Арвеладзе кетди, энди «Пахтакор»га нима бўлади?
Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси бош мураббийи – Шота Арвеладзе кеча тунда Тошкентдан Истанбулга учиб кетганидан хабарингиз бор. Унинг «шерлар» билан шартномаси якунланган. Шу боис, мураббий ўз келажаги борасида янги қарор чиқариш мақсадида ортга қайтиб кетди. Хўш, унинг кетиши «Пахтакор» учун қандай таъсир кўрсатади? Бугун шу мавзу ҳақида фикр алмашамиз.
Айни дамда, Арвеладзенинг «Пахтакор»дан кетиши борасида икки хил фикр юрибди. Ўзбек мухлисларининг айримлари клуб сифатли мураббийдан айрилганидан хафа, яна айримлар йилига 2 миллион евро тежаб қолингани ҳақида фикр билдирмоқда. Дарҳақиқат, Арвеладзенинг клубни тарк этиши баҳсли вазият. Қаҳрамонимиз «Пахтакор» сафида барча ички мусобақаларда ғалаба қозонди ва тўлиқ гегемонлик ўрната олди. Афсуски, халқаро майдонда унинг омади келмади. Тошкент клуби Арвеладзени янги даражага кўтарилиш, профессионал даражада ишлаш учун жалб этган эди. Қайсидир маънода, Шота буни амалда кўрсата олди.
Айниқса, ортда қолган мавсумда «Пахтакор» ички чемпионатда бир бош баланд ўйин намойиш этди ва муддатидан аввал чемпион бўлди. Кубок финалида эса, АГМКга ҳеч қандай имкон қолдирмади, аммо Арвеладзе фақат шу мақсадда клубга таклиф этилган эдими?
Катта эҳтимол билан Шота олдига қўйилган асосий мақсадлар бошқа эди. Бирламчи вазифа сифатида жамоа шакллантириш ва халқаро майдондаги «Пахтакор»нинг имижини кўтариш қўйилгани аниқ. Сабаби, Тошкент клуби Шота келгунига қадар ҳам чемпионликни нишонлаган эди. «Шерлар» учун ички биринчиликда ғолиблик янгилик эмас. Жамоани шакллантириш борасида, Арвеладзе ўз вазифасини тўлиқ уддалади. Унинг қўл остида, «Пахтакор»да ҳар бир позиция учун иккитадан кучли футболчи пайдо бўлди. Тўғри, бунинг учун клуб анчагина пул ҳам сарфлади, лекин асосийси натижа бор. Халқаро майдонда эса, «Шерлар» айтарли ҳеч нарсани уддалай олгани йўқ. Бу сўзларимиз кимнидир хафа қилиши мумкин, бироқ бундай катта имкониятлар билан ОЧЛнинг чорак финалига чиқиш улкан натижа ҳисобланмайди. Боз устига, клубда мусобақага яхши тайёргарлик кўриш учун барча имконият мавжуд эди. Ўтган йилги ОЧЛ баҳсларида тошкентликлар ҳатто гуруҳдан ҳам чиқа олмагани ёдингиздами? Бундан кўриниб турибдики, Шота ўз олдига қўйилган энг муҳим иккита вазифадан биттасида уддалай олмади.
Ҳозирча «Пахтакор» клуби раҳбарлари ички воқеаларни сир тутмоқда. Шотанинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида ҳам ҳеч қандай янгилик йўқ. Бу вазиятда синчков мухлис ўзи учун иккита вариантдан бирини танлашга тўғри келади.
Биринчи вариант : «Пахтакор»да молиявий имкониятлар чекланади. Шу боис, клуб ўз етакчиларини қўйиб юбормоқда.
Иккинчи вариант: Жамоа Арвеладзедан кучлироқ, халқаро майдонда натижа олиб келадиган янги хорижлик мураббийни олиб келмоқчи. Кетганларнинг ўрнини эса, кучли легионерлар билан тўлдиради.
1) Агар биринчи вариант ҳақиқатга яқин бўлса, келаси мавсумда биз «Пахтакор»нинг анча кучсизлашган версиясини кўришга мажбур бўламиз. Дердийок, Сергеев, Машарипов сингари футболчиларнинг таркибда бўлмаслиги, ички чемпионатда ғалаба қозониш имкониятларини кескин камайтириб юборади. Боз устига, Драган Чераннинг ҳам кетиши ҳақида миш-мишлар юрибди. Sports.uzнинг инсайдерлари берган маълумотларга қараганда, футболчига Қозоғистон ва Таиланднинг бир нечта клублари қизиқиб қолган. Агар у ҳам клубни тарк этса, «Пахтакор» клубининг бюджети қисқартирилгани ўз тасдиғини топади. «Шерлар» ўз «камарини қаттиқроқ тортса» ички чемпионатимиздаги бошқа клублар учун қўшимча имконият пайдо бўлиши мумкин. «Насаф», «Навбаҳор» ва «Локомотив» сингари клублар келаси мавсумда ўз олдига катта мақсадлар қўйганидан хабарингиз бор. Агар, тошкентликлар кичикроқ бюджет билан чемпионликни ҳимоя қилмоқчи бўлса, бу анча мушкул вазифага айланади.
