"Арсенал"га ўтиши айтилган Хулиан Альварес "Барса" билан келишиб олди
«Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альварес «Барселона» билан келишувга эришган ва мадридликлар таркибини тарк этишга интилмоқда. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира ижтимоий тармоқда хабар берди.
Шу билан бирга, «Атлетико» раҳбарияти аргентиналик форвардни сотиш нияти йўқлигини маълум қилган.
Аввалроқ тарқалган маълумотларга кўра, мадридликлар Альваресни фақат «Арсенал»га 150 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр эди. Манбага кўра, «канонирлар»дан ташқари, ҳужумчига «Челси» ҳам қизиқиш билдирган.
Лондон клуби вакиллари пойтахтда «Атлетико» раҳбарлари билан учрашув давомида эҳтимолий битим шартларини ўрганган.
Шу билан бир вақтда «Атлетико» «Челси» ҳужумчиси Николас Жексонни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Унга «Астон Вилла» жамоаси ҳам даъвогар сифатида қайд этилмоқда.
Якшанба, 23 август куни Альварес янги мавсумда илк бор мадрид клуби сафида майдонга тушди. 26 ёшли аргентиналик Ла Лиганинг 2-турида «Вильярреал»га қарши уй учрашувида (2:2) иккинчи бўлимда захирадан майдонга туширилди.
Бироқ унинг қайтиши мухлислар томонидан илиқ кутиб олинмади. «Атлетико» фанатлари деярли бутун ўйин давомида Альваресни ҳайқириқ ва ҳуштакбозлик билан кутиб олди, бу эса футболчининг клубдаги келажаги янада ноаниқлашиб бораётганини кўрсатмоқда.

Фикрлар