчаки таслим бўлиш истагида эмаслигини намойиш этиб келишмоқда. Гарчи руҳият масаласида етарлича билимга эга бўлсам-да, фалсафа айтмоқчи эмасман. Руҳий масала билан ўз соҳасининг эгалари шуғуллангани маъқул. Бизда институтларда билим бериш чоғида руҳият масаласига ҳам эътибор қаратилади. Нима демоқчиман, мураббий қўл остидаги футболчиларни руҳлантира олишни билиши даркор. Бундай пайтда футболчини бир-икки оғиз керакли сўзларни айтиш билан тўғри йўлга солса бўлади. Одатда бу масала амалийдан кўра назарий машғулотларда кўзга ташланади. Мураббий ўзидаги ғолибларга хос менталилетни бир-икки йил ичида шогирдларига кўчира олмайди. Жаҳон миқёсида ҳам ғолибларга хос менталитет фақат гранд клубларда шаклланган бўлади. Айтмоқчиманки, жамоани ғолибларга хос менталитетга ўргатиш ўта машаққатли, кўп вақтни оладиган жараён ҳисобланади. Бундай пайтда ишни ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашган ҳолда бажариш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ўйинчиларнинг характери хилма-хил. Кимдир ўта қизиққон, кимлардир эса барчасини тўғри қабул қилиши мумкин. Турфа характердаги футболчилар билан ишлаш умуман осон эмас.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ikromsher
25/06/2019 08:57
Davring keldi Shipilov
&
Isakhodjaev Muhtorjon
25/06/2019 01:29
Bizzi fikrimiz birornimani uzgartiradimi?!!!!! Hop uzgartirsa, shu mutahasis tushinadigon Metallurg klubi UFA SUPER LIGADA nima maqsadda faoliyat yuribyatti maqsad nima bilarmikin!!!
&
S.M.I.D
24/06/2019 23:01
Батафсил маълумот берибди бўлди 2-қисм керемас, энди М.Қосимовдан эшитайлик Бунёдкор хақида.????????????
&
Бекзод
24/06/2019 22:37
Канака интервю металлург тренери факат пахтакор хакида...
&
Бекзод
24/06/2019 22:37
Канака интервю металлург тренери факат пахиакор хакида...