Анвар Бердиев: "Бу жамоа учун катта минус"
Про лиганинг 17-турида Ғузорнинг “Шўртан” клуби ўз майдонида Тошкентнинг “Дўстлик” жамоасини қабул қилди. Кутилганидек, устунликка эришган “Шўртан” бу учрашувда ғалаба қозонди ва мухлисларини хурсанд қилди.
Ушбу ғалабадан кейин ғузорликлар турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олдилар. Беллашувда сўнг “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Табрик учун раҳмат. Осон бўлмаган ўйинда ғалабага эришдик. Биласизлар, про лигада ҳар бир учрашувда ҳар бир очко учун кескин жанг бўляпти, деса ҳам бўлади. Яна бир бор қайтараман: осон бўлмаган беллашувда ғалабага эришдик. Футболчиларимга раҳмат.
- Иккинчи давра бошланганидан бери битта дуранг, битта мағлубият ва битта ғалаба бўлди. “Шўртан”ни мақсадларидан келиб чиқилса, бу натижани қандай баҳолайсиз?
- Стартда жамоа ўз уйида мағлубиятга учраса бу энг ёмони. Иккинчи даврани биринчи ўйинида “Бухоро”га ютқазганимиз жуда аламли бўлди. Энди орқага қараш керак эмас. Олдинга интилишда давом этишимиз керак. Йўқотилган очколарни бошқа ўйинларга тайёргарлик кўриб, қўлга киритишимиз лозим.
- “Дўстлик” охирги ўринда. Бундан ташқари, қизил карточка кўрсатилди. Турнир жадвалидаги ўрни ва футболчининг майдондан четлатилганини инобатга олсак, “Шўртан” осон ғалабага эришиши керак, деган тушунча пайдо бўлди.
- Тўғри айтасиз. Шу нарса футболчиларимизга ўйин бошидан таъсир қилди. 15-20 дақиқа давомида йигитларимиз осон ғалабага эришамиз, деб ўйлашди, шекилли. Ҳакам ўйин бошланганини билдирувчи ҳуштагини чалдими, ўйинчилар жон-жаҳди билан курашиши шарт. Акс ҳолда учрашув давомида ўйинга мослашиш жуда қийин кечади. Шунинг ҳисобига “Дўстлик” билан баҳсда биринчи голни ўтказиб юбордик. Лекин футболчиларимга раҳмат, охиригача курашиб, ўзимиз учун керакли натижага эришдик.
- Мухриддин Зоиров биринчи бўлимдан кейин алмаштирилди. Бу чарчоғи билан боғлиқми ёки ўйини чиқмадими?
- Зоиров мавсум бошидан бери ҳар ўйинда асосий таркибда ўйнаяпти. Футболчиларда чарчоқ бўлади. Худо хоҳласа, Зоировни ҳали жамоамизга кўп ёрдами тегади, деб ўйлайман.
- Жасур қўли билан гол ургач, унга қизил карточка кўрсатилди, иккинчи сариқ олди. Бу вазият ҳақида нима дейсиз? У тўғри қарор қабул қилдими? Жамоани “тупик”ка тиқиб қўймадими?
- Албатта, бу жамоа учун катта минус ҳисобланади. Чунки футболчи сариқ карточкаси борлигини билиб туриб ҳам бундай ўйнаш...Футболчи бу нарсани ўзи тушуниб етиши керак. Сиз айтганингиз билан футболчи бажармаса бу мураббийга қийинчилик туғдиради. Буни мен оқламайман. Негаки, бизни майдонда 10 киши қолдириб, жамоани қийин вазиятга тушириб қўйди.
- Кейинги баҳс “Машъал”га қарши кечади. Ҳар иккаласига ҳам очко муҳим. Шундан келиб чиқилса, бу ўйин қандай бўлади, деб ўйлайсиз?
- Биласизларми, “Машъал” билан дерби мақомиддаги ўйин ҳар доим дерби бўлиб келган. Бошқача ўтишига ҳамма ўрганиб ҳам қолган. Чунки дербида осон учрашувлар бўлмайди. Бошқа клубларга қарши қандай тайёргарлик кўрган бўлсак, “Машъал”га ҳам шундай тайёрланамиз. Бу ўйинимизни кўриб, таҳлил қилиб, футболчиларга тушунтирамиз. Худо хоҳласа, “Машъал”га қарши яхши тайёргарлик кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар