АПЛда энг кўп ўйин ўтказган 5 футболчи
Ads

Англия Премьер-лигаси жаҳондаги энг тезкор ва томошабоп лига саналади. Бироқ шундай футболчилар борки, улар учун мазкур турнирда ўйнаш оддий ҳолга айланган. Қуйида биз айнан улар ҳақида – яъни АПЛда энг кўп ўйин ўтказган футболчилар ҳақида ҳикоя этамиз.

5. Гари Спид – 535

Уэльслик марҳум футболчи 22 йиллик фаолияти давомида “Лидс”, “Эвертон”, “Ньюкасл”, “Болтон” ва “Шеффилд Юнайтед” клубларида тўп сурган. Бутун фаолияти давомида Спид АПЛнинг 535 та ўйинида майдонга тушган бўлсада, фақатгина бир бор мазкур турнирда ғолиб чиқиш насиб этган холос. Уэльс терма жамоасининг собиқ футболчи ва мураббийси бўлган Гари 2010 йил футболдаги хизматлари учун Британия Империяси томонидан орден билан тақдирланган. 

4. Дэвид Жеймс – 572

 

46 ёшли собиқ дарвозабон бутун фаолияти давомида 10 га яқин жамоа дарвозасини қўриқлаган. “Ливерпуль” роса 26 йил олдин Англия чемпионлигини қўлга киритган бўлса, ўша жамоа таркибида қаҳрамонимиз ҳам бор эди. 2008 йилнинг 30 январида Жеймс ўзининг АПЛдаги 500 ўйинини ўтказди ва бу борада юқорида фикр юритганимиз – Гари Спид ҳамда Гиггздан кейинги бўлди. Қизиғи, АПЛда шунча ўйин ўтказган дарвозабон 2014 йилнинг майида ўзини банкрот деб эълон қилган эди. Айтганча, Жеймс ҳам худди Спид сингари футболдаги хизматлари учун Британия ҳукумати томонидан орден билан тақдирланган.

3. Фрэнк Лемпард – 609

Лемпард ҳақида кўпчилик маълумотга эга. Шу боис бугунги кунда “Нью-Йорк Сити” сафида тўп сураётган футболчи ҳақида ортиқча  фикр юритишимиз шарт эмас. “Челси” тарихидаги энг яхши тўпурар саналадиган Лемпард АПЛда тўп сурган 39 та жамоа дарвозасини ишғол этган. Дарвоқе, Френк ҳам Британия империяси томонидан орден ва офицерлик унвони билан тақдирланганлигини кўпчилик билмаса керак.

2. Гарет Барри – 613

Бизнинг рейтингимиздан ўрин эгаллаган ва ҳамон футболчилик фаолиятини давом эттираётган ягона футболчи бу Барридир. Ушбу мавсум “Уотфорд”га қарши беллашувда Барри АПЛдаги ўйинлар сони бўйича Лемпардга етиб олган эди. Бир неча кун муқаддам эса “Эвертон” раҳбарияти Гарет билан шартномани 2018 йилга қадар узайтирганлигини инобатга оладиган бўлсак, футболчи тез орада Гиггзни ҳам ортда қолдириши аниқ.

1. Райан Гиггз – 632

Гиггз бутун фаолиятини “Манчестер Юнайтед”га бағишлаган футболчилардан биридир. АПЛда энг кўп ғолиб чиққан футболчи, АПЛда энг кўп ўйин ўтказган футболчи, АПЛда энг кўп голли узатмани амалга оширган футболчи, “МЮ” сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи бу Гиггздир. Хайратланарлиси эса 24 йиллик футболчилик фаолияти давомида уэльслик собиқ футболчи бирор марта ҳакамлар томонидан майдондан четлатилмаган.

Изох: Статистика 14.01.2017 ҳолатига

Шаҳзод Холбоев тайёрлади