"Арсенал" чемпионлик паради вақтида 24 киши ҳибсга олинди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Лондон полицияси Англия чемпионлиги муносабати билан ўтказилган "Арсенал"нинг чемпионлик паради давомида 24 киши қўлга олинганини маълум қилди.

Полиция маълумотига кўра, тадбир хавфсизлигини таъминлаш учун 500 нафардан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходими жалб этилган. Қўлга олинганларнинг 10 нафари полиция ходимларига ҳужум қилгани учун, уч нафари эса жинсий зўравонлик айби билан ушланган. Қолган ҳолатлар гиёҳванд моддалар ва қурол сақлаш, ҳақорат қилиш, оғир тан жароҳати етказиш ҳамда жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ бўлган.

Шунингдек, парад вақтида тўртта полиция автомобилига зарар етказилган. Уларнинг фаралари синдирилган ва кузов қисмида кўплаб шикастлар қайд этилган. Айбдорларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, парад ўтказилган ҳудудда пичоқ билан боғлиқ олтита ҳужум ҳолати қайд этилган. Жабрланганларнинг аксарияти жиддий жароҳат олмаган бўлса-да, тахминан 20 ёшли бир йигит ҳаёти учун хавфли аҳволда шифохонага ётқизилган.

Маълумот учун, "Арсенал" якшанба куни Лондон шимолидаги ўзининг уй стадиони атрофида Англия Премьер-лигасидаги чемпионлигини нишонлаш мақсадида чемпионлик паради ўтказган эди. Тадбир муносабати билан шаҳардаги бир нечта метро бекатлари ҳам вақтинча ёпилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!