Асрор Ғофуров: "Сурхон" Осиё Чемпионлар лигаси учун курашади

Термизнинг “Сурхон” клуби ҳам янги мавсум учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Эътибор бераётган бўлсангиз, жамоага бир қатор янги футболчилар қўшилди. Шу билан бирга ўтган йилги таркибнинг ўзаги ҳам сақланиб қолинди. Ўтган мавсумнинг биринчи ярмини “Андижон”да ўтказиб, иккинчи даврадан “Сурхон”га қўшилган таянч ярим ҳимоячи Асрор Ғофуров кутилганидек термизликларнинг муҳим ўйинчиларидан бирига айлана олди. Шу сабабли мураббийлар ушбу футболчига жорий чемпионатда ҳам катта ишонч билдиришяпти. Натижада “Сурхон” Асрор Ғофуров билан янги шартнома тузишга муваффақ бўлди. Унинг ўзи ҳам клуб билан шартномасини янгилаганини таъкидлади ва бу мавсумда клуб олдига катта вазифалар қўйилаётгани ҳақидаги гап билан суҳбатни бошлади.

- Ўтган йили “Сурхон” билан мавсум охиригача шартнома тузгандим. Энди клуб билан янги келишувга эришдик, - дея гап бошлади, Ғофуров. - Бизнинг бу йилги ниятларимиз жуда жиддий. Мақсадимиз кучли учталикка кириш. Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси йўлланмасини қўлга киритиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Ўтган йили бу мақсадимиз амалга ошмай қолганди, балки бу йил ҳаммаси биз ўйлагандек кечар, насиб қилса. Бундай нуфузли мусобақада ҳадеб “Бундёкор” ёки “Локомотив” ўйнайверадими, биз ҳам ўйнайлик (кулади). Бир сўз билан айтганда, биз ҳам катта мақсадлар билан йўлга чиқяпмиз. Мана, кўрган бўлсангиз, жамоага янги футболчиларни олдик. Александр Касьян, Жаҳонгир Меҳмонов, Ҳусниддин Ғофуров, Азиз Ибрагимов...Етакчимиз Шавкат Саломов бор, шунингдек, Дарко Станоевич, Владимир Бубаня ва бошқаларни ҳам айтиши мумкин. Умуман айтганда, ниятларимиз катта.

- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, “Сурхон”ни чиндан ҳам кучли учликка киришига қодир деб ўйлайсизми?

- Эсингизда бўлса, ўтган йили ҳам кўпчилик “Сурхон”ни яна про-лигага тушиб кетади ёки бўлмаса аутсайдерлардан бири бўлиб қолади деб ҳисоблашганди. Агар таркибимиздаги футболчиларнинг имкониятларига ва нималарга қодирлигига қарасангиз сиз ҳам чиндан “Сурхон”нинг мақсади жиддийлигига ҳамда вазифасига эриша олиши мумкинлигига ишонасиз. Ўтган мавсумда 5-ўриндаги “Металлург” билан бир хил очко олгандик. Учинчи ўрин учун ҳаракат қилиб кўрсак бўлади. Бунинг учун бизда ҳам имконият бор. Бизда яхши жамоа йиғилди.

гофуров

- Бундан чиқди, клубда рақобат янада кучли бўлибди-да?!

- Ҳа, шундай. Ҳар бир чизиғимизга иккитадан футболчи рақобатлашади. Рақобат бор жойда ўсиш ҳам бўлади. Очиғи, ўтган йили “Сурхон” таркибида бунчалик рақобат йўқ эди.

- Демак, “Сурхон” янги мавсумда сюрприз кўрсатадими?

- Ўйлашимча, шундай.

- “Сурхон” билан яқиндагина янги шартнома имзоладингиз. Нега бу иш кечроқ амалга оширилди? Ёки музокаралар оғир кечдими?

