
Ассист билан учрашувда бурилиш ясаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
“Рома” Европа лигасидаги юришини давом эттирадиган бўлди. Клаудио Раньери шогирдлари мусобақанинг плей-офф ўтиш учрашувида кучли рақиб – “Порту”га дуч келди.
Сафардаги биринчи беллашувдан римликлар 1:1 ҳисобидаги дуранг билан қайтди. “Олимпико”даги баҳс ҳам қийин бошланди. Мезбонлар 27-дақиқада дарвозабон Свиларнинг хатоси туфайли гол ўтказиб юборди.
Ўйинда бурилишни Элдор Шомуродов ва Пауло Дибала ясади. Легионеримиз аргентиналик юлдузни чиройли комбинация билан дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқарди. Элдордан ассист. Кейинроқ Шомуродовнинг ўзи ҳам гол урганди. Бироқ оффсайд туфайли бу ҳисобга олинмади.
Баҳс 3:2 ҳисобида “Рома” фойдасига ҳал бўлди.
Италия футболини ёритиб келаётган siamolaroma.it сайти “Рома” футболчиларининг ҳаракатларини қуйидаги баҳолади.
Свилар 5.5:
Бельгиялик голкипернинг қўпол хатоси рақибга ҳисобни очиш имконини берди. Кейинчалик “Порту” унинг дарвозасига айтарли хавф солмади.
Челик 6.5:
Турк футболчиси жуда фаол ўйнади ва айни пайтда юқори спорт формасида эканини намойиш қилди. ЧЕлик бирорта қўпол хатога йўл қўймади.
Манчини 6:
Тажрибали ҳимоячи рақибнинг жисмонан бақувват ҳужумчиси Саму Омородионга қарши ўйнашда айнча қийналди.
Ндика 5:
Ивуарлик ҳимоячи жуда бўш ўйнади. У ҳам Омородионга қарши ҳеч нарса қила олмади. Бир вазиятда Саму Ндикадан тўпни олиб қўйиб, дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб кетди. Ндиканинг бахтига тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
Эл-Шаарави 6:
Универсал футболчига айланиб бораётган Стефан бу гал ўнг қанот бўйлаб ўйнади. Анча кўп югуришига тўғри келди.
Коне 7:
Жисмонан бақувватлиги туфайли рақибга қарши самарали ўйнади. Айниқса, тўпларни олиб қўйишда ўзини кўрсатди. Пауло Дибалага голли пас узатди.
Паредес 6:
Аргентиналиу юлдузга барқарорлик етишмаяпти ва доим ҳам яхши спорт формасини сақлай олмаяпти. Қилган фойдали иши рақиб футболчисининг ҳайдалишига сабабчи бўлди.
Пеллегрини 6.5:
Чап қанотда Анжелино билан бирга жуда яхши ўйин кўрсатди. Ҳужумчиларга яхши вазиятлар яратиб беришни уддалади. Иккинчи бўлимда бироз тезлик етишмади.
Анжелино 7:
Испан футболчиси бу баҳсда ҳам ўзининг жамоага керакли эканини кўрсата олди. Николо Пизиллини голли пас билан таъминлади. Айнан мана шу гол туфайли римликлар кейинги босқичга чиқди.
Дибала 8:
Учрашувни ёндирган аргентиналик юлдуз Рим мухлислари қалбини тўлиқ забт этди. Пауло ҳақиқий етакчилигини яна бир карра исботлаб, дубль қайд этди.
Шомуродов 6.5:
Артём Довбик ўрнига бошланғич таркибдан ўрин олган ўзбек футболчиси жасорат ва маҳорат билан ўйнаяпти. Рақиб дарвозаси қаршисида бир неча хавфли вазиятларда иштирок этди. Айнан унинг паси учрашувда бурилиш ясади. Шомуродов билан ажойиб комбинация уюштирган Дибала ҳисобни тенглаштирди. Элдор учрашув давомида жамоадошларига бир неча бор аниқ пас бериш орқали рақиб жарима майдончаси атрофида ўткир вазиятлар яратди.
Суле 6:
78-дақиқада Шомуродовнинг ўрнини эгаллаган Матиас Суле қисқа муддат ўйнаган бўлса-да, жуда ёрқин ҳаракат қилди.
Бальданци 6:
Дибалани ўрнига майдонга тушган Бальданци икки-уч вазиятда подкатлари билан рақиб ҳужумини тўхтатди, прессингда жуда самарали ўйнади.
Ренш 5.5:
Майдонга тушиши билан фаол ҳаракатларга берилиб кетган Ренш ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди.
Пизилли 7:
Захирадан майдонга қўшилган бўлса-да, ғалабага жуда катта ҳисса қўшди. Анжелино узатган тўпни “Порту” дарвозасига жойлади.
Раньери 7:
Клаудио Раньери жамоада ижобий ўзгариш қила олди. Айниқса, мавсумнинг иккинчи ярмида жамоа жуда зўр ўйнаяпти. “Порту”га қарши ўйин қийин ўтишини билган тажрибали мутахассис бу гал ҳам тўғри таркиб танлаш орқали, рақибни ортда қолдирди.
Фикрлар