Эссиз, Ҳусановнинг кўз ёшлари: Ўзбекистон муваффақиятсизлигининг учта катта сабаб очилди
Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан деярли маҳрум бўлди. Бунга Португалия миллий жамоасига қарши 0:5 ҳисобидаги йирик мағлубият сабаб бўлди.
Ўзбекистон футболи тарихидаги илк мундиал кутилганидек ўтмаяпти: икки ўйинда жамоа бир гол урди, аммо дарвозасидан саккизта тўп ўтказиб юборди. Жамоа сафида Европа клубларида ўйнаган футболчилар ҳам бор, аммо улар ҳам мусобақа даражасига мос ўйин кўрсата олмаяпти. Асосий юлдуз сифатида кўрилаётган “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Португалияга қарши ўйиндан сўнг кўз ёшларини тийиб тура олмади.
Бундай ҳолат учун унда жиддий сабаблар бор эди. Ўзбекистонлик футболчилар майдонда жуда заиф кўринишди, оддий вазиятларда тўпни йўқотишди, рақибка эса умуман жиддий қаршилик кўрсата олишмади. Терманинг мундиалдаги омадсиз стартига учта асосий омилни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Катта саҳнадаги ҳаяжон
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогида ёмон ўйнамайди, аммо минтақавий мусобақалардаги рақобат даражаси жаҳон чемпионатидаги юксак суръат ва босим билан солиштириб бўлмайди. Жамоа аъзоларининг деярли ҳеч бири етакчи Европа чемпионатларида тўп сурмаган, кўпчилиги эса умуман Яқин Шарқдан ташқарида куч синаб кўрмаган. Шу боис улар учун янги муҳитга мослашиш, катта стадионлар босими ва Колумбия ҳамда Португалия каби рақиблар таклиф этган юқори суръатларга чидаш жуда қийин бўлди.
Кучли стресс шароитида ўзбекистонлик футболчилар тез-тез асоссиз хатоларга йўл қўйишди, техник ноаниқлик жамоани доимий равишда қувиб юрди. Бу айниқса Португалияга қарши баҳсда яққол кўринди: футболчилар тўпни асоссиз йўқотишди, узатмаларда ва позиция танлашда оддий хатоларга йўл қўйишди. Ана шундай хатолардан бири жарима зарбасига сабаб бўлди ва португалияликлар шу вазиятдан иккинчи голни урди. Бошқа хато ва беэътиборликлар эса яна бир неча хавфли эпизодларни келтириб чиқарди.
Умуман олганда, жамоа мусобақага руҳан ҳам, тактик жиҳатдан ҳам етарлича тайёр эмаслиги кўринди. Бунинг учун жавобгарликнинг катта қисми бош мураббийни ҳам ўз ичига олган мураббийлар штаби зиммасига тушади.
Шу ерда иккинчи омилга — мураббий алмашинувига ўтамиз.
Оқибати ўйланмаган мураббий алмашинуви
Вазиятни тўлиқ тушуниш учун сўнгги йиллардаги тарихга назар ташлаш керак. 2021 йилдан бери жамоани словениялик мутахассис Сречко Катанец бошқариб келаётган эди. У қисқа фурсат ичида терма жамоа учун мустаҳкам пойдевор яратди. 2023 йилда Осиё кубогида жамоа чорак финалгача етиб борди ва қитъа миқёсида рақобатлаша олишини намойиш этди. Бироқ 2025 йил қишида Катанец соғлиғидаги жиддий муаммолар туфайли лавозимини тарк этишга мажбур бўлди. У кетган пайтда Ўзбекистон Жаҳон чемпионати саралаш гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турган, яқин таъқибчилардан эса ишончли фарқ билан олдинда эди.
Шундан сўнг жамоани ҳақиқий маҳаллий афсона — Тимур Кападзе қабул қилиб олди. У футболчи сифатида терма жамоа сафида 118 ўйин ўтказган, бу кўрсаткич бўйича тарихда иккинчи ўринда туради. Турли клублар таркибида 12 марта Ўзбекистон чемпиони бўлган. Айнан Кападзе қўл остида миллий жамоа мамлакат тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритди, қолган тўртта саралаш учрашувининг бирортасида мағлубиятга учрамади. Бу ҳақиқатан ҳам чиройли ва мантиқий давом этувчи ҳикоя эди.
Бироқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси мундиалга жамоани машҳур исмга эга хорижлик мутахассис бошлаб бориши керак, деган қарорга келди. Шундан сўнг бош мураббийликка Фабио Каннаваро таклиф этилди. Унинг мураббийлик фаолияти эса бир маъноли эмас: Каннаваро кўп жамоаларни бошқарган, аммо уларнинг аксариятида жиддий ютуқларга эришмаган.
Ҳозирги вазиятга қараб, Каннаваро ҳам яқин вақт ичида лавозимини тарк этиши мумкин, деган фикр тобора кучаймоқда. Шу билан бирга, у қандай натижага эришмасин, унга осон бўлмагани аниқ: жамоа таркиби реал ҳолатда бу турнирда катта мақсадлар учун курашиш имкониятига эга эмас эди.
Қудратли рақиблар ва ресурслар етишмаслиги
Ўзбекистон футболининг энг катта муаммоларидан бири — футболчиларнинг индивидуал маҳорат даражаси ҳали жаҳон элитасига яқин эмаслигида. Терма жамоа аъзоларининг меҳнати ва майдондаги қайратларига ҳурмат билан қаралган ҳолда ҳам, уларнинг ўйин сифати жаҳон чемпионати талабларига тўлиқ жавоб бермаяпти. Жамоа таркибининг бозор қиймати бўйича Ўзбекистон бу мундиалдаги энг арзон термалардан бири ҳисобланади: рейтингда 35-ўринни эгаллаб, аутсайдерлар гуруҳининг бошида турибди.
Одатда арзон таркиб катта ёшли футболчилар билан боғланади. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси мусобақадаги энг қария жамоалардан эмас. Демак, гап асосан футболчиларнинг индивидуал маҳорати ва юқори даражадаги тажрибаси етишмаслигида.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда футболни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда: спорт инфратузилмаси янгиланяпти, замонавий футбол академиялари барпо этиляпти, ёшлар тайёрлаш тизими такомиллаштириляпти. Бу ўзгаришларнинг самараси аллақачон кўрина бошлаган, аммо тезкор натижа кутмаслик керак. Футбол — узоқ муддатли инвестиция, унинг меваси кўпинча йиллар ўтибгина сезилади.
Эҳтимол, ўн йиллардан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси дунёдаги энг кучли жамоалар билан тенгма-тенг кураша оладиган даражага етиб борар. Ҳозирча эса энг асосий вазифа — мундиалнинг гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинни муносиб ўтказиш. Конго Деомкратик Республикаси миллий жамоасига қарши баҳсда футболчилар камида ўз салоҳиятини кўрсатишга, майдонни боши баланд тарк этишга ҳаракат қилишади, деган умид бор.
Беҳруз Каримов Роналду билан бирга мундиал рекордчиси бўлди
Роналду Ўзбекистон билан ўйиндаги "даҳшатли" рекордга қандай муносабат билдирди
Ўзбекистон футболчилари ўйини қандай баллга лойиқ кўрилди?
Шомуродов аламли мағлубиятдан кейин мурожаат йўллади
Ҳусанов ва яна тўрттаси! Ўзбекистон мағлубиятига айбдорлар номи айтилди
Ҳусанов: Юрагим жуда тез ура бошлади! Абдуқодир мундиал ҳақида ўткир гапирди

Фикрлар