Асрор Ғофуров: Мени терма жамоага чақирмасликлари тушларимга ҳам кириб чиқади
Ads

Мухлисларимизга Асрор Ғофуров номи у қадар таниш эшитилмаслиги мумкин. Боиси ушбу футболчи гарчи ўзбекистонлик бўлса-да, ҳали ўзимизнинг чемпионатда бирор марта иштирок этмаган. У асосан Туркия чемпионатида фаолият олиб бормоқда. Шу боис ҳамма ишқибозларимиз Ғофуров ҳақида билаверишмайди. Асосан ярим ҳимоя чизиғида тўп сурадиган мазкур ўйинчи билан куни кеча боғланиб, бир қатор ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоблар олдик.

- Ҳозирча ҳаммаси яхши кетмоқда. Мерсин шаҳрининг “Ичелспор” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпман, - дея гап бошлади, футболчи. - Фаолиятим ҳам ўз маромида. Чемпионат давомида 9-турдан сўнг 3-ўриндамиз. Олдинда эса яна 17 та тур бор. Ўтган йилгидек яна чемпион бўлишни хоҳлайман. Бу ерда яратилган шароитлар борасида нолишга ҳаққим йўқ. Жамоада мендан ташқари украиналик легионерлар ҳам тўп суришади.

- Сиз Туркия 4-лигасида тўп суряпсиз-а?

- Ҳа, 4-лигасидаман.

- Билишимча, Туркия анчадан бери фаолиятингизни давом эттириб келяпсиз. Айтинг-чи, шунча йилдан бери у ерда сизни нима ушлаб турибди?

- Қизиқ ва ўйлантирадиган савол. Футболга бўлган севги дейишим мумкин. Бу ердаги мухлислик, шарт-шароитлар, футболдаги ҳақиқатлик туфайли ўзимни чинакам футболчидек ҳис қиламан. Бу ерда инсонлар футболни юрагидек севишади. Одамлар стадионларга чиройли ўйинлар кўрамиз деб келишади. Агар ютқазган тақдиримизда ҳам яна мухлислик қилишда давом этишади, ҳар доим ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаб, далда беришади.

- Лекин сиз асосан Туркиянинг қуйи лигаларида ўйнаб юрибсиз. У ерда легионер сифатида янада юқорироқ лигаларда тўп суришни истамайсизми?

- Бу омадми ёки омадсизликми, бу оддий нарса. Бу ерда 4-лиганинг 1-2- ва 3-лигалардан унчалик фарқи йўқ. Шунингдек, Туркияда 2- ва 3-лигаларда легионерлар тўп суришлари мумкин эмас. Балки шу сабабли ҳам мен 4-лигададирман. Аммо мен ҳам ўз вақтида 1-лигада ўйнаганман.

- Бу билан сиз ўйнаётган 4-лиганинг савиясини у қадар паст эмас, демоқчимисиз?

- Мен ўйнаётган чемпионатни 4-лига деб ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмагани учун кўпчилик савиясини паст деб ўйлашади. Уларни бу фикрлар нотўғрилигига ишонишлари қийин. Ҳаттоки, қариндошларим ҳам бунга ишонишмайди.

- Асрор, Туркияда тўп суриб ўз олдингизга қандай мақсад қўйгансиз?

- Мақсадим Туркиянинг Суперлигасига ўтиб, у ердан Европага кетишни истайман. Мақсадсиз инсон бўлмайди. Бу – футбол ва унда эртага қандай сюрпризлар бўлишини ҳам билмаймиз. Футбол ичида жуда кўплаб ўйинчиларнинг тарихлари бор. Улар аввалига паст лигаларда ўйнаб, кейинчалик кучли клубларда тўп суришган. Мен ҳам умид қиламан ва сабр қиламан. Шу боис доим ўз вақтимни кутаман, имкон бўлиши билан бундан фойдаланаман. Туркияда беш йилдан бери фаолият олиб боряпман. Шу кунгача “Бешиктош”, “Манисаспор”, “Сокеспор”, “Чорлуспор”, “Гебзеспор” ва эндиликда “Ичелспор”даман.

- Маҳаллий турк тилини ҳам аллақачон ўзлаштириб олгандирсиз?

- Ҳа, албатта.

- Беш йиллик фаолиятингиз давомида у ерда сиз учун ёддан чиқмайдиган воқеалар ҳам бўлдими?

- Албатта. “Гебзеспор” билан чемпион бўлдим. Шу билан бирга мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлдим. Бундан ташқари, энг кўп ўйнаган ва тўлиқ 90 дақиқадан тўп сурган футболчига айландим. Бу мен учун энг эсда қоларли йил бўлганди. Менинг энг катта муваффақиятим – озми-кўпми, ўз мухлисларимга эгаман ва мени ҳурмат қилишади, доим қўллаб-қувватлайдилар.

- Аммо сизни Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларига чақиришмаган. Бу сизни ўйлантирадими?

- Ҳаттоки тушларимга ҳам кириб чиқади (кулади). Очиғи, мени нега терма жамоаларга чақирмаслигини билмайман.

- Бугунги кундаги Ўзбекистон чемпионати ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Имкон бўлди дегунча чемпионат ўйинларини кўриб бораман. Ҳозирги пайтга келиб чемпионат анча кучайган. Барча жамоаларнинг савиясида ўсиш бор. Фақат стадионларда мухлисларни янада кўпайтириш керак.

- Сиз учун ўзимизнинг клублардан аниқ таклифлар бўлмаганми?

- Ҳали ҳеч қайси ўзбек клубидан таклиф олмаганман. Ҳаттоки, 5 йилдан бери Туркия чемпионатида тўп суришимни билишмаса ҳам керак.

- Демак, ҳали бери Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз йўқми?

- Ҳозирча йўқ. Чунки Туркияда ишларим чакки эмас. Лекин кун келиб албатта миллий терма жамоамиз формасини терлатаман! Аслини олганда эса ўзимизга қайтиш учун сабаб бўлиш керак. Яъни, жиддий таклиф бўлсагина ўйлаб кўришим мумкин. Ҳозирча эса менинг мақсадим Европанинг бошқа клубларида ҳам тўп суриш ниятим бор.

- У ҳолда айтинг-чи, сизга бошқа чемпионатлардан ҳам таклифлар борми?

- Ҳозирда фақат Туркиянинг ўзидан кўп таклифлар тушади. Бир жамоа сизни легионер сифатида таклиф қилдими, сизга бўлга ҳурмати ва эътибори бошқача бўлади. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши борасида эса гапирмаса ҳам бўлади. Бундай вазиятда ўзингизни бошқача ҳис қиласиз. Барибир у ерда легионер мақомида тўп суришнинг гашти ўзгача.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.