Асл позицияси, жамоанинг чемпионликка тайёрлиги ва Бердиевнинг кўрсатмалари ҳақида Алиқулов билан интервью

SPORTS.uz нашри Тожикистонда бўлиб ўтаётган ОФК кубоги мусобақасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган «Насаф» жамоаси аъзолари билан суҳбат уюштиришда давом этади. Бугун, «Хўжанд» жамоаси дарвозасини ишғол қилган ҳимоячи - Ҳусниддин Алиқуловни суҳбатга тортдик.

- Биринчи беллашувдан фарқли ўлароқ, жамоа майдон эгалари билан муаммога дуч келганингиз йўқ. Ўйинда нима эвазига ғалаба қозондик, деб ўйлайсиз?

"Аслида, осон учрашув бўлмайди. Боз устига, халқаро аренада, меҳмонда, сунъий майдонда ҳаракат қилиш осон эмас. Шунга қарамай, баҳсни ўз фойдамизга ҳал этдик. Ташқаридан енгил кўрингани билан, натижа учун бутун жамоа ҳаракат қилди. Дарвозабонимиз ҳам биринчи бўлимда энг муҳим вазифасини уддалади. Унинг ишончли ўйини бўлмаганида, таблодаги ҳисоб умуман бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Ғалабага келсак, бу мураббийлар штаби томонидан берилган вазифани тўлиқ бажарганимиз билан боғлиқ. Ҳамма ўз ишини 100 фоиз бажарди. Натижа ҳам бизни тўлиқ қаноатлантирди".

123123124

- Биринчи бўлимдан фарқли равишда, иккинчи таймда анча сокин ўйин кўрдик. Бу нима билан боғлиқ?

"Шунчаки, тўп назоратини қўлга олдик. Натижа бизга маъқул келгани учун ортиқча энергия сарфлашга ҳожат йўқ эди. Темпни бир меъёрда ушлаб турган ҳолда, бутун майдонни назорат қилдик. Иккинчи қирқ беш дақиқаликда ҳам гол киритишимиз мумкин эди, аммо омад келмади. Шу боис, ўйинни иккинчи бўлимини пассив ўтказдик, деб бўлмайди. Футболда ҳамма нарсани ўз вақтида қилиш катта наф беради. Биз шунчаки, таблодаги ҳисобдан келиб чиқиб ҳаракат қилдик".

- Турнирдаги иккинчи голингизни киритингиз. Айтингчи, сўнгги зарбани бериш нуқтасига чиқиб келишни сизга Рўзиқул Бердиев кўрсатма қилиб берганмиди?

"Ишонасизми, айнан Рўзиқул Саъдуллаевичнинг кўрсатмаси билан жарима майдончаси ичига қадар кириб бораман. Машғулотлар чоғида бу ҳаракатларим бир неча бор ўрганилган. Биз стандарт вазиятлар ва иккинчи қаватда бўладиган тўқнашувларга тайёргарлик кўрамиз. Ана шундай машқлар сабабли рақиб зонасида эркин ҳаракат қилмоқдамиз. Бу олдиндан ўйланган ва мураббийлар кўрсатмаси билан содир бўлган иш. Гол киритиш ҳар доим ёқимли. Айниқса, керакли паллада бу ишни амалга ошириш янада завқ беради".

- Сизни чемпионат баҳсларида баъзан марказий ҳимояда, ўрни келганда қанот ҳимоясида кўришга ўрганиб қолдик. Асл позициянгиз қаер?

"Бу саволни менга кўп беришади. Соф марказий ҳимоячи сифатида фаолиятимни бошлаганман. Шунга қарамай, майдонда жой танлаб ўтирмайман. Мураббийларим менга қаерни лойиқ кўрса, ўша позицияни беркитишга тайёрман. Ҳар бир футболчи ўз ишига профессионал ёндашса, унга қайси позицияда тўп суришнинг аҳамияти йўқ. Жамоага қанотда керак бўлсам, мен «Насаф» учун қанотда жанг қилишга тайёрман. Асосийси, фойдам тегиши, қолгани муҳим эмас.

igjrewijhijherhe

- Ҳал қилувчи 3-турда гуруҳдан ким чиқиши маълум бўлади. Жамоанинг муҳим баҳс олдидан кайфияти қандай?

"Аъло даражада. Сўнгги 90 дақиқа меҳнатимизни юзага чиқаради. Буни барчамиз билиб турибмиз. Шу боис, ҳаяжон ва ортиқча фикрлардан йироқ ҳолда тайёргарлик кўрамиз. Агар оддий ўйинга чиққандек ҳаракат қилсак, босимни енгиб ўтишимиз осонроқ бўлади. Насиб қилса, «Насаф» клуби квартетда биринчи поғонани эгаллайди. Бунинг учун жамоамиз қўлидан келган барча ишни амалга оширади. Мухлисаларимиз бизни дуо қилиб турса бўлгани. Улар учун «жанг» қилишга тайёр кайфиятдамиз!

- Бугунги йирик ҳисобдаги ғалабадан сўнг деярли барча футбол мухлислари «аждарлар»дан чемпионликни кутиши аниқ. Жамоа бу чақирувга руҳан тайёрми?

"Бўлмасамчи! Биз руҳан ва умид қиламанки, жисмонан бунга тайёрмиз. Турнирда зафар қучиш учун кучли истак керак. Йигитлар халқимиз ва клубимиз учун кубок қай даражада муҳим эканлигини ҳис этмоқда. Худо хоҳласа, уларни хурсанд қиламиз. Юқорида таъкидлаганимдек, биз чемпионликни мақсад қилганмиз. Ортга чекиниш йўқ"!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!