Асрор Алиқулов: "Шўртан"нинг мақсади Суперлигага қайтиш, аммо таркиб масаласида шошма-шошарликка йўл қўйдик
“Шўртан” клуби Coca-Cola Ўзбекистон Кубоги 1-босқичида сафарда “Турон” билан беллашиб, пенальтилар сериясида ғолибликни қўлга киритган ҳолда 2-босқичга йўлланмани қўлга киритди. Энди ғузорликлар кейинги босқичда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасини қабул қиладилар.
Хабарингиз бор, “Шўртан” клубини ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурган, таниқли собиқ футболчи Асрор Алиқулов бошқариб бормоқда. Унинг олдига эса аниқ вазифалар қўйилган. “Турон”га қарши ўтказилган беллашувдан сўнг ушбу мураббий Sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб берди.
- “Шўртан” ушбу йилдаги илк расмий ўйинини Ўзбекистон Кубоги доирасида ўтказди ва унда “Турон”ни пенальтилар сериясида мағлуб эта олди. Дастлаб ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Футболчиларга майдонга кўникиб кетиш бироз қийин бўлди. Лекин майдоннинг сифати яхши эди. Шунга қарамай, йигитларимиз ҳаяжонларини тезда енгиб ўта олмадилар. Натижада кўп тўп йўқотишлар бўлди. Барибир биринчи бўлимда иккита яхши вазиятга эга бўлгандик. Балки улардан фойдаланганимизда ҳаяжонни барвақт ортда қолдирган бўлардик. Аслида ҳам футболчиларимизга рақиб дарвозаси олдида босим уюштиришни тайинлагандик. Умумий маънода айтадиган бўлсам, ўйин тенг курашлар остида ўтди. Барибир карантинни таъсири бўлди. Иккинчи бўлимда жамоалар асосан очиқ ўйин кўрсатишди. “Турон” охирги пайтларда Суперлига жамоалари билан ўртоқлик учрашувларини уюштирди. Қолаверса, уларнинг мақсади жиддийлигини ҳам биламиз. Уларни ўрганиб чиққан ҳолда рақибга ўйин бермаслик ва тўпни ўзимизда ушлаб туришни мақсад қилгандик. Чунки карантиндан сўнг барибир тўпсиз ўйнаш қийинда. Лекин буни уддаладик деб айта олмайман. Қачонки, таркибда ўзгаришларга қўл урганимиздан сўнг тўпни назорат қила бошладик.
- Ўзбекистон Кубогининг навбатдаги босқичига қуръа ташланди ва унга кўра “Шўртан” ўз майдонида Фарғонанинг яна бир жамоаси – “Нефтчи”ни қабул қилади. Бўлажак беллашув олдидан нима дея оласиз?
- Саккизта жамоа бўлганимиздан сўнг бир-биримизга дуч келаверамиз-да. Энди футболчиларимизни ушбу ўйингача тиклашга ҳаракат қиламиз. Ғузорда “Нефтчи”га қарши қизиқарли учрашув бўлади деб ўйлайман. Эртага тушликкача манзилимизга етиб оламиз ва йигитлар дам оладилар. 25 июндан эса тайёргарлик машғулотларини бошлаймиз.
- Ушбу ўйингача тикланиш учун вақт етарли деб ўйлайсизми?
- Барибир биринчи навбатда тикланишга эътибор қаратамиз. “Нефтчи” билан ўйингача эса вақт, ўйлайманки етарли. Футболчиларимиз бемалол ўзларини учрашувгача тиклаб оладилар.
- Одатда Ўзбекистон Кубоги баҳсларига анча-мунча клублар унчалик жиддий қарашмайди. Шу боис ғолиблик учун асосан 3-4 та жамоалар даъвогарлик қиладилар. “Шўртан” эса Кубок баҳсларида қандай вазифа учун курашади?
- Биринчи вазифамиз – бу жамоанинг олдинги мавқеини тиклаш. Суперлига клублари билан кўпроқ ўйнасак, футболчиларимизнинг савиялари ҳам ошиб боради. Шу сабабли биз ҳам кучлилар орасига қўшилишга ҳаракат қиламиз. Барибир Суперлига иштирокчиларига қарши ўйнаш бошқача. Майли, бу ҳолат чемпионатимиздаги иштирокимизга бироз путур етиши мумкин. Шунга қарамай, биз Кубок баҳсларида ҳам қатнашишни ният қилганмиз.
- Шунингдек, “Шўртан”нинг асосий мақсади Суперлигага қайтиш бўлса керак-а?
- Бу кўп бериладиган савол. Биринчи навбатда яхши жамоа шакллантирмоқчимиз. “Шўртан” ўз базасига ва ёш ўйинчиларига эга бўлган “Машъал” эмас. Албатта, барибир Суперлигага чиқишга ҳаракат қиламиз. Аммо олдинлари “Шўртан” элитада қатнашган пайтларида ҳар йили таркибга 12-13 та ўйинчи келиб ўйнаб кетаверган. Кейин эса клубнинг қарздорлиги кўпайиб кетган. Клуб эса биринчи навбатда пойдеворини яратиб олиши лозим. Бу йил ҳам жамоани шакллантиришимиз, ҳам Суперлигага чиқишга ҳаракат қилишимиз муҳим. Биз айнан мана шу иккита мақсад сари интиламиз.
- Қўл остингиздаги таркиб бунга қодир деб ўйлайсизми?
- Йўқ, таркибдан кўнглим тўқ эмас. Бу масалада биз шошма-шошарлик қилдик. Керакли позицияларга ўйинчи ололмай қолдик. Августгача ихтиёримиздаги футболчилардан фойдаланамиз. Трансфер ойнаси очилгач эса янги ўйинчиларни қидирамиз. Қашқадарё вилояти футбол академиясидан ҳам бир нечта иқтидорларни жалб қилганмиз.
Фикрлар