Асрор Алиқулов: "Юқори ўринга кураша оладиган жамоа эмаслигимизни исботлаб қўйдик"

“Шўртан” клуби про лиганинг навбатдаги турида сафарда “Арал Самали” билан куч синашди. Ғузорликларнинг имконияти юқори баҳоланган баҳсда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Мағлубиятга учраган “Шўртан” бош мураббийи Асрор Алиқулов ўйиндан кейин шундай деди:

“Биринчи навбатда “Арал Самали”ни ғалаба билан табриклайман. Футболчилар иштиёқ эвазига ғалаба қозонишди. Дарвозамиз олдида вазият ярата олишмади. Аммо биргина хатоимиздан кейин пенальтидан гол уришди. Улар ҳимояланишди, вазиятлар яратдик, аммо голгача олиб бора олмадик. Бу биз учун шармандали мағлубият. Бугунги ўйинимиз билан юқорироқ ўринлар учун кураша оладиган жамоа эмаслигимизни исботлаб қўйдик.

Биринчи мақсадимиз бешликка кириш эди. “Арал Самали” жуда қўпол ҳимояланди. Сунъий майдонда футболчиларга тезроқ ўйнашларини уқтирдик. Барибир мағлубиятга сунъий майдонни ҳеч қанақа дахли йўқ. Қайсидир вазиятларда ўйинни назорат қилдик. Аммо иштиёқ катта роль ўйнади. Футболчилар ўзларини ҳам, рақибни ҳам аягани йўқ. Ўзимизнинг ўйинга келсак, биринчи бўлимда ўйинни назорат қилиб турганимиз ҳисобидан “Арал Самали” кучсиздек кўринди. Имконият яратишда тезлик қўша олмадик. Рақиб гол урганидан кейин иштиёқи икки баробарга ошди. Агар биринчи бўлимда Зоиров қулай имкониятдан фойдаланганида балки яна йирик ҳисоб бўлиши ҳам мумкин эди. Ҳамма айб ўзимизда", - деди Алиқулов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!