Асрор Алиқулов: "Бу ўйин кўп нарсани ҳал қилади"

Про лиганинг 7-турида “Машъал” сафарда “Дўстлик” меҳмони бўлди. Голларга бой ўтган учрашувда муборакликлар 2:4 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди. Лекин бу осон бўлгани йўқ. Сабаби, “Дўстлик” футболчилари жиддий қаршилик кўрсатишди. Шунга қарамай, тажрибалироқ ҳисобланган “Машъал” уч очкони қўлга киритди. Учрашувдан кейин “Машъал” устози Асрор Алиқулов айрим саволларга жавоб қайтарди.

- “Дўстлик” жамоасини про лигада турнир жадвалидаги ўрнидан келиб чиқиб футболчиларга сусткашликка йўл қўймаслик, бу ўйновчи жамоалиги, тўпни яхши назорат қила олишини ва таркибида яхши футболчилар борлигини уқтиргандик. Кўрдингиз, қизиқарли ўйин бўлди. Барибир бошида ҳисобда ортда қолдик. Имкониятлар яратишга йўл қўйдик. Аммо ўйинчиларимиз ўзларида куч топишди. Бугунги ғалаба учун футболчиларимга миннатдорчилик билдираман. Узоқ йўл босиб келган мухлисларимизга ҳам раҳмат айтамиз. Бу футбол ва барчаси мухлислар учун. “Машъал” жамоасига кимлар хизмат қилаётган бўлса, барчасини ғалаба билан табриклайман.

- Жамоангиз ўйини қанақа таассурот қолдирди?

- Биринчи навбатда ўйин бошларида йигитларда ўзларига бўлган ишонч ва майдонга мослашиш қийинроқ бўлди. Тўп назорати ва тўпни ўзига бўйсундиришда муаммолар бўлди. Ҳисобда олдинга чиққанимизда бироз тинчлангандек кўриндик. Барибир яна стандартдан гол ўтказиб, бироз ишончни йўқотиб қўйдик.

- Бу ёғига ҳам “Машъал”ни оғир тақвим кутиб турибди. Сафарда яна кетма-кет иккита ўйини бор. Шу ҳақида фикрингиз?

- Ҳар бир учрашув оғир. “Қўқон-1912” жамоасига қарши баҳсга тайёргарлик кўрамиз. Бу ўйин кўп нарсани ҳал қилади. Шу боис яхши тайёргарлик кўриб, мухлисларни хурсанд қилиш учун ҳамма меҳнатни қиламиз.

- Фурсатдан фойдаланиб, 9 май хотира ва қадрлаш кунига ҳам тилакларингизни билдирсангиз...

- 9 май хотира ва қадрлаш куни билан футболга хизмат қилаётганларни ва барча юртдошларимизни табриклайман. Кимлардир орамизда йўқ.

- “Машъал” устунлик қилиб турган пайтида ҳисобни тенглаштирди. Кейинчалик яна шунақа устунлик қилиб турганида пенальтидан гол урди. Яна шундай устунлик чоғида автогол билан ҳисобда олдинга чиқиб олди. Буни адолатли деса бўладими?

- Устунлик ҳамма вақт ҳам сизга натижа бермаслиги мумкин. Футболчиларга устунлик ҳолатида қарши ҳужумга тайёр бўлиш ҳақида уқтирамиз. Стандарт ҳолатида ўзимизга гол уриб қўйганимиз бу футболчининг индивидуал хатоси. Ўша вазиятда ишончлироқ ҳаракат қилиши мумкин эди. Иккинчи ўтказилган голда сусткашликка йўл қўйдик. Бу томонлама “Дўстлик” футболчилари ҳам яхши ижро кўрсатишди. Рақиб ҳаққоний голлар урди.

- Ҳисоб 1:0 пайтида “Дўстлик” футболчиси бирга-бир вазиятдан гол ура олмади. Бир дақиқадан сўнг “Машъал” ҳисобни тенглаштирди. Бу вазиятда “Машъал”га омад келди, деса бўладими? Агар ҳисоб 2:0 бўлганида ўйин қанақа кечган бўлиши мумкин эди?

- Омад келди дейиш мумкин. Рақиб ўйинчиси яккама-якка ҳолатда гол ура олмади. Лекин 2:0 бўлганида ҳам қўлни туширмасдик. Чунки футболчиларни ҳар доим охиригача курашишга ундаймиз. Ҳисоб қанақа бўлиши, 2:0 дан чиқиб кетамизми-йўқми, буни ҳеч ким аниқ айта олмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!