Андрей Шипилов жамоаси "Навбаҳор"ни ниманинг эвазига мағлуб этгани борасида гапирди
«Металлург» - «Навбаҳор» жамоалари учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Металлург” жамоаси бош мураббийи Андрей Шипилов ўйин ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Олдинги ўйинларда ҳужумлар ўз якунига етмай, жамоамизнинг унчалик ҳам омади келмаётганди. Шу боис, ушбу учрашувга пухта тайёргарлик кўрдик. “Навбаҳор” 22 август куни Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасида “Насаф”га қарши жуда яхши ўйин ўтказганди. Аммо ўша баҳсда наманганликлар мағлубиятга лойиқ бўлмаса-да, имкониятни бой берганди. Ўша учрашувда “Навбаҳор” футболчиларининг кўп куч сарфлашганини билардик.
Шу боис, мазкур ўйиннинг биринчи бўлимида устунлик кўпроқ шогирдларим тарафида бўлди ва адашмасам, йигитлар 7 марта бурчак зарбасини амалга оширишди. Шунингдек, рақиб дарвозаси томон ҳам зарбалар йўлланди. Наманганликлар эса худди Андижондаги каби кўпроқ ўз дарвозаларини дахлсиз сақлаш борасида ўйлашди.
Иккинчи бўлимда меҳмонларда дарвозани ишғол этиш учун иккита юз фоизли имконият юзага келди. Аммо ўша вазиятда дарвозабонимиз Александр Лобанов ажойиб ўйин намойиш этиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.
Шунингдек, биринчи бўлимда ярим ҳимоячимиз Музаффар Музаффаровнинг жарима зарбасини мезбонлар дарвозабони Ўткир Юсупов ўз маҳоратини намойиш этиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлганди. Лекин унинг тўп киритган вазиятда амалга оширган иккинчи жарима зарбасини ҳеч қайси дарвозабон қайтара олмасди.
Бир сўз айтганда, ушбу баҳсда омад бизга кулиб боқди. Бугунги ғалаба учун барча йигитларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, - деди Андрей Сергеевич.
Фикрлар