Азамат Абдураимов уддабурон ташкилотчими ёки мураббий?! Кутилмаган фаворитни кутганмидингиз?

Суперлигадан кейинги ўринда турувчи про-лигада нима гаплар? Шубҳа йўқки, сўнгги йилларда ушбу лига мавқеи ўсди ва бу давом этяпти. Бу аввало нимада намоён бўляпти? Хоҳлаймизми-йўқми, футболнинг оммалашишида матбуот ва медианинг ўрни катта. Ўтган йилдан бошлаб про-лиганинг “Узрепорт” ва “ФутболТВ”да намойиш этилаётгани, қолаверса, ўйинларнинг юқори сифатда эфирга узатилаётгани ҳам барибир ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Шунинг учун про-лигани ҳам Суперлига аудиториясидан қолишмайдиган даражада мухлислар кузатаётганига ишонса бўлади.

Про-лиганинг мавқеи ортаётганининг яна бир сабабларидан бири, бу ерда ишлаётган мураббийлар билан ҳам боғлиқ. Масалан, куни кеча “Янгиер” жамоасида бош мураббий ўзгарди. Элдор Сакаев истеъфога чиқди. Ўрнига ҳаммамиз яхши билган ва танийдиган Азамат Абдураимов тайинланди. Шу ўринда ушбу тайинлов ва мураббий ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтмоқчимиз.

Абдураимовни “Янгиер”да нималар кутяпти?

27 апрель куни 55 ёшни қаршилаган Азамат Биродарович маълум танаффусдан кейин яна катта футболга қайтди. У анчадан бери клуб тизимидан четга чиққанди. Атайлаб шундай қилдими ёки унга муносиб таклифлар бўлмадими, буниси бизга қоронғу. Агар унинг мураббийлик фаолиятига назар ташласак, “Динамо” ва “Андижон”да ишлаганини кўпчилик билса керак. Шунингдек, Ўзбекистон U-23 терма жамоасида ҳам меҳнат қилган. Аввалроқ, “Бунёдкор”да бош директор лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Охирги марта Ўзбекистон U-16 терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаётганини билардик.

Хуллас, Абдураимов ўтмишда таниқли футболчи бўлгану, аммо мураббийликда ҳозирча бирор нима ютгани йўқ. Рости, Абдураимовни мураббийликдан ҳам кўра, кўпроқ уддабурон ташкилотчи сифатида яхши эслаб қолганмиз. Аммо Азамат мураббийликда ҳам ном қозонгиси келади, албатта. Лекин доим ҳам зўр ўйинчидан зўр мураббий чиқавермайди. Тўғри, Абдураимовни бу билан ёмон мураббийга чиқариб қўйишимиз тўғри эмас. Балки ўтган йиллар давомида у билимини ошириб, янада кучли бўлиб қайтгандир. Футболда кўпни кўрган, про-лигада иш бошлагани барибир чемпионатнинг мавқеига ҳам яхши томондан таъсир кўрсатиши кутиляпти. Хўш, уни “Янгиер”да нималар кутяпти? Биз биламизки, “Янгиер” футбол клуби ўзининг тарихига эга. Бироқ кейинчалик у ерда футбол даражаси тушиб кетди, эътибор берилмай қўйилди. Оқибатда клуб фаолиятини ҳам тўхтатган пайтлар бўлди. Мана, охирги йилларда “Янгиер” яна тикланиб, иштирокини давом эттиряпти ва энди чемпионатда кўр-кўрона қатнашиш эмас, балки аниқ мақсад сари курашишни исташяпти. “Янгиер” имиджини ошириш учун Абдураимовдан фойдаланишни кўзлаган бўлса не ажаб. Дарвоқе, у янги жамоасидаги дебютини ғалаба билан бошлади. Сафарда “Арал” билан баҳсда “Янгиер” 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Мураббийнинг олдига қандай вазифа қўйилди, кейинги режалар қанақа бўлади, қолганини вақт кўрсатади.

абдураимов1

Тахминларни оқлаётган Мўминжонов ва “Нефтчи”

Про-лигада ким етакчи, деган саволга бир овоздан “Нефтчи” дейиляпти. Бу ҳақиқат! Ҳозирча кутилган тахминлар ўзини оқлаяпти. Илҳом Мўминжонов жамоаси мавсумни ўз уйида “Олимпик”ка қарши дуранг билан бошлаган бўлса-да, шундан бери рақибларини ўзи истаган ҳисобда мағлуб этиб келяпти. Кеча “Оқ-тепа” дарвозасига жавобсиз еттита гол урди. Мўминжонов мавсум бошида sports.uzга берган интервьюсида бу йил жамоани Суперлигага қайтариш асосий вазифа эканлигини ва шу мақсадда “Нефтчи”га келгани ҳақида айтгани ёдимизда. Натижалар у гапининг устидан чиқаётганини кўрсатяпти. Тўғри, мавсум ҳали давом этади, бироқ жадвалга қарасангиз, фарғоналиклар бошқалардан яққол ажралиб турганини кўрасиз. Таркиб ва ўйин бўйича ҳам “Нефтчи” ўз сўзини айтяпти. Дарвоқе, кейинги турда Мўминжонов жамоаси билан сафарда “Бухоро” меҳмони бўлади.

а_3

Про-лигада кутилмаган фаворит

Про-лигада кутилмаган номзод ва фаворит пайдо бўлди. Мавсум бошида янги ташкил этилган “Олимпик” “Нефтчи”дан кейин иккинчи ўринда боряпти. Тимур Кападзе бошчилигидаги клубдан бундай етакчилик ва ғолибона юришни кутмагандик-а?! Клуб қандай мақсадда ташкил этилганини ҳамма билади, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бош мақсади йўлида шакллантириляпти. Лекин Кападзе ва унинг ёш жамоасида шашт, шижоат ва иштиёқ шунчалик баландки, қиқса вақт ичида ўз мухлисларига эга бўлиб боряпти. Бош мураббий эса қўрқмасдан Суперлига учун курашаётгани ҳақида гапиряпти. Агар “Олимпик” Суперлигага чиқа олмаса, ҳеч ким клуб ва мураббийни айбламайди ёки танқид қилмайди. Муҳими, ёш футболчиларда маҳорат ошиб боради. “Олимпик” ҳеч қандай босимсиз мусобақада иштирок этяпти. Тимур Кападзега мураббийлик салоҳиятини кўрсатиш учун ҳам “Олимпик” унга айни муддао бўлди. Про-лигада бу клубнинг пайдо бўлиши албатта чемпионат мавқеини ҳам, интригасини ҳам кучайтиришга хизмат қиляпти. Қувонарлиси, ёш жамоанинг ёшлари жуда иқтидорли ва уларнинг орасида потенциали юқори саналаган ўйинчилар кўп экан.

Хуллас, турнир жадвалидаги кўриниш шу зайл давом этса, “Нефтчи” 1-ўринни ҳеч кимга бермаслиги аниқ. Ўз-ўзидан 2-ўрин учун кураш ўта жиддий тус олишини тахмин қилаверинг. Бу йўлда “Бухоро”, “Олимпик”, “Динамо” сингари жамоалар астойдил курашишяпти. Уларнинг орасига яна бирор номзод қўшилмаса агар, аниқ қайсидир бири Суперлига йўлланмасини қўлга киритади ва яна бири плей-офф босқичида ўйнайди.

про лига_3

Дарвоқе, про-лига клубларидаги бош мураббийларга эътибор беринг: Илҳом Мўминжонов, Тимур Кападзе, Анвар Бердиев, Ҳаким Фузайлов, Азамат Абдураимов, Александр Ежов, Тимур Турдиев, Асрор Алиқулов, Алишер Шоғуломов...Аксарияти футболчи сифатида ном қозонган, қатор совринларни ютган. Бундан ташқари, про-лигадаги мураббийларнинг аксарияти ёш мутахассислар. Улар ўртасидаги рақобат ҳам анча шиддатли ўтаётгани бор гап. Қолаверса, про-лигада мавсум бошидан бери Даврон Файзиев билан Элдор Сакаев истеъфога чиқарилди. Кейинги навбат кимники?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!