2) Агар иккинчи вариант ҳақиқатга яқинроқ бўлса, унда «шерлар» мухлислари хавотир олмаса ҳам бўлади. Бюджет борасида муаммолар бўлмаса, ҳар қандай кетган футболчи ва мураббийнинг ўрнини тўлдириш мумкин. Катта пуллар бу - доимо қўшимча устунлик дегани. Бу эса, кичикроқ бюджетдаги клубларни узоқ масофага чўзиладиган турнирларда осонлик билан доғда қолдириш имкониятини яратади. Агар «Шерлар» ўз брендининг ривожлантириш мақсадида бошқа хорижлик мутахассисни олиб келса, бу Ўзбекистон клубларининг халқаро майдондаги рейтинги учун катта плюс бўлади. Шундай бўлсада, ички чемпионатдаги интрига ўз-ўзидан йўқолиши аниқ. Умуман олганда, «Пахтакор»нинг катта бюджетга эга бўлишили ўзбек футболига икки хил таъсир қилади.
Шотанинг кетиши «Пахтакор» учун катта йўқотишми? Ўзбек футболчи учун-чи?
Келинг, энди бироз ортга назар ташлаймиз. Шота Арвалдзе ўзининг Ўзбекистондаги илк йилларида катта муаммоларга учради. Чемпионлик учун курашни бой берди. Легионер танлашда адашди ва Қаршида «Насаф»га 4:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Кейин эса, секин-аста жамоани кучайтириб борди. Сифатли футболчилар ва кучли легионерларнинг («Насаф»дан) келиши жамоа қудратини оширди. Шота Ўзбекистонда қўли етадиган ҳамма иқтидорларни ўз жамоасига жалб қилди ва ўйинни шакллантиришга уринди. Ўзи учун керак бўлган ҳаммани атрофига жамлади. Тан олиш лозим, Шота натижа кўрсатиши учун бир мунча вақт талаб қилинди. Асосий таркиб футболчилари узоқ муддат бир ерда жам бўлгач, ўз-ўзидан жамоа жипслашиб борди. Йигитлар «Пахтакор»дан кетиб қолмаслиги учун клуб уларни молиявий ҳамма талабларни қондириб борганини ҳам унутмаслик лозим. Афсуски, шунча уринишга қарамай, халқаро майдонда натижа кўрсатишнинг имкони бўлмади.
Шота маҳаллий мураббийлардан кучлими?
Тан олиш лозим, Шота кучли мураббий. Боз устига, натижа ҳам кўрсатди, бироқ бу уни маҳаллий мураббийлардан кучли, деб ҳисоблашимизга сабаб бўладими? Ҳа у кучли бўлиши мумкин, аммо Бердиев ёки Бақоевдан 2 бош устун, дейишимиз мумкин эмас. Келинг тан олайлик, унинг қўл остидаги молиявий имконият ва мамлакатимиздаги энг кучли футболчилар билан Бердиев, Қосимов ва ҳатто Абрамов ҳам ички биринчиликда ғалаба қозониши мумкин эди. Бу сўзларимиз билан Шотани кучсиз мураббий демоқчи эмасмиз, шунчаки у эришган ютуқ ортида бошқа омиллар ҳам мавжуд эканлигини айтмоқчимиз холос.
Ундаги имкониятлар агар Қосимов ёки ҳеч йўқ Ашурматовда бўлганида ўзимизнинг мураббийлар ҳам Ўзбекистон Суперлигасида ғалаба қозониши мумкин эди. Буни ҳамма тушуниб турибди. Шу боис, раҳбарият Арвеладзенинг олдига халқаро майдондаги ғалабаларни асосий вазифа қилиб қўйган бўлиши мумкин. Асосий фронтда натижа бўлмагач, Шотанинг кетиши (агар клуб унинг ўрнига бошқа хорижлик мураббийни олиб келмоқчи бўлса) катта талофат эмас. Ҳа у чизиқли ҳимояни тартибга солди, ҳа у қанот вингерлари орқали тезкор футбол намойиш этди, ҳа у бир мавсумда 100 та гол урадиган жамоани шакллантирди, аммо бунинг учун унга «Пахтакор» ҳамма шароитни яратиб берганини унутмаслик лозим! Агар у бу натижаларни нисбатан кучсизроқ, бюджети кичик клубда амалга оширганида, унинг кетиши чемпионатимиз ва ўзбек футболи учун оғир зарба бўлади, дейишимиз мумкин эди. Тўғри, Шота кучли мутахассис. У Европа футболи ҳавосини «Пахтакор»га олиб келди. Унинг қўл остида футболчиларимизда прогресс кузатилди.
Шунга қарамай, унинг кетиши ўзбек футболи учун катта йўқотиш, деб бўлмайди. Ўз вақтида, Сколари, Зико, Непомняшчий, Боб Хоугтон сингари мураббийлар кетгач, ҳам ўзбек футболи қулаб кетмаган. У доимо бор ва бўлади. «Пахтакор»га келадиган бўлсак, у аввало ўзининг келажак режаларини тузиб олиши лозим. Яқин йиллар ичида қандай молиявий аҳволда бўлишини инобатга олган холда, режа билан ҳаракат қилиши лозим. Шу кунга қадар шахмат доскасидаги энг асосий фигура саналган Шота Арвеладзе «ўйиндан чиқди». Энди «Пахтакор» раҳбарияти бу йўқотишни биргина «юриш» билан ўрнига қўйиши лозим!Акс холда, «Пахтакор» «шахмат доскасидаги» гегемонлигини қўлдан чиқариб юбориши аниқ.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар