Бабаян "Қўқон-1912" устидан қозонилган ғалабадан сўнг нималар деди?

Суперлигасининг 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.

- “Навбаҳор” иштирокидаги ўйинлар нафақат бугун стадионга ташриф буюрган мухлислар, балки, бу йилги жамоанинг нималарга қодирлиги  барча  юртимиз мухлисларини қизиқтиради, деб ўйлайман. Шу кунгача 3 та расмий учрашув ўтказган бўлсак, дадил айтишим мумкинки, ўз имкониятларимизнинг 60 фоизидан фойдалана олдик, холос. Олдинда бажариладиган ишлар кўп. Футболчиларга раҳмат айтаман. Йигитлар бугун мухлисларга қувонч улашиш учун бор куч билан ҳаракат қилишди. Натижадан мамнунман. Ҳар бир учрашувда илк дақиқалардан сўнгги сонияларгача ишқибозларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Бугунги ғалабани мухлисларга бағишлаймиз, – деди Самвел Бабаян.

- Кейинги турда “Навбаҳор” “Пахтакор”га қарши сафарда ўйин ўтказади. Дарҳақиқат, рақиб – жиддий жамоа. “Навбаҳор” бўлажак  ўйинда ҳам ғалаба қозона оладими?

- Айни пайтда бизга кейинги рақиб ким бўлишининг аҳамияти йўқ. Принципимизга кўра, ҳар бир  ўйин жамоамиз учун муҳим ҳисобланади.

 Пахтакор ва терма жамоадаги фаолиятингиздан маълумки, турли хорижлик мураббийларнинг фалсафаларидан фойдалангансиз. Бир ҳафтадан сўнг, Наманганга Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ташриф буюради. Катанец билан фикр алмашиш имкониятидан фойдаланишни режалаштиряпсизми?

- Менимча, ўзимизнинг мураббийларни жисмоний ва тактик томондан  ривожлантиришимиз керак. Чунки мураббийларимизнинг салоҳиятлари баланд. Ҳозирда юртимиздаги 40 нафарга яқин мураббийларда Про-лицензияси бор. Хорижлик мураббийлар футболимизга нимадир беришлари керак. 

Шу ўринда, қўқонлик футболчиларни ҳам мақташ жоиз. Гарчи жамоа таркиби  “Қўқон-1912” жамоаси ҳар йили ўзгариб турсада, доимо “чақилмас ёнғоқ” бўлиб келган. Бугун ҳам меҳмонлар максимал тарзда ҳаракат қилишди. Стадионга келган ишқибозларнинг кўзида қувонч кўрдик. Шунинг учун ҳам, керак бўлса, кунига 24 соат, эрталабдан тонггача ишлашимиз зарур.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!