"Ахмат" клуби матбуот хизмати: "Навбаҳор"нинг принципиал рақиблари - "Нефтчи" билан "Андижон"

Бугун “Навбаҳор” клуби Туркиянинг Анталия шаҳридаги йиғини давомида навбатдаги ўртоқлик учрашувини ўтказади. Бу сафар Россия премьер-лигасида 13-ўринда бораётган Грознийнинг “Ахмат” клубига қарши майдонга тушади.

“Ахмат” клуби матбуот хизмати бўлажак учрашув олдида “Навбаҳор” клубига тўхталиб, бир қатор маълумотлар бериб ўтган. Унда шундай дейилади:

“21 январь куни “Ахмат” клуби Туркия йиғинидаги иккинчи назорат учрашувини ўтказади. Спарринг-рақиб Ўзбекистоннинг “Навбаҳор” жамоаси.

“Навбаҳор” Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилувчи клуб ҳисобланади. Бу жамоа вилоят марказида жойлашган. Ўзбекистонда “Пахтакор” каби энг яхши клублардан бири. Ўзбекистон чемпионатининг барча мавсумларида мунтазам иштирок этиб келаётган жамоа ҳисобланади. Бу лига 2017 йилгача олий лига деб аталган.

Ўтган йили “Навбаҳор” мамлакат чемпионатида учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалларини қўлга киритган. “Навбаҳор”да жуда катта мухлислар армияси бор. Наманган клубининг деярли ҳар бир уй учрашувида стадион тўлиб-тошади.

“Навбаҳор”нинг принципиал рақиблари Фарғонанинг “Нефтчи” ва қўшни Андижоннинг “Андижон” жамоасини айтиш мумкин. Ушбу клублар Ўзбекистоннинг демографик жиҳатдан қўшни 3 та йирик вилояти - Наманган, Фарғона ва Андижоннинг асосий жамоаларидир. Бу учта вилоят Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги энг унумдор ерлардан ҳисобланади.

Учта вилоят жамоалари ўртасидаги ўйинга қизиқиш жуда кучли. Нафақат мазкур вилоятларда, балки Ўзбекистон бўйича ҳам ушбу дербиларга қизиқиш катта бўлади. Бу клублар ўртасидаги учрашув водий дербиси деб аталади. Собиқ Иттифоқ давридан бери ўзига хос тарихга эга”, - дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!