Азим Аҳмедов Черан билан нега тортишиб кетди? "Пахтакор" футболчисининг голни нишонлаганига қандай жавоб қайтарди? "Навбаҳор" етакчиси билан суҳбат
“Навбаҳор” клуби Ўзбекистон Кубогида ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. “Пахтакор”га қарши оғир учрашувда наманганликлар муҳим ғалабани тантана қилди ва мухлисларини қувонтирди.
“Навбаҳор” сардори ва етакчиси Ахзим Аҳмедов ўз таассуротларини Sports.uz мухбирига билдирди.
- Азимжон, аввало сизни ва “Навбаҳор”ни муҳим ғалаба билан табриклаймиз. Чиндан ҳам жамоа ғалабага муносиб ўйин намойиш этди. Бундай оғир учрашувдан сўнг нималарни айтган бўлардингиз?
- Ғалаба бизга сув ва ҳаводек зарур эди. “Пахтакор”ни анчадан бери ютолмаётгандик. Мухлисларимизни бу сафар хурсанд қилиш ниятида жонимизни бериб, бор кучимиз билан ўйнадик. Ишқибозларимизни қувонтирганимиздан ўзимиз ҳам жуда мамнун бўлдик. Ҳамжиҳатлик эвазига ютдик деб ўйлайман.
- Ўйинда кўрдикки, қизиқ воқеалар ва ҳиссиётларга бой бўлди. Масалан, “Пахтакор” вакили Азмиддинов ҳисобни очганидан кейин голини Макгрегорнинг юришига ўхшаб нишонлади. Аммо учрашув тугаганидан кейин сиз ҳам Макгрегорнинг юришини такрорладингиз. Бу “Пахтакор” футболчисига жавобмиди?
- У гол урганидан кейин бизнинг мухлислар томон келиб шунақа қилиқ қилди. Биз захирада ўтириб, кузатдик ва жахлимиз чиқди. Худо хоҳласа, майдонга тушиб гол урсам албатта унга жавоб қайтараман, деб ният қилгандим. Гарчи гол уролмаган бўлсам-да, биз ютдик. Ўзингиз ҳам биласиз-ку, ўйин пайтида ҳамма нарса бўлади. Ҳиссиётларга бериламиз. Мен ҳам ўйин тугаши билан унга жавоб қилиб қайтариб қўйдим-да.
- Бундан ташқари, Драган Черан билан бир неча бор ўртангизда тортишувли вазиятларни ҳам кўрдик. Нима бўлди, ўзи?
- Черан билан бўлган воқеага келсак, у ўйин бошидан охиригача ҳақорат қилиб юрди. Кейин бир вазиятда мен билан тўп учун кураш бўлганида оёғимга тепди. Натижада у билан тортишиб кетдик. Шундан сўнг охиригача сўкиниб юрди, бир-биримиз билан келишолмай қолдик. Ўйин пайтида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ўйиндан сўнг ҳаммаси тугади. Чунки кейин уни кўрмадим.
- “Навбаҳор” узоқ йиллик танаффусдан кейин ярим финалга чиқди. Асосий рақобатчисини курашдан четга чиқарди. Нима деб ўйлайсиз, энди Кубокни қўлга киритишингларга шубҳангиз қолмадими?
- Ҳар бир учрашув жуда қийин бўлади. Бирорта кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Бу ғалаба билан биз ҳали финалга чиққанимиз йўқ. Яна иккита учрашув бор. Ўша иккала ўйинда ҳам ғалаба қозониб, Наманган халқи учун байрам қилмоқчимиз ва тарихга ёзилмоқчимиз. Мухлисларимизни ва вилоят ҳокимимизни Кубокни ютиш орқали янада хурсанд қилмоқчимиз.
- Ярим финалда сиз кутаётган рақиб борми?
- Ким бўлишидан қатъий назар жонимизни бериб ўйнаймиз. Ўзбекистон Кубогини ютиб олсак бўлди. У ёки бу жамоа тушса яхши бўларди, деган фикрдан йироқман. Ҳамма жамоа кучли.
- “Навбаҳор” чемпионатда ҳам 1-ўринда кетяпти. Кўпчилик наманганликларни Ўзбекистондаги энг кучли жамоа сифатида эътироф эта бошладилар...
- Самвел Бабаян жамоада яхши футболчиларни тўплаган. Мақсадга яраша тажрибали ўйинчилар олиб келинган. Мана шундай ўйин кўрсатишда давом этсак бўлди, мухлисларимизни албатта хурсанд қиламиз.
- Чемпионатнинг охирги турларида “Навбаҳор” дуранг ўйнаб қўйганди. Аммо “Насаф”, “Сўғдиёна”, “Пахтакор” каби жамоалар ҳам очко йўқотиши эвазига жамоангиз яна пешқадам сифатида жойида қолди. Омад ҳам яққол “Навбаҳор”га кулиб боқяпти, дейиш мумкинми?
- Ҳа, омад ҳам биз томонда. Муҳими, Аллоҳ бизга ёрдам беряпти.
- Самвел Бабаян “Навбаҳор”да яхши ишлаётганини натижалар орқали кўрсатяпти. Бу мураббийга қандай таъриф берасиз?
- Биринчи ўринда энг кучли “психолог”. Бундан ташқари, футболчиларга жуда яхши мотивация бера олади. Қолганини чемпионат тугаганидан кейин айтаман.
Фикрлар