Азар билан «Реал» бир киши кам бўлиб қолмоқда
Эден Азар Мадридга кўчиб ўтгач, бутун умр дунёнинг энг кучли клуби – «Реал»да тўп суриш орзусида бўлганини таъкидлади. Унга ишонч билдиришди. Ҳатто Криштиану Роналдунинг 7-рақами ҳам туҳфа этилди. Орадан бир ой ўтгач, машғулотларда уни ҳеч ким таний олмади. Бельгиялик вингер шу қадар ортиқча вазнга эга эдику, ҳатто мавсум олди тайёргарлик чоғида клуб медиа хизмати Азарнинг расмини фотошоп ёрдамида оммага эълон қилишга мажбур бўлди.
Футболчини «Челси»даги фаолиятидан яхши билган мухлислар Азар учун таътил - «ошқозон байрами» эканлигини таъкидлади ва ҳаммаси тез орада ўрнига тушиб кетишини тахмин қилди. Афсуски, бу сафар Эден ўз формасини тиклай олмади. Оқибатда, мавсумолди машғулотлар чоғида керакли юкламаларни олишга улгурмади. Кейин жароҳатлар cерияси бошланди.
Ачинарлиси шундаки, бу cерия ҳали-ҳамон ўз якунига етгани йўқ. Иш шу қадар чигаллашиб кетдики, ҳатто футболчи яна жароҳат олишдан чўчиб қолди. Қаҳрамонимиз бу қўрқувни енгиб ўтиш учун руҳшуносга мурожаат қилди. Унинг энг яхши руҳшуноси сифатида бемалол Зайниддин Зиданни кўрсатишимиз мумкин. Футболчи ҳар сафар жароҳат олганида ёки омадсиз ўйин кўрсатганида мураббий доимо ишонч билан бир жумлани қайтаверди:
«Эден ўзини анча яхши ҳис этмоқда. Тез орада, у ўз классини намойиш этади.»
Зиданнинг сўзларига қанчалик ишонишга ҳаракат қилманг, бари бефойда. Яқинда Бельгия футболи тарихидаги энг яхши футболчи 30 ёшни қарши олади. Бундан кўриниб турибдики, биз уни «қаймоқранглилар» сафида пик формага чиққанини бошқа кўрмаймиз. Бир ярим йил давомида вингер атиги 30 та ўйин ўтказди. Сермаҳсуллик бобида ҳам ишлар пачава. 3 та гол ва 7 та ассист.
Ушбу статистика ўз ўрнига. Эден бутун бошли «Реал»нинг ўйин схемасига таъсир кўрсатиши кўзда тутилган бўлиб, у қанотдан ҳужум қилувчи асосий кучга айланиши лозим эди. Қоғозда ажойиб трансфер бўлиб кўринган футболчи амалда бефойда ижрочига айланиб бўлди.
Энг қизиғи шундаки, Азар майдонга тушган учрашувларда, мураббий унинг имкониятларидан келиб чиқиб таркиб танлашга мажбур бўлмоқда. 90 дақиқа тўлиқ ҳаракат қилиши ва ўзини эркинроқ ҳис қилиши учун қанотда ва марказдаги футболчилар Азарга яқинроқ тўп суриши лозим. Бу эса, «Реал»нинг ўйинларидаги тезлик ва агрессивликнинг йўқолишига олиб келмоқда. Азар майдонда бўлган учрашувларда, Ферлан Менди кўпроқ ҳимояда бўлиши лозим. Сабаби, Азарнинг тўпни олдириб қўйиши одатий ҳолга айланиб бўлди. Шунингдек, Тони Кроос ҳам имкон қадар Азарга яқинроқ тўп суради. У футболчини ўйиндан узилиб қолмаслиги учун мобилликни таъминлайди. Оқибатда, марказда Лука Модрич ёлғизланиб қолади.
Мураббий сўнгги пайтларда Эденни асосан иккита позицияда майдонга туширмоқда. Улардан бири чап қанот вингери бўлса, иккинчиси ҳужумчи ортидаги ярим ҳимоячи амплуаси. Минг афсуски, бу позицияларнинг бирортасида «Қироллик клуби» футболчиси кутилган эффектни бермаяпти. Очиғи, бирин-кетин омадсизликларга қарамай, Испания нашри у ҳақида негатив мақолалар эълон қилишга шошилмаётган эди. «Атлетик»ка қарши кубок баҳсидаги мағлубиятдан сўнг, футболчи танқидлар ёмғири остида қолиб кетди.
Унинг трансферида асосий ролни ижро этган Зидан ҳали-ҳамон футболчини «Челси»даги даражасини кўрсатишига ишончи комил. Шу боис, ўта муҳим ўйинларда кўпроқ унга ишонч билдирмоқда. Ўтган мавсумда ЕЧЛ плей-оффида «Манчестер Сити» билан тўқнашувни бир эсланг! Зидан учрашувнинг стартида Эденга имконият берган эди. Бельгиялик футболчи эса, ўйиндаги энг ёмон статистикани қайд этгани билангина мухлислар ёдида қолди.Ваҳоланки, Роналдунинг ўрнини эгаллаши кутилган футболчи айнан шундай ўйинларда жамоа жонига оро кириш учун харид қилинган.
Қайсидир маънода, Зидан Азарга суянишга мажбур. Асенсио оғир жароҳат олган, Винисиусда сермаҳсуллик йўқ, Родригога барқарорлик етишмайди. Шунга қарамай, агар Зидан истаса, албатта бошқа футболчи билан бу позицияни беркитиши мумкин. Мисол учун Федерико Вальверде ортиқча муаммосиз асосий таркибга суқилиб киришни уддалади. Агар мураббий Эденнинг иқтидорига ортиқча баҳо бермаса, вазият ойдинлашади. Зайниддиннинг шахсан ўзи танлаган ижрочи бир мавсумда 50 та гол урадиган Роналдунинг ўрнини боса олмаяпти! Боса олмаса ҳам керак.
Яқинда Испаниянинг таниқли радиостанцияси – Cadena COPE Азар борасида фикр билдирди. Унга кўра, Флорентина Перес аллақачон Азардан умид узган. Ёзда жамоа Криштиану сингари оғир вазиятларда қўллаб юборишга қодир топ футболчининг трансферини амалга оширади. Азарга берилган ишонч кредитлари эса, ўз якунига етди.
Я.У
Фикрлар