Ҳусанов отлан! “Манчестер Сити” Осиёга жўнатадиган футболчилар рўйхати чиқди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

“Манчестер Сити” янги мавсум олдидан Гонконг ва Жанубий Кореяга йўл олишга тайёрланмоқда. Энцо Мареска бош мураббий сифатида иш бошлаган илк ўқув-машҳулот йиғини кутилганидан анча кучли таркиб билан ўтади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда Энцо Мареска сешанба куни жамоа билан бирга Гонконгга учиб кетишини маълум қилди. 

Жаҳон чемпионатига энг кўп футболчи юборган клуб сифатида “Сити”дан бир қатор етакчилар етишмайди, аммо сафардан фақат Англия, Норвегия, Испания ва Франция терма жамоалари аъзолари қолдирилади. Бу рўйхатда Родри, Эрлинг Холанд, Райан Шерки ва янги трансфер Эллиот Андерсон каби юлдузлар бор. 

Шу билан бирга, ўтган мавсум асосий таркибда доимий ўйнаган кўплаб футболчилар Мареска ихтиёрида бўлади. Рубен Диаш, Йошко Гвардиол ва Антуан Семеньо сафда бўлиши кутилмоқда.

Сафардан ташқарида эса клубнинг спорт директори Уго Виана учун жуда муҳим давр бошланади. Тажрибали мутахассис 23 август куни “Борнмут”га қарши бўладиган Премьер-лига стартига қадар бир қатор муҳим масалаларни ҳал этиши керак.

Энг долзарб масала Родри атрофидаги вазиятдир. Унга “Реал Мадрид” жиддий қизиқмоқда ва футболчининг ўзи ҳам “Сантьяго Бернабеу”га кўчиш истагини яширмаяпти. “Сити” унинг шартномасини узайтиришга умид қилган, бироқ эҳтимолий кетиш хавфини ҳам ҳисобга олган ҳолда бир неча муддатдан бери ярим ҳимояга номзодлар излаб келмоқда.

Бу музокаралар Мареска ва жамоа Осиёда бўлган пайтда Мадрид ва Манчестер офислари ўртасида давом этади. 

Бундан ташқари клуб ҳали ҳам ўнг қанот ҳимоячиси ва вингер, шунингдек, ярим ҳимояга қўшимча куч, таркибни тарк этувчилар ўрнини босадиган футболчилар изламоқда.

“Сити” 1 август, шанба куни Гонконгда “Интер”га қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Кейин жамоа Сеулга йўл олиб, 5 август куни K-лига юлдузлари терма жамоаси, 9 август куни эса “Атлетико Мадрид”га қарши майдонга тушади.

Жаҳон чемпионатида қатнашган футболчилар сонини инобатга олганда, “Сити” таркиби Осиё сафарда анча қисқариши кутилган эди. Аммо фақат чорак финал ва ундан кейинги босқичларгача етиб борганларгина тўлиқ дам олади. Қолганлар жамоага қўшилади. Бу бир томондан мусобақадаги натижалар турлича бўлгани билан изоҳланса, иккинчи томондан кўплаб футболчиларнинг эрта чиқиб кетгани ёки умуман чақирилмагани клуб манфаатига хизмат қилмоқда.

Жаҳон чемпионатига бормаган Жанлуижи Доннарумма, Фил Фоден, Нико Гонсалес, Маркус Беттинелли, Рико Льюис ва Савио бошиданоқ Мареска ихтиёрида эди. Энди уларга, камида сафарнинг бир қисмида ёки тўлиқ муддат давомида, Гвардиол, Диаш, Семеньо, Абдуқодир Ҳусанов, Матеус Нуньеш, Тижани Рейндерс, Умар Мармуш ва Райан Айт-Нури қўшилиши кутилмоқда.

Калвин Филлипс ҳам сафар рўйхатига киритилади. У сўнгги йилларда асосий таркибдан чиқиб қолган бўлса-да, Мареска унга яна бир имконият бермоқчи. Жек Грилиш борасида эса қарор кейинроқ қабул қилинади — февралда оёғидан жарроҳлик амалиёти ўтказган ярим ҳимоячи ҳали тўлиқ формага қайтмаган.

