Асрор Алиқулов: "Ёш болалар қилмайдиган хатоларни 24-25 ёшли футболчилар қилишяпти"
Про лиганинг 17-турида Муборакнинг “Машъал” клуби Тошкентда “Олимпик Мобиуз”ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратди. Натижада жамоа 2-ўрнини мустаҳкамлаб боряпти. Учрашувдан кейин “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйинга тайёргарлик жараёнида “Олимпик Мобиуз”ни тўп билан муомала қилиши, футболчиларнинг техник қобилияти каби ҳолатларини ўрганиб чиққандик. Кўпроқ тезлик эвазига ҳужум қилишни мақсад қилдик. Биринчи бўлимда ҳам вазиятлар яратдик, аммо фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда гол урдик, вазиятларга эга бўлдик. Барибир қалтис ҳисоблиги боис учрашув охирларида “Олимпик Мобиуз” бизни ҳимояланишга мажбур қилди. Кичик ҳисобда бўлса ҳам ғалаба қозондик. Мухлисларимиз ва футболчиларимизни ғалаба билан табриклайман.
- Ўзгартирилган футболчилар деярли фойда беришмади, деса ҳам бўлади. Бунга нима сабаб, деб ўйлайсиз?
- Чигалёзди машғулотларини яхши ўтказишмаган бўлиши мумкин. Ўйиннинг ўтиш жараёнига бироз беэътибор қарашган. “Олимпик Мобиуз” тажовузкор жамоа, майдонда ўйлашга вақт кам. Шунинг учун бу томонлама кўп тўп йўқотишди. Вазиятларга тайёр эмасдек кўриниб қолди. Захирадан охирги туширган футболчимиз Анвар Муродовдан ташқари қолган захирадан тушган ўйинчиларимиз ўзларини кўрсата олишмади.
- Ғалаба қозонаётган бўлсангиз ҳам учрашувни жуда асабий тарзда кузатдингиз. Футболчилар яхши ўйин кўрсата олмаганими ёки бошқа сабаблари ҳам борми?
- Мураббий учун оғир. Йиллар давомида машғулотларда ишлайсиз. Масалан, қандайдир ҳолатда оддий бўлган нарсани ўргатасиз. Лекин ўша ҳолатларда хатоларга йўл қўйиши мураббий учун оғир. Кўрдингиз, бугун ёш болалар қилмайдиган хатоларни 24-25 ёшли футболчилар қилишяпти. Шу нарса мени кўп асабийлаштирди ва жамоанинг ўйинига ҳам таъсир қилди.
Фикрлар