“АрМИ—2022”: “Танк биатлони” жамоамиз финалда

Кеча Москва вилоятининг “Алабино” полигонида “Танк биатлони” мусобақасининг ярим финал биринчи гуруҳ беллашувлари бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда вакилларимиз Россия, Беларус, Ўзбекистон ва Мўғулистон жамоалари билан бир гуруҳдан жой олиб, финал йўлланмаси учун курашганди. Юртдошларимиз ўрин олган гуруҳда натижалар қуйидагича кўриниш ҳосил қилди:

Россия – 1 соат 29 дақиқаю 59 сония;
Беларус – 1 соат 39 дақиқаю 29 сонияда;
Ўзбекистон – 1 соат 53 дақиқаю 39 сония;
Мўғулистон – 2 соат 4 дақиқаю 39 сония.

Бугун ярим финалнинг иккинчи гуруҳ баҳслари бўлиб ўтди. Унда Хитой, Озорбайжон, Ветнам ва Қозоғистон вакиллари ўзаро беллашди. Натижалар эса қуйидагича:

Хитой – 1 соат 51 дақиқаю 57 сония;
Озарбайжон – 1 соат 57 дақиқаю 39 сонияда;
Вьетнам – 2 соат 10 дақиқаю 1 сония;
Қозоғистон – 1 соат 54 дақиқаю 53 сония.

Мусобақа низомига кўра, ярим финалда ҳар иккала гуруҳ ичидан энг яхши натижа кўрсатган 4 та иштирокчи жамоа финалга йўл олади. Бугун ўша жамоалар номи аниқ бўлди. Булар: Россия, Беларусь, Хитой ва Ўзбекистон.

“Танк биатлони” жамоамиз 2019 йили мазкур мусобақада илк бор иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритган эди. Шундан сўнг вакилларимиз энг кучли жамоалар ўрин олган биринчи дивизионда қатнашиш имкониятини қўлга киритганди. Бу йил эса танкчиларимиз чинакам матонат кўрсатиб, мусобақанинг финал босқичи иштирокчисига ҳам айланди. Полковник Жума Аташев бошчилигидаги йигитларимизга 27 август куни бўлиб ўтадиган финал баҳсида ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз. Олға, Ўзбекистон!

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!