Шомуродов трансферидан воз кечганимиз йўқ!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси Элдор Шомуродов “Башакшеҳир” таркибидаги дебют мавсумида Туркия чемпионати тўпурарлигини қўлга киритганидан бери унга турли клублар қизиқиш билдирмоқда.
Хусусан, ёзги трансферлар ойнаси бошидан бери 31 ёшли ўзбек ҳужумчисининг номи Россия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Туркия клублари билан мунтазам боғланиб келмоқда.
Туркия клублари орасида Шомуродовга энг жиддий қизиқиш билдираётган жамоа сифатида “Трабзонспор” тилга олинмоқда. Бу клуб яқинда “Ливерпуль”дан кетган Муҳаммад Салоҳни ўз сафига қўшиб олиб, шов-шув кўтарди. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти ҳужум чизиғини кўп гол ура оладиган марказий ҳужумчи билан кучайтиришга бел боғлаган.
Аслида трабзонликлар Элдор Шомуродовга анчадан бери қизиқиб келаётганига қарамай, марказий ҳужумчи позицияга илгари “Ливерпуль”да Муҳаммад Салоҳ билан бирга ўйнаган Дарвин Нуньесни олиб келмоқчи бўлди. Уругвайлик форвардга эгалик қилувчи “Ал-Ҳилол” музокара якунланиши арафасида қарорини ўзгартириб, тажрибали футболчини “Ад-Дирия” клубига берадиган бўлди.
“Трабзонспор” энди бошқа вариантларни қидирмоқда.
- Дарвин Нуньес трансфери амалга ошмай қолганидан кейин “Трабзонспор” янги ҳужумчи излаш ишларини фаоллаштирди. Туркия клуби Элдор Шомуродов, Габриэл Жезус ва Жорж Иленихена каби футболчиларнинг номзодини кўриб чиқяпти, - деб ёзди ушбу вазиятни мунтазам кузатиб бораётган нуфузли манба – takagazete.com.tr сайти журналисти Бирол Санжак.
Элдор Шомуродов
Бу номзодлар орасида Элдор Шомуродов Туркия чемпионатига мослашган ўйинчи ҳисобланади. Ўзбек легионери ўтган мавсумда Туркия Суперлигасида 34 та учрашувнинг барчасида майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 22 маротаба ишғол қилди.
Шомуродов чемпионат доирасида мамлакат юқори дивизионидаги деярли барча клублар дарвозасига йўл топа олди. Фақатгина “Фенербаҳче”, “Гезтепе” ва “Кайсериспор” жамоалари ҳар икки давра ўйинида ҳам Элдорга гол уриш имконини бермади.
Габриэл Жезус
“Арсенал”нинг бразилиялик футболчиси Габриэл Жезус анча таниқли фигура ҳисобланади. 2017 йили “Палмейрас”дан Европага келган форвард аввал “Манчестер Сити”да ўйнаб, 2022 йилнинг ёзида “Арсенал”га кўчиб ўтди.
Европадаги фаолияти ёрқин бошланганига қарамай, Габриэл Жезус юқори даражани ушлаб қола олмади. “Арсенал”нинг чемпионлик мавсумида АПЛда атиги 14 та учрашувда майдонга тушиб, учта гол урди холос. Айни пайтда эса, 29 ёшли футболчи “канонирлар” суянадиган ўйинчилар тоифасига кирмайди.
Жорж Иленихена
Нигериялик форвард Жорж Иленихена Франциянинг “Амьен” жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. 20 ёшли футболчи орада бир йил Бельгиянинг “Антверпен”жамоасида ҳам ўйнаб, тажриба орттирган ва 2024 йилнинг ёзида “Монако”га кўчиб ўтган.
Жорж 2026 йилнинг бошида Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клубига трансфер қилинди ва энди тезроқ Европага қайтиш ҳақида бош қотирмоқда. “Трабзонспор” Элдор Шомуродов ва Габриэл Жезусдан фарқли равишда Иленихенани муайян муддатга ижарага олиш вариантини маъқул кўрмоқда.
- Дарвин Нуньес трансфери амалга ошмай қолгач, Қора денгиз жамоаси юқори савияли тўпурарни ўз сафига қўшиш мақсадида ҳаракатларни кучайтирди. Раҳбарият учун асосий мақсад — жамоанинг ҳужум чизиғини кучли бомбардир билан мустаҳкамлаш.
Бироқ трансферларнинг тақдири бир қатор омилларга боғлиқ. “Трабзонспор” ҳужумчи трансферини расмийлаштириш учун 4 сентябргача вақтга эга. Шу санага қадар турк клуби трансферлар учун фаол кураш олиб бориши кутилмоқда, - деб ёзди Бирол Санжак.
Ана холос: Ҳусановга жой беришмади!
Ўзбек футболини дунёга танитган етти юлдуз

Фикрлар