“АрМИ—2022”. “Содиқ дўст”дан мутлақ устунлик: аёллар ва эркаклар жамоаси олтин медалларни қўлга киритди
“АрМИ—2022” Халқаро армия ўйинлари доирасида Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида ўтказилган “Содиқ дўст” мусобақаси ўз якунига етди.
Ушбу мусобақада мамлакатимиз номидан иккита жамоа қатнашиб, уларнинг бири асосий, кейингиси танловдан ташқари тартибда иштирок этди. Шу ўринда асосий жамоамизда ғалабага ҳисса қўшган қаҳрамонларимиз номини қайд этиш ўринлидир. Хусусан, эркаклар жамоасида юқоридаги рекордчиларимиз кичик сержант Зуҳриддин Қўшоқов ва контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Қурбонбек Ярашев билан бирга III даражали сержант Улуғбек Нуруллаев “Бояр”, кичик сержант Содиқ Дилмуродов “Клиф”, III даражали сержант Далер Икромов “Арго” лақабли хизмат итлари билан Халқаро армия ўйинларига пухта тайёргарлик кўрганини исботлади.
Асосий бўлмаган жамоа таркибида эса кичик сержант Муслимбек Алимов “Стинг”, кичик сержант Мирзоҳид Маматов “Рон”, кичик сержант Ғайрат Арслонов “Весла” лақабли Белгия овчаркаси зотига мансуб хизмат итлари билан машқ майдонига тушди. Шунингдек, контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шамсиддин Қўшоқов “Верний”, кичик сержант Жаҳонгир Сафаров “Жесси” лақабли хизмат итлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Бугун мусобақанинг сўнгги “Дог биатлон” (чемпионлар пойгаси) шартида ҳар бир жамоадан якка тартибда ягона иштирокчи қатнашди. Дастлаб аёллар ўртасида ҳамюртимиз кичик сержант Иродахон Олимова “Гита” лақабли хизмат ити билан майдонга тушиб, тенгсиз эканини исботлади ва мутлақ ғолиб бўлди. Ироданинг ғалаба сериясини эркаклар жамоамиз давом эттирди.
Эркаклар ўртасида кичик сержант Зуҳриддин Қўшоқов “Бест” лақабли содиқ дўсти билан мусобақанинг навбатдаги рекордини ўрнатди. Эътиборлиси, 2021 йилги 5 дақиқаю 56 сониялик рекордга ҳам унинг ўзи муаллифлик қилган эди. Жорий йилда эса 5 дақиқаю 25 сониялик натижани қайд этиб, рекордини янгилади.
Шу тариқа мусобақанинг мазкур энг охирги шартида жазоирлик ҳарбий кинолог Абдулқодир Менасри “Иско” лақабли хизмат ити билан иккинчи, Россия жамоасидан кичик сержант Никита Борисов “Гай Фокс” лақабли хизмат ити билан 3-ўринни эгаллади. Кичик сержант Дмитрий Татаринов (Беларусь) эса “Зевс” лақабли хизмат ити билан охирги ўринни банд этди.
Фикрлар