- Ҳамма йигитлар мен билан бир кунда шартномага имзо чекишди. Аслида “Сурхон” билан бир ой олдин келишувга эришгандик. Лекин шартномаларни ПФЛ беради. Улар клубга янги шартномаларни бериши биланоқ унга имзо чекдик. Аслида эса жамоамизнинг йиғини 5 январдан бошланган бўлиб, шундан бери “Сурхон”нинг машғулотларида қатнашиб келяпмиз. Масалан, ўтган йили “Андижон” билан оғзаки келишганимиздан кейин орадан бир ой ўтгачгина шартнома имзолагандик.

гофуров3

- Ўтган йилгидан кўра бу йилги шартнома шартлари ва келишув сиз учун янада қулайроқ бўлдими?

- Худога шукр, ўтган йилгидан кўра анча қулайроқ бўлди. Оилам учун ҳам жуда яхши бўлди. Умуман айтганда, ҳар томонлама қониқарли. Ўзим сурхондарёлик бўлганим сабабли барчаси менга қулай.

- Сизга бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлдими?

- Футбол ичидагилар бир-бирини билишади. Яъни, ким қаерда, қандай шуғулланяпти, кимларни олгани, умуман барчасидан хабардорлар. Менимча, ҳамма мени яна “Сурхон”да қолишимни билишарди. Дастлабки қишки йиғинданоқ жамоа билан бирга бўлдим. Сўраган одамларга ҳам клубда қолишимни айтиб келдим.

- Бунга қадар анча муддат Туркия чемпионатида тўп сургансиз. Шундай экан, у ердан сизга яна қизиқишлар бўлмадими?

- Туркиядан қизиқиш бўлмади. Тўғрисини айтсам, у ердагилар билан алоқамни анча узоқлаштирганман. Бор эътиборимни ўз клубимга қаратганман. Яқинда фарзандлик бўлганман. Шу боис яқин вақт ичида Ўзбекистондан кетиш ҳақида ўйлаётганим йўқ. Агар узоққа кетадиган бўлсам, бу оиламга ҳам қўшимча қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун ҳозирча шу ерда қолганим ҳар томонлама маъқул.

- Яқинда янги мавсум учун қуръа ташланди. “Сурхон” учун қуръа қандай кўриниш олди деб ўйлайсиз?

- Менимча, тақвим биз учун яхши бўлди. Дастлабки тўртта ўйиндан учтасини ўз уйимизда ўйнаймиз. “Бунёдкор”ни қабул қилганимиздан кейин Навоийга бориб “Қизилқум” билан ўйнаймиз. Шундан кейин Қашқадарёнинг иккита жамоаси билан Термизда беллашамиз. Хуллас, тақвим биз учун қулай бўлди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Сурхон
13/02/2020 07:20
Утган йили сунги турларда кетма кет ютказиб,асабни бузган эди. Бу йил умид киламиз, жамоамиз бизни уялтириб куйишмайди
Alisher Kamalov
15/02/2020 02:49
Сурхон бу таркиб билан чемпионатда 7 уринда тугатса керак 75 фоиз кераги йук уйинчилар барчаси Навбахор уйинчилари
Сурхон Барлос
13/02/2020 17:20
Академия кучайтирилса, кейинчалик ёш ажойиб футболчилар фабрикасига айланади қолади....бунинг ортидан ўзини ўзи боқиши мумкин бўлади. Биз эса Дўрмоновлар,Тоировлар, БОЗОРОВлар, Шомуродовлар сингари сулола вакилларига ўхшаш давомчилар етишиб, чиқишидан фақат хурсанд бўламиз.
SHAXBOZ Bekmurodov
13/02/2020 09:34
Surxon jamosi utgan yili yaxshi o‘ynadi uz maydonida qruqlarni yane Lokani yir tishlatdi bu meni juda xursand qildi bu yil ham kuchli o‘yin ko‘rsatib OCHL yo‘llammasiga ega chiqishlariga tilokdoshman, olg‘a Surxon.

Ma'shal Nasaf muhlisi
Илхом Anvarov
12/02/2020 23:48
Асрор факат фанатлар учун у́йнанглар охиригача. Сокани шартномага асосан олгансилар. Халкни ишончи окланглар, бу́лмаса хар аввалгидек "Алпомиш"да у́йнашга ту́гри келади.