Аргентиналик афсонавий теннисчи катта спорт билан хайрлашди

Аргентиналик теннисчи Хуан Мартин дель Потро катта теннис билан хайрлашганини эълон қилди.

Дунёнинг собиқ учинчи ракеткаси Буэнос-Айресда бўлиб ўтаётган Аргентина очиқ чемпионатининг биринчи даврасида ҳамюрти Федерико Делбонисга 1:6, 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди ва ўйиндан сўнг ўз қарорини маълум қилди.

“Бугун мен кучимни сўнгги қисмигача ишлатдим. Хайрлашувим матбуот анжумани хонасида эмас, кортда бўлди ва мен шуни хоҳлардим. Буни қабул қилиш осон эмас, аммо танамдаги оғриқлар билан ўйнаш жуда қийин. Мен тиззамдаги оғриққа ечим топишим, ҳаётим ҳақида ўйлашим, мен оғриқсиз яшашим керак.

Фаолиятим давомида спорт тарихидаги энг яхшилар билан бирга бўлганимдан хурсандман ва эришганларимдан фахрланаман. Бу лаҳзани умрим давомида унутмайман. Мен теннисдаги барча орзуларимга етдим ва халқ меҳрини қозондим. Бу мен учун энг яхши соврин. Халқ қаршисида ўйнаганимдан хурсандман”, — деди сўнгги ўйиндан сўнг кўз ёшларини тия олмаган 33 ёшли аргентиналик.

Маълумот учун, дель Потро карьераси давомида 439 ғалабага эришиб, 173 бор мағлубиятга учраган. Унинг ҳисобида 22 та титул бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!