Ads
 

"Катта дубулға" туркумига кирувчи энг нуфузли тўрт турнирнинг дастлабкиси - Австралия очиқ чемпионатининг асосий тўрида иштирок этадиган теннисчилар рақибларини билиб олди.

Йилнинг дастлабки энг нуфузли мусобақасида қатнашадиган Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчи Денис Истомин илк учрашувини саралашдан муваффақиятли ўтган ракетка устасига қарши ўтказади.

Бизни қизиқтирадиган томони шундаки, ҳамюртимиз агар биринчи ўйинда зафар қучса, кейинги даврада жаҳоннинг иккинчи рақамли теннисчиси сербиялик Новак Жоковичга рўбарў келади. Чунки Новакнинг маҳорати ва тажрибасини инобатга олсак, сербиялик ракетка устаси биринчи раундда испаниялик Фернандо Вердаскони мағлуб этиш имконияти жуда катта.

Денис Истомин ва Новак Жокович Австралия очиқ чемпионатини ғалаба билан бошлаган тақдирда ушбу турнир тарихида учинчи маротаба ўзаро тўқнаш келади. Ҳар икки теннисчи 2010 ва 2014 йиллардаги мусобақада куч синашган.

Умуман олгарда, Денис Новакка қарши беш марта кортга чиққан. Австралиядан ташқари АҚШ, Канада ва Бирлашган Араб Амирликларидаги турнирларда сербиялик теннисчи ҳамюртимизни мағлуб этишни уддалаган.

Балки бу гал Денис Истомин жаҳоннинг энг кучли теннисчиларидан бирининг ғолибона юришларини тўхтатар?! Буни тез кунларда билиб оламиз.

SPORTS.uz