Андрей Шипилов: Убайдуллаев Бангладеш, Хитой, Индонезияни ўйламасдан, катта мақсадларга интилиши керак

Coca-Cola Суперлиганинг 9-туридан кейин “Металлург” клуби 5 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этиб, турнир жадвалида 5-ўринда боряпти. Жамоа бош мураббийи Андрей Шипилов эса бир неча йилдан бери ишлаб келмоқда ва ушбу мавсумда “Металлург” анча шиддатли кўринмоқда. Балки ушбу мавсумга келиб Андрей Сергеевич ўзи хоҳлаган жамоани шакллантира олгандир. Гапнинг очиғи, ушбу мураббий билан боғланиб, унга ўзимизни қизиқтирадиган бир қатор саволларимиз бор эди. Ўз навбатида Шипилов sports.uz учун суҳбатлашишга қаршилик билдирмади.

-  Андрей Сергеевич, айни пайтда тайёргарлик ишлари қандай кетмоқда? Таркибда жиддий ўзгаришларни кўришимиз мумкинми?

-  Ҳозирги пайтда жамоамда бир неча кундан бери иш кетяпти. Биз 16 кун давомида машқ қилмагандик. Шу сабабли йигитлар ихтиёримизга турли жисмоний ҳолатда етиб келди. Аммо футболчилар ҳаракат қилишяпти, уларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Эҳтимол, кимлар биландир хайрлашишимиз мумкин. Иложи бўлса, иккита позициямизни кучайтиришга ҳаракат қиламиз.

-  Уч нафар футболчингиз миллий терма жамоага чақирилганди. Лекин “Металлург”даги бошқа ўйинчиларда covid аниқлангач, вазият ўзгариб, юқоридаги ўйинчилар терма жамоа йиғинидан четда қолди. Ҳозир жамоадагиларнинг ҳолати қандай?

-  Уларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаси соғлом. Хавотирга ўрин йўқ. Биз ҳар эҳтимолга қарши эҳтиёт чораларини ҳам кўриб қўйгандик. Доимо саломатлик биринчи ўринда туради. Қолаверса, биз барча тестларни топширдик. Муҳими, бизнинг шифокорлар жуда малакали.

шипилов4_1

-  Пандемия сабабли Суперлигамизда иккинчи маротаба танаффус эълон қилиниб, ўйинлар муддати яна узайтирилди. Бундай шароитда эса футболчиларни ўйинларга тайёрлаш ҳам осон кечмайди. Сизнингча, бу кетишда мавсумни якунлай оламизми?

-  Мавсум ҳали ниҳоясига етгани йўқ, бу аниқ. Бу кетишда чемпионатимиз ноябрь-декабрга қадар чўзилса керак. Ҳа, сиз ҳақсиз, бундай вазиятда футболчиларни ўйинларга ва машқларга руҳлантириш осон бўлмайди. Улардаги ўйин мароми шу ҳолат туфайли издан чиқиши мумкин. Лекин бу менинг шахсий фикрим. Ҳар нарса бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Айни чоғдаги асосий вазифа футболчиларимизга босим ўтказмасдан улар билан яхши муносабатда бўлишдир. Турли вазифа ва машғулотлардаги юкламалар билан уларни қийнамоқчи эмасмиз. Боз устига уларни иложи борича жароҳатга йўлиқишидан асрашимиз керак. Албатта, улар профессионаллардир, нима қилиш кераклигини билишади.

-  “Металлург”нинг ушбу мавсумдаги аниқ мақсади қандай?

-  Суперлиганинг мусобақа жадвалида иложи борича юқори ўринларга кўтарилишга ва кучли бешликдан жой олишга ҳаракат қиламиз.

шипилов5

-  Энди биринчи давранинг охирги турлари марказлашган ҳолда Тошкентда ўтказилади. Бу “Металлург” учун қулайми?

-  Учта ўйинни уйда ўтказдик, олтитасини эса сафарда. Бундай шароитда ўйинларга бориш ва ўтказиш ўз-ўзидан оғир эди. Бироқ шу билан бирга аксарият жамоаларда бундай ҳолат кузатилмай, улар худди курортда дам олгандек бўлишди. Тақвимнинг тузилиши мана шундай. Биз вазият асирига айланиб қолдик. Энг асосийси, кечки соат 5 да, устига-устак экинзорни эслатиб юборадиган майдонда шуғулланмасак бўлди.

-  Мавсум бошида жамоангизга қўшилган Шаҳзод Убайдуллаев анча кўзга ташланиб қолди. Унинг келажаги борасида нима деган бўлардингиз?

-  Шаҳзод ҳаракат қиляпти, у меҳнаткаш йигит. Унда кучли футболчи бўлиб етишиши учун етарлича турли даражадаги сифатлар мужассам. Биз иш жараёнида у билан тез-тез мулоқот қилиб, қандай қилса янада мукаммалроқ ўйинчи даражасига чиқиш сирларини ўргатяпмиз. Шаҳзод тўғри йўлдан бормоқда. Асосийси, у атрофидаги ўзини чалғитиши мумкин бўлган нарсалар ва айрим кимсалардан сақланиши керак. Чунки бундай ҳолатлар йигитчанинг бошини айлантириб қўйиши ва тўғри бораётган йўлдан чалғитиши мумкин. Шаҳзодда катта потенциал бор. Биз унга ишонамиз. У ҳозир Бангладеш, Хитой, Индонезияни ўйлаб ўтирмасдан иложи борича юқорига ўсишга ҳаракат қилиш керак.

шипилов3_1

-  Шунингдек, яқинда Ўзбекистон Кубоги баҳсларига ҳам қуръа ташланганди. “Металлург” жой олган гуруҳ ҳақида нима деган бўлардингиз?

-  Гуруҳимиз супер. Қуръа ташлашдан олдин гуруҳимизга тушадиган бир жамоани олдиндан кўнглим сезганди. Бу жуда қизиқарли тўқнашув бўлади.

-  Айтинг-чи, жамоангиздаги жиддий ва ҳазилкаш футболчилар кимлар?

-  Жиддийси Тожиев, қувноқлари Андреев, Чумак, Лобанов ва Исматуллаев. Яна бир жиддий ўйинчи бу - Қуттибоев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!