АҚШ компанияси Месси ва Аргентина терма жамоасини судга берди

Майамида жойлашган спорт ва мусиқий тадбирларни ташкил этишга ихтисослашган VID компанияси "Интер Майами" ҳужумчиси Лионел Месси ва Аргентина футбол ассоциациясини (АФА) шартномани бузгани учун судга берди, деб хабар бермоқда TMZ.

VID Аргентина футбол ассоциацияси билан ўтган йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган терма жамоанинг Венесуэла (1:0) ва Пуэрто-Рико (6:0) билан иккита кўргазмали ўйинини ўтказиш учун эксклюзив ҳуқуқларни тақдим этиш бўйича 7 миллион долларлик шартнома тузди.

Келишувга кўра, агар Месси жароҳат олмаса, ҳар бир учрашувда камида 30 дақиқа майдонда ўйнаши керак эди. Бироқ, аргентиналик футболчи Венесуэла терма жамоаси билан ўйнамади ва эртаси куни МЛСда "Атланта"га қарши ўйинда (4:0) иштирок этди ва дубль қайд этиб, голли узатмани амалга оширди.

Компания 38 ёшли суперюлдуз майдонга тушмагани сабабли миллионлаб доллар йўқотгани ва барча зарарларни қоплаш, шунингдек, қўшимча тўловлар талаб қилаётганини даъво қилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!