"Аслида кетишни истамагандим, лекин..." - Ахтам Назаров

Яқинда “Андижон” жамоасини тожикистонлик футболчи Ахтам Назаров тарк этгани хусусида хабар бериб ўтгандик.

Айтиш мумкинки, Назаров жамоа учун ёрдам беришни хоҳлади ва бунга интилди. Лекин оила ва фарзандларнинг саломатлиги ҳамма нарсадан устун туради. Тожикистон терма жамоаси сардори эса юқоридаги сабаб туфайли хайрлашишига тўғри келганини биласиз.

Ахтам эса аввало “Андижон”даги ярим йиллик фаолияти ҳақида шундай деди:

“Айтмоқчиманки ҳаммаси ёмон бўлмади ва шаҳар гўзал, одамлари меҳрибон. “Андижон” клубининг ўзи умуман жуда яхши жамоа, мақсади бор ва буни биринчи давра кўрсатди. Албатта, жамоани кузатиб бораман. Менимча, иккинчи даврада жамоа жадвалда янада мустаҳкам ўрин эгаллайди".

ахтам4_1

Умуман олганда, унинг учун клубни тарк этиш қандай кечди? Чунки баъзида жамоаси билан хайрлашиш ўйинчига оғир кечади.

“Аслида бу клубдан кетишни истамагандим. Лекин шароит бунга имкон бермади. Афсуски, мен қарор қабул қилишим керак эди ва биз клуб раҳбарияти билан гаплашиб, шундай қарорга келдик. Жамоанинг мураббийларига, футболчиларига  ва барча ходимларига раҳмат айтмоқчиман. Биз ҳар доим бирга бўлдик. Клуб бош директори Улуғбек Мирзаевга мени тўғри тушунганлиги, профессионаллиги ва қўллаб-қувватлаганлиги учун алоҳида раҳмат айтаман. Барча муваффақиятлар ва  режалар амалга ошишини тилайман”.

ахтам3_1

Шу ўринда тожикистонлик футболчи “Андижон”да кўпроқ нима ёққани ва эсда қоларли ҳолатлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

“Менга жуда кўп нарса ёқди. Эслаш керак бўлган нарса бор ва энг эсда қоларлиси - бу "Насаф"га қарши учрашув. Умуман, барча ўтган ўйинлар ўзгача таассуротлар қолдирди, менимча жамоа ҳозир муносиб ўринда”, - дейди Назаров.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!