“Манчестер Сити”: Ҳусанов бу ишни қилганда нега бутун стадион “Хууууус!” деб ҳайқиради?
Sports.uz портали “Манчестер Сити” клуби ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов амалдаги шартномасини узайтиргани муносабати ўз расмий сайти орқали эълон қилган материални ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” билан янги беш йиллик шартнома имзолади. Янги келишувга кўра, у клубда 2031 йил ярмигача қолади.
Ҳимоячи 2025 йил январь ойида “Манчестер Сити” сафига қўшилган эди ва Англия футболидаги дастлабки 18 ойини ажойиб тарзда ўтказди. 22 ёшли футболчи ўз ўйинига тобора ишонч ҳосил қилиб, жамоадаги мавқеини мустаҳкамлади ҳамда 2025/2026 йилги мавсумда клубнинг энг ишончли футболчиларидан бирига айланди.
Мавсумнинг иккинчи ярмида у Марк Гехи билан марказий ҳимояда мустаҳкам жуфтлик ҳосил қилди. Ҳусанов Премьер-лиганинг сўнгги 19 учрашувидан 16 тасида майдонга тушди, шунингдек Англия кубоги ва Англия лигаси кубоги финалларидаги муваффақиятларга ҳам муҳим ҳисса қўшди.
Жами 47 та ўйинда майдонга тушган Ҳусанов чаққонлиги ва тўпни олиб қўйиш маҳорати билан Премьер-лиганинг энг ёрқин ёш истеъдодларидан бирига айланди ҳамда “Этиҳод” стадионидаги мухлисларнинг севимлиси бўлиб қолди.
У ҳатто клубнинг 2025/2026 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиси соврини учун уч нафар финалчи қаторидан жой олди ва овоз тўпулашда академия тарбияланувчиси Нико О'Райлидан озгина ортда қолди.
Шу билан бирга, Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқишида ҳам ҳал қилувчи роль ўйнади. Унинг майдондаги ва майдон ташқарисидаги ўсиши энди янги узоқ муддатли шартнома билан муносиб тақдирланди.
“Сити” сафида ёрқин юксалиш
Айтиш мумкинки, 2025 йил январь ойида Манчестерга кўчиб ўтишидан олдин “Манчестер Сити” мухлисларининг аксарияти Абдуқодир Ҳусановни яхши танимас эди.
Ахир у бундан икки йил олдингина Беларусь чемпионатида тўп сурган ва шундан сўнг қисқа фурсатда Англия Премьер-лигасида ўйнаган илк ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирганди. Шу боис ўша пайтда унинг имкониятлари ҳақида кўплаб саволлар мавжуд эди.
Бироқ орадан атиги 18 ой ўтгач, фаолиятининг эндигина бошланишида Ҳусанов ўз профессионализми борасида ҳеч қандай шубҳа қолдирмади.
Олимпиячиларга хос фавқулодда тезлик ва замонавий футболдаги энг кучли ҳужумчилар билан бемалол рақобатлаша оладиган жисмоний қудратга эга Ҳусановнинг Англия футболида муваффақият қозониши учун барча зарур фазилатларга эгалиги дарҳол кўзга ташланди.
Қийин кечган дебютдан кейин у 2024/2025 йилги мавсумда Премьер-лигада яна бешта учрашувда майдонга тушди. Улар орасида “Ньюкасл” ва “Тоттенхэм” устидан қозонилган муҳим ғалабалар ҳам бор эди.
Албатта, у ҳали кўп нарсани ўрганиши керак эди. Айниқса, табиий иқтидоридан қачон ва қандай фойдаланиш масаласида. Бироқ Пеп Гвардиола ҳам, жамоадошлари ҳам унинг меҳнатсеварлиги ва янги билимларни тез ўзлаштириш қобилиятини доим юқори баҳолашди.
“Хууууус!” ҳайқириғи
Ҳусанов ўзининг ҳақиқий салоҳиятини айнан ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида намоён қилди. 2025/2026 йилги мавсум бошида Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол асосий марказий ҳимоячилар жуфтлиги ҳисобланарди. Бироқ иккаласи ҳам бир ўйиннинг ўзида жароҳат олгач, Ҳусанов зиммасига катта масъулият тушди ва у бу синовни муваффақиятли енгиб ўтди.
У Премьер-лигада қолган учрашувларнинг фақат учтасинигина ўтказиб юборди. Шунингдек, Англия кубогида “Ньюкасл”, “Ливерпуль” ва “Челси”га қарши баҳсларда иштирок этди, Лига кубогида эса чорак финалдан тортиб финалгача бир дақиқа ҳам майдонни тарк этмади.
Унинг фавқулодда тезлиги туфайли “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғини анча юқорига кўтарилиб ўйнай оларди. Жамоа тўпни йўқотган пайтда рақиб қарши ҳужумга чиққан тақдирда ҳам, 45-рақамли ҳимоячи ҳар қандай футболчини тезликда ортда қолдиришига ҳамма ишонарди.
Бу ҳолат мавсум давомида қайта-қайта такрорланди ва ҳар сафар “Этиҳод” трибуналарида мухлисларнинг “Хууууус!”, деган ҳайқириқлари янграб турарди.
Қисқа вақт ичида Ҳусанов нафақат маҳаллий мухлисларнинг севимлисига, балки Марказий Осиёдан келадиган меҳмонлар учун ҳам асосий диққат марказига айланди. Ўзбекистонда эса у миллий жамоанинг тарихий жаҳон чемпионати йўлланмасига қўшган ҳиссаси туфайли ҳақиқий қаҳрамон сифатида эътироф этилмоқда.
Гарчи Шимолий Америкадаги Жаҳон чемпионати Ўзбекистон учун эрта якунланган бўлса-да, мамлакат футболи, Абдуқодир Ҳусановнинг шахсий обрўси ва унинг майдондаги тараққиёти бир йўналишда — тобора юксалиб бормоқда.
Тезкор! ФИФАдан Шомуродовга хушхабар келди
Бу ақлга сиғмайдиган нарса! Ҳусановнинг собиқ клубига Англиядан ғалати таклиф келди
Ўзбекистоннинг гуруҳдаги рақиблари маълум бўлди

Фикрлар