Англия клуби мундиалда учта гол урган футболчини олди
«Астон Вилла» клуби раҳбарияти «Фрайбург» ва Швейцария терма жамоаси ярим ҳимоячиси Йохан Манзамбини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Журналист Флориан Плеттенбергнинг ижтимоий тармоқдаги хабарига кўра, бонуслар билан бирга битим умумий қиймати деярли 70 миллион еврони ташкил этади.
Маълумотларга кўра, бир неча ҳафтадан буён Манзамби учун асосий даъвогар сифатида кўрилаётган «Ньюкасл» таклифига қарамай, «Астон Вилла» молиявий жиҳатдан яхшироқ шартларни таклиф қилган.
Манзамбининг ўзи эса «Ньюкасл»га ўтиш бўйича якуний розилик бермаган. Футболчининг вакиллари бир неча кун олдин Бирмингем клубини унинг айнан «Вилла» сафига қўшилишни исташи ҳақида хабардор қилган.
Томонлар футболчи билан узоқ муддатли шартнома шартларини келишиб олган. Яқин кунларда Манзамби тиббий кўрикдан ўтади ва шундан сўнг трансфер расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Ўтган мавсумда Манзамби барча мусобақалар доирасида 47 ўйин ўтказиб, етти гол урди ва олти голли узатма берди. У Европа Лигаси мавсумининг энг яхши ёш футболчиси деб топилган.
2026 йилги жаҳон чемпионатида швейцариялик ярим ҳимоячи тўрт учрашувда майдонга тушиб, учта гол урди ва икки марта ҳамжамоаларини голли пас билан таъминлади. Швейцария терма жамоаси мусобақани чорак финалда тўхтатди, бу босқичда Аргентинага 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Фикрлар