"Б" режаси йўқ Славче мудофаа марказини кимларга топширди?
Ўзбекистон чемпиони Эроннинг 3-рақамли клубига қарши ўйинда қандай оғир аҳволга тушиб қолганини кўриб, баҳсни қисқача таҳлил қилдик. Ҳар ҳолда, ОЧЛ бу футболимизга ойна тутишга қодир даражадаги мусобақа.
"Пахтакор"нинг "Навбаҳор" ва "Нефтчи" билан ўтказган оғир учрашувларидан сўнг Славче Войнескига икки бор битта саволни берган эдим. Жамоа Черанга боғланиб қолгани ва бу омил халқаро майдондаги катта ўйинларда панд бериб қўйиши ҳақида сўраганимда, хорижлик мутахассис ҳазиломуз тарзда ғолиб жамоалар муҳокама қилинмайди, деб жавоб берганди. Дарҳақиқат, ўша куни бу ҳақида ўйламаслик керак эди, аммо бугун дўппини қўлга олиб бошқотиргандан нима наф?
Афсуски, "Пахтакор" "Сепахон" билан беллашувда ўзининг яқин ўтмишдаги энг кучли версиясининг соясига айланиб қолди. Бош мураббий ҳисоб 1:1 кўринишига келганда реакция билдиргани йўқ. Таблода 1:2, 1:3 рақамлари ёнгада ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Шунчаки, янги кучларни ташлаб, қанотни ўйинга қўшмоқчи бўлди. Бу ўзгариш тезликни оширди, аммо марказдаги Черанни рақиблар кескин қўриқлаши билан Суперлиганинг амалдаги ғолибининг ҳужум чизиғи ўйиндан узилиб қолди. Айнан шу омил якунда форсларни бемалол ва эркин марказни эгаллаши билан якунланди. 1 голга қадар, қайси футболчидан хавф кутишни билмаган форслар 45 дақиқада Славче Войнескининг режаларини ўқиб, иккинчи бўлимга қайта тайёргарлик билан тушди. Войнески ҳам нимадир ўзгартиришга уринди, аммо унда бундай вазиятлар учун захира режаси йўқлиги панд берди. Месси ва Роналду ҳам панд берган бир пайтда, ёши 34дан ошган Черан ҳар ўйинда "Пахтакор"ни елкасида кўтариб юришига умид қилиш кулгули. Драган ўз йўлига, бугунги ўйиннинг ҳақиқий антиқаҳрамонлари марказий ҳимоячилар бўлди.
Очиғи, "Пахтакор" мавсумга тайёргарликнинг биринчи босиқичида ёши катта марказий ҳимоячиларни қўйиб юборганини эшитиб хурсанд бўлган эдим. Сабаби, "шерлар" доимо ўзбек футболига кучли ижрочиларни етказиб берган. Авлодлар алмашинуви содир бўлса, захирада қолиб чарчаган Марлен Чобанов ёки Шаҳзод Азмиддинов биринчи планга чиқиши, Шерзод Аъзамов билан тандем ҳосил қилишини тахмин қилгандим. Якунда "Пахтакор" иккита ҳимоячини жамоага таклиф этиб, ёшларни (аслида, ёш ҳам деб бўлмайди) иккинчи планда туширди.
Ҳўп майли, "Пахтакор" авлодлар алмашинувини кейинроққа қолдириб, натижага урғу бериш вариантини танлагадир, аммо якундачи? Жамоа икки фронтда ҳам енгилди. Янги футболчиларни кашф этмагани етмаганидек, сифатли ижрочиларни ҳам жалб эта олмади. Бундан "Пахтакор" эмас, кўпроқ Ўзбек футболи ютқазади. Угандага қарши баҳс ёдингиздами? Ўша учрашувда Сречко Катанец ҳимоя чизиғига "Насаф"нинг 4 футболчисини жойлаштирди. Бу унинг қаршиликларга симпатияси сабабли эмас. Шунчаки, бошқа клубларимиз кучли ҳимоячиларни таклиф эта олмагани учун. Ларин-Хаджиев тандемининг даражасини ички биринчиликда кўриб олишнинг имкони бўлмаган эди. Жисмонан бақувват форслар киритган 3 та голга эътибор қаратинг:
1-гол марказий ҳимоячилар жарима майдончаси ичида жой танлашда адашди;
2-гол Камен Хаджиев суньий офсайд ҳосил қилишга улгурмади;
3-гол мудофаа вакиллари вазиятни шунчаки томоша қилди;
Очиғи, бунақанги паст сифатли ўйин кўрсатадиган легионерлардан кўра, "Пахтакор" академиясидаги тажрибасиз бўлса-да, ёшларга ишонч билдириш биз учун фойдалироқ бўлар эди. Майли, улар ҳам шу хатоларни такрорласин, аммо кейинги ўйинда бу хатолардан чиқарилган хулоса уларни кучлироқ бўлишини таъминлайди. Натижада, футболимизда янги марказий ҳимоячилар пайдо бўлган бўлармиди. Ҳар ҳолда, Хаджиев ва Ларин Тошкент клубига ёшларни ўрнини бекордан-бекорга банд қилиш учун таклиф этилмаган-ку!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар
Пахтакор бу Узбекистонда,чет элда хеч кандай кучга эга эмас оддий клуб.....