Бабаяндан хафа бўлгани, фаолиятидаги омадсизлик сабаби ва ёши "ўқланган" футболчилар ҳақида Тимур Ҳакимов билан интервью
SPORTS.uz сайти эксклюзив интервьюларни тақдим этишда давом этади. "Гапираман" лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг қаҳрамонларидан бири Тимур Ҳакимов! Ушбу суҳбат давомида футболчи мухлисларни қизиқтирган барча саволларга жавоб бериб ўтди.
Ёшингиз "ўқланган"ми?
- Мен жуда ёшлик пайтимда "Пахтакор" жамоаси академиясига ташриф буюрганман. Футболчи ва мураббийлар кўз ўнгида катта бўлганим боис, ёш борасидаги саволлардан анча четроқ юрдим. Шунга қарамай, ўзбек футболида ёши кичрайтирилган жуда кўп футболчиларни билардим. Бу муаммо нафақат бизда, балки бутун СССР давлатларида учрайди. Бу - касаллик. Футболга жуда катта зарар келтиради. Профессионаллардан фарқли ўлароқ, болалар футболида ёш ўртасидаги фарқ дарров кўзга ташланади. Бу муаммони тўлиқ бартараф этиш учун жуда катта ишни амалга ошириш шарт.
Оилангиз ҳақида маълумот деярли йўқ. Улар ҳам футболга бефарқ эмасми? Улар карьерангиз бундай давом этгани учун кимни асосий айбдор деб ҳисоблайди?
- Онам, бувам ва акам бирга яшаймиз. Улар мени доим қўллаб-қувватлаб келган, аммо ҳеч қачон омадсизликларимда кимнидир айбдор қилишмаган. Шунга қарамай, айб ўзимда эканлигини жуда яхши биламан.
Умрингизни қайта яшаш имкони бўлганида, қайси хатони такрорламаган бўлар эдингиз?
- Бундан аввал ҳам айтганман. Агар ортга қайтиб қолишнинг имкони бўлганида, намоз ўқишни бошлаган бўлар эдим. Ўйлашимча, ибодатни эртароқ бошлаганимда, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетган бўларди. Ҳозир ҳам ҳаммаси яхши, ҳаётимдан розиман.
Ўзингизни поезди ўтиб кетган йўловчидек тасаввур қиласизми?
- Йўқ, менда ҳали имконият бор. Ўз кучимга тўлиқ ишонаман. Ҳаётда позитив инсон бўлганим учун, доимо яхши нарсалар ҳақида ўйлашга интиламан. Ҳозирги футболчиларга эътибор қаратинг. Мен уларни кучли деб ҳисобламайман. Мана бир неча йиллардан бери ёшларимиз ЖЧ йўлланмасини қўлга кирита олмаяпти. Уларни фонида ўзимни даври ўтган футболчи деб ҳисобламайман.
Фаолиятингиз давомидаги энг ёрқин хотира. Яшил майдондаги қайси эпизод ҳали-ҳамон тушларингизга киради?
- Тушимда кўрмаганман-ку, лекин энг ёқтирган эпизодим бор. Тошкентда Осиё чемпионатига чиқиш учун чорак финалда Сурия билан тўқнаш келгандик. Ўйиннинг 87-дақиқасида бошим билан гол киритдим ва биз ЖЧ йўлланмасини қўлга киритдик. "Пахтакор" стадионига йиғилган 25-30 минг одам ўрнидан туриб кетган эди. Буни унутиб бўлмайди.
10 йил аввалги Тимур Ҳакимовни учратиб қолсангиз, унга нима деган бўлар эдингиз?
- Албатта, керакли гапларни айтган бўлардим, бироқ 10 йил аввалги Тимур бу сўзларга парво қилмаган бўлар эди. Ҳамма ўз хатоларидан келиб чиқиб тажриба тўплайди. Ҳозиргача қоқилган барча воқеаларим мени янада кучли бўлишимни таъминлаган. 10 йил аввал Миржалол ака Қосимов мени қаттиқ койиб берган эдилар. Ўзимни йиғиштириб олишим кераклигини, ўзбек футболи келажаги эканлигимни айтганлар. Мен "хўп, хўп" деганим билан, билганимдан қолмаганман.
Фаолиятингизни тиклашга бир неча баробар уриндингиз, бироқ аввалги даражага чиқишнинг имкони бўлмаяпти. Бунга нима тўсқинлик қилмоқда?
- Ҳеч қандай муаммо йўқ, аммо билмадим. Ҳар йили фаолиятимни қайта бошлаяпман, аммо якун ўйлаганимдек бўлмаяпти. Шунга қарамай, аниқ биламан, бир кун албатта "портлайди". Умидимни узганим йўқ. Орада оғир жароҳат олиб, операция столига ётдим. Ўша пайтда ёнимда "Оқ-тепа" клубининг раҳбарлари бўлди. Шу боис, уларни ҳаётдаги устозларим деб ҳисоблайман. Менга мухлислар жуда кўп ижтимоий тармоқлар орқали ёзади. Улар учун ҳам аввалги спорт формамни тикламоқчиман.
Мексикадаги таркиб "олтин авлод"миди?
- Балки омадимиз Мексикада қолиб кетгандир. Мен яна бундай авлод етишиб чиқишига ишонмайман. Бизда жамоавийлик руҳи кучли эди. Майдон ва унинг ташқарисида аҳил эдик. Кейин, кўп жамоаларда тўп тепдим, аммо бир-бирини бундай яхши тушуна оладиган жамоани бошқа кўрмадим. Рус ва ўзбек бола бемалол ҳамма мавзуда суҳбатлаша олар эдик. Чинакам оила бўлганмиз. Ҳозирги авлоднинг ёш мураббийлари бошқа услубда иш олиб бормоқда. Ҳозир болалар футболига бўлган муносабат ўзгариб кетган.
Тўлиқ интервьюни "You Tube"даги расмий саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Фикрлар
Xozir xam imkon bor Temur uchun.
Orqaga qarama- faqat olga qadam boss..