Ёз давомида ва янги мавсум бошида эътибор марказида бўладиган асосий номлардан бири — Фил Фоден. 26 ёшли футболчи 2023-24 йилги мавсумда “Сити”ни чемпионликка етаклаб, Профессионал футболчилар убшмаси талқинига кўра йил футболчиси, деб топилган эди. Энди у ўша даражага қайта олишни мақсад қилган. Мареска 2022-23 йилги мавсумда Пеп Гвардиола ёрдамчиси сифатида ишлаганида Фоден билан яқин ҳамкорлик қилган ва жаҳон чемпионатига Англия таркибига кирмай қолганидан кейин ҳам у билан алоқада бўлган.

- Менинг асосий мақсадим — Филни ўзимиз биладиган, энг муҳими, кўришни истайдиган даражасига қайтариш, — деди Мареска матбуот анжуманида. — Энг аввало, унинг ўзи футболдан завқ олиши керак. Шу билан бирга, мен унинг қандай даражада эканини жуда яхши биламан. Фил яхши формада, кайфияти баланд бўлса, биз кўп ўйинларни юта оламиз.

Унга айтдим: менинг бурчим — унга ёрдам бериш, ҳаммамиз кутган даражага қайтариш. У бу клуб тарбияланувчиси, маҳаллий йигитлардан. Мен учун ҳам уни қўллаб-қувватлаш ёқимли. Филнинг ўзи ҳам клуб мухлиси, шунинг учун у яна майдонга қайтиши жуда ёқимли ҳолат, — дея қўшимча қилди мураббий.

Мареска матбуот анжуманида Жек Грилиш ҳақида сўралганда кулумсираб жавоб берди. Бу гаплар айримлар томонидан “Этихад”да обрўси тушиб кетган футболчига нисбатан бир турдаги ишонч ифодаси сифатида талқин қилинди. Манбаларга кўра, Маресканинг ўзи ҳам Грилишнинг Осиё сафарда иштирок этишини истамоқда. Бу эса келаси мавсумда унинг яна асосий таркибга қайтиш эҳтимолини оширади. Бироқ мураббийнинг расмий баёноти унчалик аниқ ишончга тўла эмас эди.

- Ҳозирча у жамоада, — деди италиялик мутахассис. — У “Манчестер Сити” футболчиси. Мен ҳар қандай клубда бир нарсани такрорлайман: агар футболчи клубга тегишли бўлса, уни ўқитиш, ундан фойдаланиш менинг бурчим.

Жек ҳозир бу ерда. Мен у билан клубни тарк этганимдан бери ҳам яхши муносабатдаман. Алоқани узмаганмиз, чунки у катта юракли, жуда яхши йигит. Қолганини вақт кўрсатади, — деди Мареска.

Калвин Филлипс учун эса “Сити” таркибига қайтиш деярли имконсиздек кўринади. У “Вест Хэм Юнайтед”, “Ипсвич Таун” ва “Шеффилд Юнайтед”даги ижара даврларида ҳам ўйинини тиклай олмади. Сўнгги мавсумлар фонида ундан дарҳол юқори натижа кутиш реалликдан йироқ. Мареска унинг келажаги ҳақидаги саволларга жавоб беришга тўғри келади, футболчининг ўзи ҳам 2022 йилда “Лидс Юнайтед”дан келганидан бери нималар юз бергани ҳақида очиқ гапириш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Яна бир муҳим масала — дарвозабон Жеймс Траффорднинг келажаги. Мареска ёзда уни йўқотишга тайёр экандек кўринди. Клуб ҳам бир неча вақтдан бери унинг кетишини кутмоқда, “Лидс Юнайтед”дан жиддий қизиқиш бор. Италиялик мутахассис бу борада анъанавий, аниқликдан қочган жавоб билан чекланди: “Трансфер ойнаси очиқ бўлса — ҳозир ёки қишда — ҳар нарса бўлиши мумкин. Ҳозирча у бизнинг дарвозабонларимиздан бири, қолганини кўрамиз”, — деди у.

Мареска “Сити” ёшлар жамоасида ишлаган пайтда Траффорд билан бирга фаолият юритган, дарвозабон эса унинг тўп назоратига асосланган услубига жуда мос келади. Шу боис, назарий жиҳатдан, унинг “Сити”даги карьерасини қайта қуриш имконияти бор эди.

