"Асло ортга ташланган қадам деб ўйламайман, чунки..." ёхуд Шаҳбоз Эркиновга "Андижон"да нима ёққанини биласизми?

“Андижон” клуби ўз сафига бир қатор янги ўйинчиларни қўшиб олди ва уларнинг орасида тажрибали футболчилар ҳам бор. Айниқса, кўзга кўринган ҳужумчи Шаҳбоз Эркиновнинг “Бургутлар” сафига қўшилиши мухлисларни қувонтириб юборди.

У фаолияти давомида бир қанча етакчи жамоалар сафида тўп сурди. “Андижон”га келгунига қадар “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қилганини яхши биласиз. Энди эса Эркинов “Андижон”нинг бир бўлагига айланди. Бу ерга уни таклиф қилишдан асосий мақсад жамоани Суперлигага қайтаришда тажрибасидан фойдаланиш. Ўз навбатида Шаҳбоз ҳам клубга ёрдам бериш учун бор кучини сарфлашга тайёр. Куни кеча тажрибали ҳужумчи айрим саволларимизга жавоб қайтарди.

- Шаҳбоз, “Андижон” клубига ўтганингиз билан табриклайман. Очиғи, кўпчилик буни кутмаганди. Айтинг-чи, “Андижон” жамоасига ўтишингизга нима туртки берди?

- Биринчи туртки бергани бу – уларнинг лойиҳаси менга ёқди. Жамоадагиларнинг менга бўлган қизиқиши ҳам манзур бўлди. Қолаверса, клубнинг Суперлигага қайтиш хоҳиши кучлилиги ҳам мени ўзига тортди. Бу ҳақида жамоа раҳбарлари билан гаплашганимдан сўнг ўзимда ҳам “Андижон”га нисбатан қизиқиш уйғонди ва уларнинг таклифини қабул қилдим.

эркинов3_1

- Биламизки, бунга қадар “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қилдингиз ва клубнинг асосий ҳужумчиларидан бири эдингиз. Ушбу клубни тарк этишни олдиндан режалаштириб қўйганмидингиз ёки барчаси тўсатдан юз бердими?

- У ерда кўпроқ ёшларга эътибор қаратилди. Айниқса, клуб академиясидаги тарбияланувчиларга суянишадиган бўлди. Бундай қарорни клуб президенти томонидан топшириқ сифатида тушунтиришди. Ёшларга кўпроқ эътибор берилади, дейишгани учун кетишга қарор қилдим. Шу сабабли, “Бунёдкор” билан хайрлашишим кутилмаганда рўй бергани йўқ, вазият аста-секин шунга қараб кетаётганди.

- Суперлигада қатор клубларда тўп сурдингиз ва ўз номингизга эга бўлдингиз. Энди про лигада тўп суришингизни фаолиятингизда ортга ташланган қадам сифатида баҳолаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу хусусида ўзингиз нима дея оласиз?

- Йўқ, мен буни асло орқага қадам ташлаш, деб ўйламайман. Негаки, биринчидан, мени ёшимни ҳам ҳисобга олиш керак. Энди ёш футболчи эмасман. Иккинчидан, про лига ўйинлари орқали ҳам мухлисларнинг ҳурматини ва ишончини қозонишга ҳаракат қиламан.

эркинов2_1

- Асосий мақсадингиз нима? “Андижон”га келганингиздан кейин маҳаллий мухлисларни сиздан умиди катта. Уларга нима деган бўлардингиз?

- Жамоани Суперлигага қайтариш, бу энг асосий мақсадимиз. Голларим ва ўйинларим билан мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз. Албатта, гол уриш энг муҳими эмас, асосийси, мен учун жамоамизнинг ғалабаларидир. Шахсий ютуқдан кўра, жамоанинг ютуғи устун туради.

- Про лигада тўпурар бўлишга ваъда берасизми?

- Йўқ. Аммо бунинг учун ҳаракат қиламан.

эркинов1_1

- Ҳеч бўлмаганда нечта гол уришни режалаштириб қўйдингиз?

- Ҳаммаси Худодан. Биз эса ўз устимизда ишлаб, меҳнат қилишда давом этаверамиз.

- Про лига тўп суриш Суперлигага нисбатан осонроқми?

- Мен бундай демаган бўлардим. Мана, ўтган йили Рўзимбой Аҳмедов ва “Нефтчи” ҳужумчиси адашмасам 12 ёки 14 та гол уриб тўпурар бўлишди. Суперлигада эса 16 та гол урилди, барибир фарқи бор. Шу боис осон дея олмайман, ўзига яраша мураккаблиги бор.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!