Азимжон Аҳмедов: "Жамоамиз учун энди ҳар бир ўйин финалга тенг"
Ўзбекистон кубогининг чорак финалидан ўрин олган "Навбаҳор" - "Сурхон" ўртасидаги учрашув арафасида "лочинлар"нинг 31 ёшли тажрибали ярим ҳимоячиси Азимжон Аҳмедов бўлажак ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлишди
"Сўзим аввалида барча юртдошларимизни Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан табриклайман ва уларга Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги фаолиятларида омад ёр бўлишини тилайман.
Бўлажак баҳс борасида тўхталадиган бўлсам, жорий мавсумда учта фронтда кураш олиб бораётган ҳамда барча мусобақаларда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган жамоамиз учун энди буёғига ўтказиладиган ҳар бир ўйин финалга тенг. Албатта, Ўзбекистон кубоги баҳслари ҳам бундан мустасно эмас.Сўнгги учрашувларда ижобий натижа қайд эта олмай, мухлисларимизни бироз ранжитиб қўйдик.Шу боис, бўлажак беллашувда ғалаба қозониб, ишқибозларга қувонч улашган ҳолда, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Боиси, таъкидлаганимдек, жорий мавсумда Ўзбекистон кубогини ҳам қўлга киритишни ният қилганмиз ва иншооллоҳ, буни уддалаймиз.
Мухлислардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан.
Эртанги ўйиндан сўнг, ишқибозлар уйларига яхши кайфиятда қайтишлари учун биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз, - деди Аҳмедов.
Фикрлар