Ҳусанов ҳақида катта хушхабар!
Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси Абдуқодир Ҳусановни қўллаб-қувватлаб келаётган кўп сонли мухлислар ўйинчи фаолияти ҳақида яна бир хушхабарни эшитди.
Forbes Sport портали Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ташкилот томонидан тузилган 2026 йилги жаҳон чемпионати иштирокчилари орасида ўз мамлакати миллий терма жамоасидаги энг кўп маош оладиган 48 нафар футболчи рейтингига киритди.
Йрик манба – Forbes Sport тадқиқоти натижаси ҳисобланган ушбу рейтинг футболчиларнинг йиллик умумий даромади асосида тузилган бўлиб, унда маош, бонуслар, спонсорлик шартномалари, лицензия тўловлари, реклама келишувлари ва шахсий бизнесдан келадиган даромадлар ҳисобга олинган.
Ҳисоб-китобларда Capology, Football Benchmark ва Spotrac маълумотларидан фойдаланилган. Барча суммалар солиқлар ва агентлик комиссияларисиз келтирилган.
Рейтингга Ўзбекистондан фақат 22 ёшли Абдуқодир Ҳусанов киритилди ва умумий рўйхатда 38-поғонага жойлаштирилди.
Forbes Sport баҳосига кўра, Ҳусановнинг йиллик даромади қуйидагича:
- Футболдан оладиган даромади – 5 миллион АҚШ доллари.
- Футболдан ташқари даромадлари – 1,2 миллион АҚШ доллари.
Ўзбекистонлик машҳур футболчининг асосий спонсори сифатида дунёга донғи кетган Puma компанияси қайд этилган.
Шунингдек, 2025 йилда Ҳусанов ўзининг AK45 энергетик ичимликлар брендини ишга туширгани ва бу лойиҳа ҳам унинг тижорий даромадларини баҳолашда ҳисобга олингани таъкидланган.
Sports.uz портали ўқувчиларга ушбу рейтингда кучли учликдан ўрин олган юлдузларни ҳам таништиради. Биринчи ўринни Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду эгаллади. Унинг йиллик умумий даромади 280 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 230 миллион доллари футбол фаолиятидан, 50 миллион доллари эса тижорий фаолиятдан келади.
Иккинчи қаторда Лионель Месси қайд этилган. Унинг йиллик даромади 130 миллион доллар бўлиб, шундан 60 миллион доллари футболдан, 70 миллион доллари эса бошқа тижорий фаолиятлар ҳисобига тўғри келади.
Учинчи поғонада эса Килиан Мбаппе бормоқда. Франциялик ҳужумчининг йиллик умумий даромади 95 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бундан 70 миллион доллар футбол фаолиятидан, 25 миллион доллар эса реклама ва бошқа тижорий лойиҳалардан келади.
Мундиалдаги футболчимиз хориж клублари билан музокара бошлади

Фикрлар