Баҳодир Аҳмедов: Умид қиламанки, биз ишонч билдираётган йигитлар ўзларини кўрсатишади
Ads

Бугун пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида 1-4 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган футзал бўйича U-20 Осиё чемпионати саралаш босқичидан олдин матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида Эрон, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари бош мураббийлари иштирок этишди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов журналистлар саволларига жавоб берар экан, жумладан, шундай деди: “U-20 Осиё чемпионати саралаши пойтахтимизда ўтказилаётганидан мамнунмиз. Барча иштирокчи терма жамоаларни юртимизда кўриб  турганимиздан жуда хурсандмиз. Ўйлашимча, мусобақа қизиқарли ва курашларга бой тарзда ўтади. Биз мазкур терма жамоага футзалчиларни Тошкентда ёшлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақалар давомида саралаб олдик. Умид қиламанки, биз ишонч билдираётган йигитлар ишончимизни оқлашади. Менга терма жамоада Нодир Элибоев ва Рустам Умаров ёрдам беришади. Биргаликда бир жамоа бўлиб олдимизга қўйган мақсадга эришамиз, деб ишонаман”. 

Шунингдек, қолган терма жамоалар бош мураббийлари ҳам мусобақа ҳақида, унга тайёргарлик жараёнлари тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтишди. 

Абдулраззоқ Момрак (Афғонистон терма жамоаси бош мураббийи): “Тошкентда ташкил этилаётган мазкур мусобақада иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз. Биз мусобақа олдидан Тожикистонда йиғин ташкил қилдик, ўртоқлик ўйинлари ўтказдик. Етарлича тайёргарлик олиб бордик. Энди расмий ўйинларда натижага эришмоқчимиз”. 

Гуванч Канаев (Туркманистон терма жамоаси бош мураббийи): “Барча иштирокчи терма жамоаларга омад тилайман. Бизда бу ёшдаги футзалчилар ўртасида чемпионат йўқ. Шу сабабли биз мусобақалар ташкил этиб, ўзини ҳар томонлама кўрсата олган футзалчиларни саралаб олдик. Осиё чемпионати саралаш баҳсига тайёрмиз, деб айта оламан”. 

Ҳамид Шандизий Муқаддам (Эрон терма жамоаси бош мураббийи): “Биз мазкур мусобақа олдидан Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги Олимпиада баҳсларида иштирок этдик. Ўша ўйинларда жамоамиз асосини анчагина шакллантириб олдик.  Гуруҳдаги рақибларимиз ўзига яраша кучли жамоалар. Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз”. 

Мустафо Афшарий (Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи): “Мен асли Эронданман. Тожкистонда футзални ривожлантириш учун мени таклиф қилишган. Олдимизга қўйилган мақсадга эришиш учун астойидил кураш олиб борамиз. Тўғри, осон бўлмайди, лекин биз курашларга тайёрмиз”. 

Нуржан Жетибаев (Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи): “Менинг фикримча, мусобақа анча қизиқарли ўтади. Барча жамоаларнинг имкониятлари тенг деб ҳисоблайман. 6та терма жамоа, 3та йўлланма мавжуд. Энг муносиблар Осиё чемпионатига боришига ишонаман”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
doni
03/12/2018 19:49
шунча ишларимни ташлаб шуни курибман. Сени жойинг эмас экан. Шармандалар. шармандалар. шариандалар...