“Арсенал” ҳеч қачон бунақа қиммат футболчи сотмаган

“Арсенал” клуби ўз тарихидаги рекорд трансферни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. “Канонирлар” ярим ҳимоячиси Эмил Смит-Роуни сотиб юбормоқчи.

“Фулхэм” 23 ёшли марказий ярим ҳимоячи учун 35 миллион фунт (41,5 миллион евро)тўлашга розилик берган. Трансфер тез орада якунланиши кутилмоқда.

Агар бу олди-берди амалга ошса, “Арсенал” тарихидаги энг катта чиқиш трансфери бўлади. Бунгача “канонирлар”нинг энг катта сотуви 2017 йилда “Ливерпуль”га жўнатилган Алекс Окслейд-Чемберлен бўлган. Бу ўйинчи учун “қизиллар” лондонликларга 38 миллион евро тўлаган.

Эмил Смит-Роу “Арсенал”нинг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан ҳисобланади. Клуб уни икки маротаба “Лейпциг” ва “Хаддерсфилд” клубларига ижарага берган эди. Раҳбарият бу футболчидан энди буткул воз кечмоқчи.

Эмил Смит-Роу “Арсенал”нинг биринчи жамоасида жами 115 та учрашувда иштирок этиб, 18 та гол ва 15 та ассист муаллифи бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!