Англияликлар Ҳусановдан ҳайратда! Абдуқодирга иккита янги лақаб беришди
Англия Премьер-лигасининг 25-туридан ўрин олган “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” учрашувининг 60-дақиқасида Абдуқодир Ҳусанов билан юз берган вазият ҳамон оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинмоқда.
Буюк Британиянинг энг нуфузли манбаларидан ҳисобланган The Sun нашри Абдуқодир Хусановнинг “Энфилд”даги ўйинига муносабат билдирди.
Машҳур нашр учрашув тафсилотлари қаламга олинган шарҳда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 21 ёшли ҳимоячиси ўйинини алоҳида тарзда таъкидлаб ўтди.
Нашр сўз ўйинидан фойдаланиб, футболчини “Khus control” (“Назорат қилувчи Ҳусанов”) деб атади ва унинг ҳимоядаги ишончли, ҳамма жараёнларни назорат қилувчи ҳаракатларини алоҳида қайд этди.
Турнинг марказий учрашувида Ҳусанов ўйнаган вақтда “Ливерпуль”нинг Муҳаммад Салоҳ, Коди Гакпо, Уго Экитике каби машҳур ҳужумкор футболчилари “Манчестер Сити” дарвозасига йўл топа олмади.
Ўйининг кульминацион нуқтаси 60-дақиқага тўғри келди. Копи Гакпонинг дарвозага зарба беришига йўл қўймаган Ҳусанов икки футболчи – рақиб ҳужумчиси Гакпо ва дарвозабон Жанлуижи Доннарумма ўртасида қолиб кетди. Абдуқодирнинг орқасига нидерландиялик форвард урилган бўлса, италиялик посбоннинг тиззаси Ҳусановнинг юзига тегди.
Оғир зарбадан кейин тиббиёт ходимлари легионеримизга ёрдам кўрсатди. Жароҳатга қарамай, Ҳусанов бош мураббий Хосеп Гвардиолага учрашувни давом эттиришини билдирди.
Бироқ, ўйинчи саломатлигини биринчи ўринга қўйган тиббиёт ходимлари Абдуқодирнинг майдонга қайтишига йўл қўймади.
Ҳусановнинг жамоага ёрдам беришга бўлган интилиши таниқли журналист Жеронимо Моргансни ҳайратга солди. Бу мутахассис Англия Премьер-лигасининг 25-тури доирасидаги ушбу баҳсни шарҳлар экан, ўйин давомида жароҳат олганига қарамай, баҳсни давом эттиришга интилган 21 ёшли футболчининг ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.
- Ҳусанов жароҳат олган эди, лекин барибир ўйинни давом эттиришни хоҳлади. Жамоага ёрдам беришни истади. Абдуқодир Ҳусанов, сен мен учун жангчисан, биродар. Ўзбекистоннинг фахри. “Темир одам”, - деб ёзди Жеронимо Морганс.
Айни пайтда Ҳусановнинг саломатлиги ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилгани йўқ. Бироқ бир неча манбалар ўз инсайдерларига таянган ҳолда ҳимоячининг аҳволи яхши экани ва навбатдаги учрашувларда қатнашини мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқармоқда.
Фикрлар