Анвар Бердиев: "Яхши легионер яхши маош сўрайди, биз энди оёққа тураётган жамоамиз"

TIGGO 2 PRO

Про лигадан Суперлигага қайтган Ғузорнинг “Шўртан” клуби кетма-кет иккита ўйинда мағлубиятга учради. Аввалига сафарда “Хоразм”га, сўнг “Бунёдкор”га бир хил – 2:0 ҳисобларида ютқазиб қўйди.

Иккинчи турдаги мағлубиятдан сўнг “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев айрим саволларга жавоб берар экан, аввало “Бунёдкор”га қарши беллашув борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Футболчиларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимда жамоамизда яхши имкониятлар бўлди, аммо фойдалана олмадик. Кераксиз жойда тўп ўтказиб юбордик. Бундай рақиб хатони кечирмайди. Иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Яна ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Стандарт вазиятдан кейин иккинчи голни ҳам ўтказиб юбордик.

- “Шўртан”ни иккита ўйинини кўрдик, гарчи ютқазаётган бўлса-да, ҳужум чизиғидан ташқари қолган барча чизиқлар яхши таассурот қолдиряпти. Ғалаба учун гол керак. Яхши селекция олиб борилди. Бироқ нима учун ҳужум чизиғи муаммолигича қолмоқда?

- Тўғри савол бердингиз. Жамоамизда вазиятларга нуқта қўядиган ҳужумчи етишмаяпти. Ўзбекистон чемпионатида яхши ҳужумчиларни топиш қийин бўляпти, буни кўп жамоаларимизда кўряпмиз. Шу боис имкониятимиздан келиб чиқиб, сафимизга янги ҳужумчиларни таклиф қилдик. Машғулотларда яхши ишлаяпмиз. Аммо машғулот билан ўйинни фарқи бор, буни футболчиларга тушунтиряпмиз. Ҳужумчи машғулотда ҳам ҳар бир зарбасини гол билан якунлаши керак. Агар машғулотларда бунинг устида ишламаса, ўйинда қийин бўлади. Хоҳлаймизми-йўқми, Ўзбекистонда яхши ҳужумчилар камайиб кетди. Барибир бизда иқтидорли ҳужумчилар кўп. Келажакда албатта яхши ҳужумчилар етишиб чиқади. Ҳозирда эса биз бор имкониятимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

- Легионер жалб қилишга клубнинг моддий имконияти йўл қўймайдими ёки ўзингиз хоҳламайсизми?

- Биринчи навбатда маҳаллий ўйинчиларимизга эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Яхши легионер барибир яхши маош сўрайди. Биз энди оёққа тураётган жамоамиз. Шу жамоамиз билан ҳам олдимизга қўйилган вазифани бажара олишимизга ишонаман. Кейинги учрашувларда шу ўйинчиларимиз билан яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Ўринбосарлар жамоасининг ўйинларини ҳам кузатяпсиз. ФИФА кунларидан кейин айнан ўринбосарлар таркибидан кимларнидир асосий жамоада кўришимиз мумкинми?

- Имкон даражасида кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Эътибор берсанглар, Асилбек Анваров иккинчи бўлимда майдонга тушди. Ёмон ҳаракат қилмади, ўзини йўқотиб қўймади. Ўринбосарлар баҳсида ўзини кўрсатиб, гол урганди, шу боис асосий жамоага жалб қилдик. Ёшларга имконият беришда давом этамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!