Аммо трансфер деярли муқаррар кўринади. Жаҳон чемпионатидан кейин таътилда бўлгани учун Траффорд ҳар ҳолда ёзги йиғинда иштирок этмайди. Дарвозада эса Доннарумма асосий биринчи  рақам сифатида ёз давомида, эҳтимол, ундан кейин ҳам қолиши кутилмоқда.

Охирги йилларда “Сити” учун Осиёдаги ёзги йиғинлар доим ҳам осон кечмаган. Коммерция жиҳатдан 2023 йилги Япония ва Жанубий Корея сафари жуда муваффақиятли бўлди: Сеулдаги машғулотни 23 минг томошабин кузатган, умумий даромад эса 20 миллион доллар атрофида бўлган. Бироқ футболчилар уйқу режимини тўғрилашда қийналган, иқлим туфайли машғулотлар ҳам осон кечмаган. Пеп Гвардиола узоқ масофали ёзги сафарлардан, қайси қитъада бўлишидан қатъи назар, катта завқ олмаслигини бир неча бор ишора билан билдирган. 2016 йилда Пекинда “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйин ёмон ҳолатдаги майдон ёмғирдан кейин мутлақо яроқсиз бўлиб қолгани сабаб бекор қилинган эди.

2023 йилда эса вазият бошқача бўлган — ёзда йирик терма жамоа турнири йўқ эди ва “Сити” Осиёга деярли тўлиқ таркиб билан борган. Токио ва Сеулда мухлислар Эрлинг Холанд, Жек Грилиш ва Кевин Де Брёйне каби юлдузларни кўриш учун соатлаб навбатда турган.

Бу сафар манзара бироз ўзгача. Холанд ҳозирги кунда янада катта юлдузга айланган, аммо Осиё сафарда иштирок этмайди. Грилишнинг обрўси пасайган, Де Брёйне эса клубни тарк этган. Шунга қарамай, аввал бошда кутилганидек эмас — асосий таркиб футболчиларининг катта қисми Мареска режаларида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун курашади. Бу эса минтақадаги мухлислар учун ҳам жиддий қизиқиш уйғотади. Жамоанинг янги сафар либоси ҳам шу ҳафта Гонконгда тақдим этилади.

Мареска матбуот анжуманида  Холанд, Родри, Шерки ва Англия терма жамоасига жалб қилинган “Манчестер Сити” футболчилари 16 август куни Кардиффда “Арсенал”га қарши ўтадиган Суперкубок ўйинидан уч-тўрт кун олдин жамоага қўшилишини тасдиқлади. Улар формага кириш бўйича жамоадошларидан бироз орқада қолиши табиий, аммо бу “Сити” учун янгилик эмас.

Гвардиола ҳеч қачон жуда кўп ёзги ўртоқлик ўйинлари ўтказишни ёқтирмаган. У август ойидаги Премьер-лига баҳсларини амалда “ҳақиқий” тайёргарлик босқичи сифатида кўрган, футболчиларни ёзда жуда оғир юкламалар билан қийнаш ўрнига, расмий ўйинлар орқали формага киритишни маъқул кўрган.

Мареска эса одатда ёзги йиғинларда тактик ишга кўпроқ эътибор қаратади. “Челси”да ишлаганида у футболчиларга майдондаги позиция ва ҳаракатланиш бўйича ўз қарашларини аниқ тушунтиришга уринган. Бу жиҳатдан “Сити” футболчилари Гвардиола давридаги тажриба туфайли бу услубга анча ўрганган. Асосий таркибнинг катта қисми Осиё сафарда бўлишини ҳисобга олганда, йирик юлдузлар кейинроқ қайтса-да, жамоанинг ўзаги мавсум бошигача етарлича шаклланиб улгуриши кутилмоқда.

Гвардиоланинг кетгани Ҳусанов фаолиятига қандай таъсир қилади?

Ҳусанов АПЛни қандай ҳайратга солди?

Бу ақлга сиғмайдиган нарса! Ҳусановнинг собиқ клубига Англиядан ғалати таклиф келди

Ўзбекистоннинг гуруҳдаги рақиблари маълум бўлди

Ҳусанов синган оёқ билан майдонга тушганини тан олди

Ўзбекистон терма жамоаси ўйини катта рекорд ўрнатди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!