Азим Аҳмедов "Локомотив"га қарши ўйин олдидан нималарни айтди?

Ўзбекистон Суперлигасининг 6-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 32 ёшли тажрибали сардори Азимжон Аҳмедов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Жамоамиз Ўзбекистон Кубогида “ўлим гуруҳи”дан жой олганлигига қарамай, гуруҳ баҳсларини муваффақиятли тарзда якунлаб, пешқадам сифатида нимчорак финалга йўл олди. Кубокдаги мазкур муваффақиятли одимимизни Суперлига ўйинларида ҳам давом эттириш ниятидамиз. Бўлажак баҳс ва рақибимиз борасида тўхталадиган бўлсам, “Локомотив” Суперлиганинг жорий мавсум беллашувларини яхши ўтказмоқда ҳамда айни пайтда турнир жадвалининг  юқори поғоналарида бормоқда. Шу боис, “темирйўлчилар” жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилишади.

Таъкидлаганимдек,  биз ҳам бўлажак ўйинда майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, мухлисларга хурсандчилик улашишга ҳаракат қиламиз ва буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан.

Фурсатдан фойдаланиб, жамоамизга барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов ва “Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Арифович Саматовларга футболчилар  номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Худо хоҳласа, жорий мавсум якунида “Навбаҳор” ўз олдига қўйган мақсадига эришади,деган умиддаман, - деди Азимжон Аҳмедов.        

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!