Асрор Алиқулов: Кучли футболчилар жамоани тарк этгач, баъзи футболчилар бизнинг таклифимизни рад этишди
Суперлиганинг 1-турида “Қизилқум” сафарда “Навбаҳор”га қарши баҳс олиб борди ва 3:0 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўйиндан сўнг навоийликлар устози Асрор Алиқулов ўз фикрларини билдириб ўтди.
-Биринчи бўлиб Суперлига старти билан, шу билан бирга “Навбаҳор” мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, биз футболчиларни “Навбаҳор”га қарши ўйинда босимга қарши туришга тайёрладик. Футболчилар майдонда борини бериб ҳаракат қилишди, аммо хатолар эвазига жазоландик. Ўйинда кўп ҳужум уюштира олмадик ва уларни охиригача етказа олмадик. Натижада гол уролмадик.
-"Навбаҳор" сизни ҳайрон қолдира олдими?
-Йўқ, ҳайрон қолдирмади. Чунки, “Навбаҳор” сафидаги футболчиларнинг маҳорати ва жисмоний ҳолати жуда юқори, бундан ташқари Самвел Бабаян қўл остида футболчи сифатида фаолият олиб борганман ва у инсоннинг қанчалик курашувчан ҳарактерга эга эканлигини яхши биламан. Айнан шулар “Навбаҳор”нинг кучли томонлари десам адашмаган бўламан.
-Ўтган йили “Қизилқум”да футболчилар, мураббийлар ва раҳбарият ўртасида муаммолар келиб чиққан эди. Ҳозир жамоадаги муҳит қандай?
-Ҳозир муҳит ўзгарган. Тўғри, муаммолар бор, лекин улар майда муаммолар. Футболчиларнинг тартиб-интизоми бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жамоани бир оила сифатида шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз, лекин бу қисқа вақт ичида бўладиган нарса эмас.
-Ўтган мавсум “Қизилқум”да ўйнаб кетган номдор футболчиларнинг жамоа ҳақида билдирган фикрларидан сўнг янги мавсумга футболчилар жалб этишда муаммолар пайдо бўлмадими?
-Муаммолар бўлди. Кучли футболчилар жамоани тарк этгач, баъзи футболчилар бизнинг таклифимизни рад этишди.
Фикрлар