
"Аутсайдер бўлиб қолмаймиз" - Норбеков Суперлигага қайтди!
Про лигадан Суперлигага йўл олган Муборакнинг “Машъал” клуби кучлилар орасида “йўқолиб” қолмаслик учун ўз имконияти даражасида таркибини кучайтириш устида ишлади. Қишки селекция чоғида бир қатор янги ўйинчилар таклиф қилинди. Уларнинг орасида 31 ёшли Шохназар Норбеков ҳам бор.
Билсангиз керак, у ўтган йилги мавсумни Қозоғистон чемпионатида “Қайсар” таркибида ўтказди. Янги мавсумга ҳам аслида “Қайсар” билан бирга тайёргарлик кўраётганди. Бироқ кейинчалик қозоқ клуби барча легионерлари билан хайрлашишга қарор қилгач, ярим ҳимоячи Норбековни ҳам кетишига тўғри келди.
Футболчи охирги пайтларда фаолиятини четда давом эттириб келди. Қозоғистон, ундан аввал эса Индонезия чемпионатида тўп сурди. Ўзбекистон чемпионатида сўнгги бор 2023 йили ўйнаган ва охирги жамоаси “Турон” эди. Бу йил у яна Суперлигага қайтди. Норбеков “Машъал” билан шартнома имзолади ва муборакликлар шарафини ҳимоя қилади.
- Шохназар, янги мавсумни "Машъал" клубида бошлайдиган бўлдингиз. Бу жамоани танлашингизни асосий сабаби нимада?
- Яхши таклиф билан чиқишди. Жуда кўп дўстларим ҳам шу ерда. Бир-биримизни майдонда жуда яхши тушунамиз. Яна бир жиҳати, кўпроқ ўйин амалиёти берилишини ҳам ҳисобга олдим.
- Қозоғистонда ўтказган бир йиллик фаолиятингиздан кейин футболчи сифатида қандай ўзгаришларни сезяпсиз?
- Қозоғистонда асосан жисмоний футбол. Бу ерда қисқа узатмалар орқали ўйналади. Фарқи шу холос.
- "Машъал" про лигадан Суперлигага чиқди. Жамоа аутсайдер бўлиб қолмаслигига ишончингиз комилми?
- Футболчиларнинг ҳаммаси курашувчан. Барчаси Аллоҳдан. Бор имкониятимизни ишга солиб ҳаракат қиламиз. Аутсайдер бўлиб қолмаймиз.
- Суперлигада жамоалар сони 16 тага оширилди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Жуда зўр. Ўйинлар сони кўпайгани ҳар томонлама яхши ва фойдали.
- Фаолиятингизда бир қанча клубларда тўп сургансиз. Уларнинг орасида "Машъал" сиз учун янги саҳифа очади. Бу сиз учун нимани англатади?
- Билмадиму, аммо қайта ўзимни кўрсатишим керак, шуни аниқ биламан. Бунинг учун “Машъал мураббийлари менга имконият беришяпти. Бунинг учун раҳмат. Бу йил яхши спорт формаси билан қайтишим керак.
Фикрлар