Ads
 

 

Австралиянинг Мельбурн шаҳри мезбонлик қилаётган "Катта дубулға" туркумига кирувчи энг нуфузли тўрт турнирдан дастлабкиси - Австралия очиқ чемпионатининг саралаш мусобақасида ҳамюртимиз Сабина Шарипова асосий тўрга чиқолмади.

Нуфузли турнирнинг дастлабки икки беллашувида Сабина жуда кўп куч сарфлади. Ҳамюртимизнинг россиялик Вероника Кудерметова ва учинчи рақамда сараланган Хитой Тайпейи вакиласи Кай-Чен Чангга қарши ўтказган ўйинлари икки соатдан ошиқ давом этди.

Бу ўйинларда толиқиб қолгани Сабина саралашнинг учинчи босқичида Россия вакиласи Наталья Вихлянцевага қарши баҳсда ўз имконияти даражасида ўйнолмади. Бир соату 16 дақиқа давом этган баҳсда 6:2, 7:5 ҳисобида зафар қучган Наталья Вихлянцева Австралия очиқ чемпионатининг асосий тўрига йўлланма олди.

Сабина Шарипова гарчи асосий тўрга чиқолмаган бўлса-да, шиддатли ўйинлари билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонди.

SPORTS.uz