Анхель Лопес: "Металлург"га нисбатан устунликка эга бўлдик"
“Металлург” – “Сурхон” (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Анхель Лопес иштирок этди ва журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.
- Бугун биз майдоннинг ҳар бир қаричи учун тер тўкдик. Ғалаба учун икки тайм мобайнида бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Гол уришга уриндик. Жуда кўп стандарт вазиятларга, бурчак тўпларига эга бўлдик. Аммо мақсадимизга эриша олмадик. Вазиятлардан фойдаланишда оқсадик.
- Жамоада икки тенг кучли дарвозабон бор. Бугун Шоҳруҳ Эшбўтаевга имконият берилгани нима билан боғлиқ?
- Тўғри таъкидладингиз, бизда ҳозирда икки нафар кучли дарвозабон бор. Улар ўзаро жиддий рақобат ҳосил қилишмоқда. Шохруҳнинг машғулотлардаги фаоллигини инобатга олиб, бугун уни майдонга туширишга қарор қилдим. Икки кучли дарвозабонга эга эканлигимиздан хурсандмиз.
- Ноқулай об-ҳаво ва майдоннинг ҳолати ўйинга таъсир кўрсатди, деб ўйлайсизми?
- Тошкентда деярли ҳар куни ёмғир ёғмоқда. Ҳа, бундай об-ҳавода машғулот ўтказиш ҳам, расмий ўйинда майдонга тушиш ҳам оғир.
- Испаниялик ҳамкасбингиз, "Металлург" устози Луисма Эрнандесдан қандай ишланмаларни кутгандингиз?
- Биз "Металлург"га қарши жиддий тайёрландик, рақибнинг ўйинларини ўргандик. “Металлург” "Насаф"га қарши ажойиб ўйин кўрсатганди. Фаолликни умуман сусайтирмасликка уриндик. Биз олдинги баҳсларда ҳам яхши ўйин кўрсатгандик, аммо ғалаба қозона олмагандик. Бугун ҳам биз мезбонларга нисбатан устунликка эга бўлдик, деб ўйлайман.
- Бугун қўлга киритилган бир очкодан қониқмадингизми?
- Бизда ўнлаб имкониятлар бўлди. Аммо улардан фойдалана олмадик. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, натижадан бироз кўнглимиз тўлмади. Биз бундан-да ижобий натижага ҳақли эдик. Аммо сафарда қўлга киритилган очкони барибир муваффақият деб баҳолаш мумкин.
“Металлург” матбуот хизмати.
Фикрлар